Рақибларни зир қақшатаётган 4 вазнда жаҳон чемпиони Наоя Иноуэ ўзи ким? Унинг фаолиятига чуқурроқ назар ташлаймиз...
Жаҳон профессионал бокс оламида япониялик чарм қўлқоп усталари ўрнига эга. Жумладан, Риота Мурата, Рёсуке Иваса, Косеи Танака, Казуто Лока яна бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Лекин кунчиқар юртда яна бир боксчи вояга етганки, у нафақат Япония, балки бутун дунёни лол қолдиришда давом этмоқда.
Бу япониялик “Монстр” номи билан машҳур, 4 вазнда жаҳон чемпиони Наоя Иноуэдир (25-0, 22KO).
Биз япон боксчисининг ҳозирга қадар, босиб ўтган йўлига назар ташладик...
Наоя Иноуэ 1993 йил 10 апрелда Японияда таваллуд топган. Ёшлигидан боксга қизиқиши баланд бўлган. Унинг мураббийи ва отаси Шинго Иноуэ. Наоя ҳаваскор боксда жуда кўплаб омадсизликларга учрайди.
Унинг энг биринчи катта ютуғи 2009 йилги ёшлар ўртасидаги Япония миллий чемпионатидаги олтин медал эди.
Шундан сўнг, у 2010 йил Теҳронда ўтказилган ёшлар ўртасида Осиё чемпионатини бронза медал билан якунлайди. 2011 йил Индонезияда ўтган президент кубогида олдин медал соҳиби бўлади. У 2011 йил Бакудаги жаҳон чемпионатини биринчи саралашидаёқ Йосвани Вейтияга имкониятни бой берди.
2012 йил Лондон Олимпиадаси йўлламаси учун ўтказилган Осиё-Океания минтақавий турнирда финалгача етиб бориб, қозоғистонлик Биржан Жакубовга мағлуб бўлди.
Унинг ҳаваскор йўналишдаги статистикаси 81 жанг, 75 ғалаба (48таси нокаут билан) 6 мағлубият.
У профессионал фаолиятини 2012 йил бошлайди ва “Ohashi Boxing Gym” билан шартнома имзолайди. Иноуэ промоутери билан ҳеч қачон осон рақиб билан жанг қилмасликка келишди.
Дастабки жангларини 49 кг гача бўлган вазнда ўтказиб, Жерсон Манcио (18-3-3), Рёичи Тагучи (18-1-1), Юки Сано (17-2-4), Буннам Тхаммакхун ( 9-10-0), Крисон Омаяо (16-4-1) каби кучли рақибларни бирин кетин муддатидан олдин мағлубиятга учратди.
2014 йил Наоя 6-жанггида 50,8 кг вазн тоифасида WBC чемпиони Aдриан Хернандесни мағлуб этиб, илк жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритди.
Битта ҳимоя жангидан сўнг, у вазн кўтаришга қарор қилади ва кучли рақиби, 52,1 кгда WBO чемпиони Омар Aндрес Нарваэсни (43-1-2) мағлуб этиш баробарида навбатдаги вазннинг чемпионлик камарига эга чиқди.
У ушбу камарни 7 бора ҳимоя қилиб, барча рақибларини мағлуб этишга муваффақ бўлди. Энди Иноуэ 53.5 кг вазнда WBA Regular камари учун "овга чиқади". Рақиб Жамие МcДоннелл (20-1-0) қаҳрамонимизга 1 раунд ҳам дош бера олмайди.
Ушбу ғалабадан кейин Иноуэ Муҳаммад Али кубоги учун WBSS супер сериясида иштирок этишни мақсад қилди ва чорак финални 2018 йил 7 ноябрда Хуан Карло Паянога (20-1, 9 КО) қарши ўтказди. Яна авалги жангдаги ҳолат 1-раундда 70 сония ва нокаутли ғалаба!
Ярим финални 2019 йил 18 майда Шотландиянинг Глазго шаҳрида Эммануель Родригес (19-0, 12 КО) га қарши ўтказди. Бу вазнда WBO чемпиони Золани Тете ярим финалда мусобақани тарк этгани сабабли, ушбу жангга “The Ring “чемпионлик камари ҳам тикилди. Жанг 2 раунд давом этди. Родригес 3 маротаба рингга қулайди ва нокаут... Иноуэ WBA чемпиони!
2019 йил 7 октябрда WBSS'даги финалида Нонито Донейрга қарши анчагина шиддатли кечган баҳсда Иноуэ очколар ҳисобида ғалабани қўлга киритди ва IBF камарини ҳам ўзиники қилиб олди.
Шундан сўнг Наоя “Top Rank” промоутерлик компанияси мижозига айланди.
Кейинги жангларида Жейсон Мелони, Майкл Дасмаринас, Аран Дипен каби рақибларни 12 раундга олиб бормай ер тишладти. Энди Иноуэ 53,5 кгда мутлақ жаҳон чемпиони бўлишни жиддий мақсад қилади. 2022 йилга келиб, бу йўлда у ўша пайтда WBC камарига эга бўлган ўзининг эски рақиби Нонито Донейрни 2-раундда, кейин эса WBО чемпиони Пол Батлерни 11-раундда мағлуб этган ҳолда мутлақ жаҳон чемпиони номига сазовор бўлди.
Япониялик "Монстр" шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Эндиги қадам яна бир юқори вазн, биринчи ярим енгил (55,3 кг) вазнда ҳам барча камарларга эга чиқиш эди. 2023 йил 18 январь куни у ушбу дивизионда WBC ва WBО камарлари эгаси Стивен Фултон билан музокараларга киришгани ошкор қилинди. Даставвал, улар ўртасидаги баҳс 7 май куни бўлиши режалаштирилган эди. Аммо Иноуэ машғулотлар давомида жароҳат олгани боис, баҳс 25 июлга қайта белгиланади. Ушбу тўқнашувга Япониянинг “Ariake Arena” спорт саройи мезбонлик қилди. Жангда Иноуэ 8-раундда техник нокаут эвазига ғалабани қўлга киритди ва ўзи учун 4-вазн тоифасида ҳам чемпионлик камарларига эга бўлди.
Унинг эндиги мақсади WBА ва IBF камарлари эгаси Марлон Тапалес билан жанг қилиш ва бу вазнда ҳам мутлақ чемпионликни қўлга киритиш. Ушбу баҳс бўйича режалар тузилиши алла қачон бошлаб юборилган.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, аслида бу камарлар ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиевга тегишли эди ва уни ҳимоя жангида Тапалесга бой берди. Акc ҳолда бугун Иноуэ ва Аҳмадалиев жанги ҳақида гапираётган бўлар эдик...
Наоя Иноуэ ҳозирда The Ring журнали P4P рейтингида 2-ўринни эгаллаб турибди. У ушбу рейтинг янгиланганидан сўнг, катта эҳтимол билан пешқадамга айланади.
Жалол Ахмедов тайёрлади
Фикрлар