Расман: Ҳасанбой Дўсматов - жаҳоннинг энг яхши боксчиси!
Ads

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизматидан хабар беришилишича,XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган истеъдодли боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) томонидан "Йилнинг энг яхши боксчиси" соврини билан тақдирланди.

Яқинда, Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси томонидан йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровномада Ҳасанбой Дўсматов энг кўп овоз тўплабди ва кубалик Робейси Рамирес ҳамда қозоғистонлик Дониёр Елеусиновни катта фарқ билан ортда қолдирди.

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси Ижроия қўмитаси йиғилиши ва AIBAнинг 70 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда Ҳасанбой Дўсматовга 2016 йил якунларига кўра, "Йилнинг энг яхши боксчиси" соврини топширилди.

Ҳа, 2016 йилги спорт мавсуми Ҳасанбой учун жуда омадли келди. У Бразилиянинг Рио де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича вазни 49 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда олтин медални қўлга киритди ва ўзбек боксчилари орасида биринчи бўлиб, “Рио – 2016” олимпиадасининг энг яхши боксчиси сифатида Вэл Баркер кубоги билан тақдирланди.

Ҳасанбойнинг бундай улкан натижаларни қўлга киритаётгани мамлакатимизда ёшлар ўртасида Олимпия спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор самарасидир. 

AIBA ижроия қўмитаси аъзоси, Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Ташматов AIBA WSB йўналиши бўйича йилнинг энг яхши жамоа мукофотини " Cuba Domadores" га топширди. Эслатиб ўтамиз WSB йўналишининг VI мавсуми финали  Тошкентда 2016 йил 4 июнь куни бўлиб ўтган. Унда "Cuba Domadores" жамоаси "British lionhearts" жамоаси устидан ғалаба қозониб чемпион бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз! Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида ўтказилган Осиё бокс конфедерацияси Ижроия қўмитасининг йиғилишида Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Тошматов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди ва Ижроия қўмитаси аъзолигига ҳам қабул қилинган эди.

Ушбу материалдан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!