Рашид Ғофуров: Мағлубиятга учраётган эмас, балки ғалаба қозонаётган жамоа ўйинчилари кўпроқ кўзга кўринади"
Про-лиганинг 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор-фарм” – “Ғиждувон” (4:0) учрашувидан сўнг, фарм мезбон жамоа устози Рашиджон Ғофуров ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. У одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Учрашув кутилганидек, қизғин ва шиддатли курашлар остида кечди. Олдин ҳам таъкидлаганимдек, жамоага фақатгина ғалаба етишмаётганди, холос. Бугунги ўйинда ҳам мақсадимиз, биринчи бўлиб гол уриш эди ҳамда буни уддаладик. Киритилган тўпдан руҳланган йигитлар эса ишончли ғалабани қўлга киритишди. Иккинчи бўлимда майдонга янги кучларни туширдик ва улар ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, ўйинни кучайтиришга муваффақ бўлишди. Бундан жуда хурсандман.
- Шу пайтгача жамоага зафар қучиш учун сизнинг захира ўриндиғида бўлмаганлигингиз ҳам таъсир қилганмиди?
- Йўқ, мен бундай фикрда эмасман. Боиси, жамоамиз мураббийлар штабидан маҳоратли мутахассислар ўрин олишган. Айтганимдек, бизга биттагина ғалаба етишмаётган эди, холос. Ўтган турда “Қўқон-1912” жамоасига қарши кечган ўйиндаги натижа ғалабага тенг дуранг бўлди. Ўша ўйиндан руҳланган шогирдларим мана бугун зафар қучишга муваффақ бўлишди. Энди про лигада ҳам ўз ўрнимиз борлигини кейинги баҳсларда ҳам исботлашга интиламиз.
- Ғалабали одим кейинги ўйинларда ҳам давом этади, деган умиддамиз...
- Албатта, ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, керакли очколарни жамғаришга ҳаракат қиламиз.
- Жорий мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига қандай вазифа қўйилган?
- Мақсадимиз, битта, яъни, “Навбаҳор”нинг асосий таркибига маҳоратли футболчиларни етказиб бериш. Жамоамизнинг олдига чемпион бўлиш ёки бешликка кириш вазифаси қўйилмаган. Шундай бўлса-да, керакли очколарни йиғишга интиламиз. Боиси, мағлубиятга учраётган эмас, балки ғалаба қозонаётган жамоа ўйинчилари кўпроқ кўзга кўринади. Ушбу омилларни ҳам инобатга оламиз, албатта.
- Бугунги ўйинда захирадан майдонга туширилган футболчилар ўзларини намойиш этишди. Иброҳим Ғанихонов эса ўз имконияти даражасида ўйнай олмади. Бунга қандай изоҳ берасиз?
- Таъкидлаш жоизки, Иброҳим Ғанихонов номинал ҳужумчи эмас. У ўнг ва чап қанотларда ўйнайдиган ярим ҳимоячи. Унинг бироз толиққанлигини ҳисобга олиб, қанотларга янги кучларни тушириб, уни олдинга чизиққа ўтказдик. Жамоамизда 25 нафар футболчи бор ва Худога шукр, захира ўриндиғидан ҳам анча маҳоратли футболчилар ўрин олишган. Кимдир жароҳат олса ёки дисквалификацияга учраса, сафимизда уларнинг ўринларини боса оладиган ўйинчилар бор. Шунинг учун қўрқмай, уларни асосий таркиб футболчилари, дея оламан. Чунки уларнинг барчаси ўз ўрнига эга. Масалан, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев ҳозирча гол урмаган бўлса-да, рақиб ҳимоячиларига ташвиш туғдира олади. Бундан эса жамоадошлари самарали фойдаланишмоқда. Бизга кимнинг гол уриши эмас, ғалаба қозониш муҳим. Ҳусайн Эргашбоев бугун майдонга тушиб, “дубл”га эришди. Майдонда кўп ёки оз ўйнаган эмас, балки, ўзининг вазифасини сидқидилдан бажарган футболчилар профессионал ҳисобланишади.
“Навбаҳор” матбуот хизмати.
Фикрлар