Қутқарувчиликка келган Дилшод Нуралиев "Локомотив"нинг мағлубияти, футболчиларнинг хатолари ва таркибда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида нималар деди?

“Локомотив” клубида бош мураббий ўзгартирилгани ҳақида яқинда хабар бергандик. Андрей Фёдоров истеъфога чиқарилгач, Дилшод Нуралиев вақтинча жамоани бошқариб туради. Бунга қадар у “Локомотив”нинг U-21 жамоасига устозлик қилиб келаётганди.

“Қўқон-1912”га қарши ўйиндаги мағлубият ҳақида

Дилшод Нуралиевнинг дебюти “Қўқон-1912” билан ўйинга тўғри келди. Бироқ ўша ўйин арафасида вақтинча бош мураббий, деб эълон қилинган мутахассис жамоаси билан мағлубият аламини татиб кўришга мажбур бўлди. Аслида “Локо” ҳисобни очгач, ғалаба қозониши мумкин эди. Аммо учрашув охирига қадар қўқонликлар иккита гол уришди. “Локомотив” дарвозабони Жавоҳир Илёсовнинг хатолари эса жамоасига қимматга тушди.

нуралиев3

- Мағлубиятда биргина дарвозабонни айблаб бўлмайди, бутун жамоа ютқазди, - дея ўша ўйинни эслади, Нуралиев. - Мағлубиятлар кўпайиб кетгани сабабли ўйинчиларимиз ўзларига бўлган ишончни йўқотиб қўйишган. Ундан олдин АГМК билан учрашувда 1:1 ўйнаб туриб, ўйин охирида иккита гол ўтказиб ютқазишди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳам 90 дақиқага етмай қоляпти ва учрашув давомида чарчаб қолишяпти. Бундай омиллар эса пандемияга ҳам боғлиқ бўлиб қолган. Дам олиш кунлари эса машғулот ўтказилмаган. Демоқчиманки, муваффақиятсизликларга бир эмас, бир нечта омиллар таъсир кўрсатган. Клуб раҳбарияти жамоани менга ишониб топширди. Энди қўлимдан келганича меҳнат қиламан. Ҳеч қачон меҳнатдан қочган инсон эмасман. Афсуски, “Қўқон-1912” билан баҳсда жуда аламли мағлубиятга учрадик. Кечаги ўйинда ихтиёримдаги бор футболчилар билан вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилдим. Барибир хато қилиб қўйдик. Аламлиси, оддий вазиятларда хатога йўл қўйяпмиз. Яна устимизда ишлаш бўйича ўйланяпмиз.

Олдимизда эса иккита кучли ўйин турибди. Жамоадагилар ҳам вазиятни тушуниб туришибди. Клубнинг қаддини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Таркибимиздаги ўйинчилар ўйнашни билишади. Лекин жамоага янги қон қуйиш керак. Лекин вазиятни яхшилаш учун тубдан бурилишни тез фурсат ичида амалга ошириш қийин. “Пахтакор”га жиддий қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бу ёғи Худодан. Жамоани юзимиз ёруғ ҳолатда қийин вазиятдан олиб чиқиб кетишга бор кучимиз билан уринамиз. Иккинчи даврага тайёргарлик учун бироз вақт бўлади. Айни пайтда эса яхшироқ тайёрланиш учун вақт ҳам йўқ. Мана шундай пайтда вазиятни тўғрилаш ҳам қийин. Шунга қарамай, йигитларга минг раҳмат, улар оғир дамда ҳам қўлларидан келганича ҳаракат қилишяпти. Тўғри, хато ҳаммада бўлади, лекин бизнинг қилаётган хатоларимиз оддий ҳолатларда юз беряпти ва бу якунда голга олиб келяпти. Шу камчилигимизнинг олдини олсак, ўйлайманки, натижаларга эриша оламиз. Ҳозир эса футболчиларимизга жуда қийин. Айниқса, руҳий ўрага тушиб қолишган ва бу ҳол оғир бўляпти.

Нуралиев “Локо”ни оғир вазиятдан олиб чиқа оладими?

Темирйўлчиларнинг муваффақиятсизлиги кеча ёки бугун бошлангани йўқ, мавсум бошидан буён шу аҳвол. Дилшод Нуралиевнинг бош мураббийликка тайинланишини эса гўёки “ўт ўчирувчиликка” қиёслаш мумкин. Ростдан ҳам вазият оғир. Бундай шароитда эса Нуралиевга вақтинчалик бўлса ҳам вазиятни ўзгартириш учун жамоани ишониб топширишди. Мураббий эса гапида давом этар экан, шундай деди:

- Буни кўпроқ клуб раҳбарларидан сўраганингиз яхши. Улар менга ишонишди ва бош мураббийликни топширишди. Бунгача ёшлар жамоасида ишлаб тургандим. Айтишим керакки, ёшлар жамоасида аста-секин ўз ўйинимизга эга бўлиб бораётгандик. Раҳбарият менга ишониб жамоани топширишдими, бунга рад жавобини беришга ҳаққим йўқ. Андрей Фёдоров истеъфога чиқарилгач, мендан вақтинча бош мураббий бўлиб ишлаб туришимни таклиф қилишди. Балки бошқа мураббий топишар, буни билмайман. Бу ҳақдаги саволни раҳбариятга бериш керак. Биз эса гўёки аскармиз. Қаерга бориб ишла деса, ўша жойда ишлаймиз. “Локомотив”ни қийин аҳволдан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз.

нуралиев2

Таркибни кучайтириш учун кимларни таклиф қилмоқчи?

“Локо”ни бир қатор етакчилар тарк этишди. Табиийки, бу ҳам клубга ўз таъсирини кўрсатяпти. Чунки йўқотишларнинг ўрни янги футболчилар ёрдамида тўлдирилгани йўқ. Дилшод Нуралиев эса таркибни кучайтирадими?

- Биз кўпроқ иқтидорли ёшларга эътиборни оширамиз. U-21 жамоасидан 3-4 нафар футболчиларни асосий таркибга қўшиб, уларга ҳам ўйин амалиётини тақдим этамиз. Клуб раҳбарларига эса жамоани кучайтириши мумкин бўлган тўрт нафар янги номзодни айтдим. Агар ўша ўйинчилар билан келишувга эришиб, жамоамизга олиб келсак, янада яхши бўларди. Ҳозир эса раҳбарият улар билан музокаралар олиб боришяпти. Лекин ҳозирча уларнинг номларини айта олмайман. Худо хоҳласа, тез кунларда ҳаммаси ойдинлашиб қолади. Насиб қилса, “Локомотив”ни бу ҳолатдан қутқара оламиз, - деди мураббий.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!