Раҳматилла Нуриддинбеков: "Дзюдода ҳам улкан ютуқларни қўлга киритиш ниятидаман"
14 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган, вилоят ҳокими соврини учун миллий кураш бўйича халқаро турнир ўтказилган эди.
Ушбу мусобақада юртимизнинг кучли полвонлари билан бир қторда Индонезия, Тожикистон ва Қозоғистондан ташриф буюрган спортчилар уч вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Шубҳасиз, энг муросасиз баҳслар 73 кг вазн тоифасида бўлиб ўтди десак янглишмаган бўламиз. Айнан, шундай шиддатли кечган ушбу вазн тоифасидаги беллашувларда андижонлик Раҳматилла Нуриддинбековга тенг келадиган рақиб топилмади. У барча рақибларини мағлубиятга учратиб, ҳоким соврини “Spark” автомобилини қўлга киритди.
Биз ушбу полвонимизга турнир таассуротлари ва фаолиятига оид бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.
- Аввало, ғалаба ва автомобил муборак бўлсин!
- Рахмат.
- Бу муваффақиятни қўлга киритиш осон бўлмаганлиги аниқ. Нима дейсиз?
- Шубҳасиз. Чунки, жуда кучли рақибларга дуч келдим. Шундай бўлсада, ғалаба қозона олдим.
- Умуман олганда ушбу турнир ғолибига айланиш йўлида нечта рақиб билан тўқнаш келдингиз?
- Финалга қадар, тўрт нафар яхши савиядаги курашчининг тўсиғидан ўтишимга тўғри келди.
- Одатда, миллий кураш бўйича Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухородан кучли полвонлар етишиб чиқишига ўрганиб қолганмиз... Сиз Андижон миллий кураш мактаби тарбияланувчисимисиз?
- Албатта, Андижон олимпия заҳиралари коллежи тарбияланувчисиман. Лекин мураббийим сурхондарёлик бўлганлиги учун, воҳа томонларда кўп ўқув-машғулот йиғинларига бориб тураман.
- Кураш бўйича бир қатор совринларни қўлга киритганингизни биламиз. Лекин дзюдо мусобақаларида ҳам иштирок этасиз. Бу спорт турида эса, натижалар бироз камтарроқ. Бунга сабаб нимада?
- Дзюдода ҳам бир нечта совринларни қўлга киритганман. Лекин асосий мусобақаларнинг аксарияти миллий кураш билан бир вақтда бўлиб қолади. Ўша учун кўплаб нуфузли турнирларни ўтказиб юбораман. Бироқ, бу спорт турида ҳам яхши натижаларни қайд этиш ниятидаман.
- Барибир спортчини муваффақият қозонишида мураббийдан ташқари ота-онанинг ҳам ўрни катта тўғрими?
- Тўғри, ота-она ва мураббийлар спортчи учун жуда муҳим инсонлар. Мен ҳам ота-онамнинг дуолари, мураббийимнинг салоҳияти ва мехнати туфайли, ушбу даражага етишдим деб ўйлайман.
- Одатда кўплаб спортчиларимиз, бундай ҳолатда автомобил калитини дадасига совға қилади?
- Мен ҳам шундай қилдим. :)
- Ҳозирда кўплаб, яккакураш усталари спортчилик билан бир қаторда фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ҳам олиб бораяпти. Балки, Сизда ҳам шундайдир?
- Йўқ ундай эмас. Ҳозирда, мураббийлик фаолиятимни йўлга қўйганман.
- Миллий кураш бўйича терма жамоа сафидаги фаолиятингиз борасида нима дея оласиз?
- Яратганга шукр, бир неча йиллардан буён терма жамоа сафидаман. Насиб қилса, жаҳон ареналарида ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиламан деган умиддаман.
- Терма жамоа сафидан ўрин олиш учун асосий рақобат кимлар билан кечади?
- Асосан, ўша Самарқанддаги турнирда тўқнаш келган рақибларим билан десам тўғри бўлади.
- Мазмунли суҳбатингиз учун рахмат. Келгуси фаолиятингизда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
- Эътибор учун миннатдорман. Ўйлайманки, Осиё, Жаҳон чемпионатларида ҳам ғалаба қозониб, юртимиз байроғини сарбаланд бўлишига астойдил ҳаракат қиламан.
Аҳмадбек ЭШМАТОВ суҳбатлашди.
Фикрлар