Равшан Ҳайдаров "Навбаҳор"га қарши ўйиндан сўнг нималар деди?

Coca Cola Суперлиганинг 10-туридан ўрин олган “Сурхон” – “Навбаҳор” (1:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Сурхон” бош мураббийи Равшан Ҳайдаров иштирок этди. Бу ҳақда "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати хабар берди.

- Бугунги ўйин қизиқарли тарзда кечди. Биринчи бўлимнинг 15-20 дақиқаси “Навбаҳор”нинг устунлигида ўтди, кейин эса шогирдларим ўзларига келиб, ўз ўйинларини кўрсатишни бошлашди.

Иккинчи бўлимда умуман бошқача футбол бўлди. Ўйлайманки, бугун 3 очкога лойиқ ўйин кўрсатдик. Омадсизлик туфайли дуранг қайд этдик. Хатолардан хулоса қилиб, кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Дастлабки 20 дақиқа маҳалла футболига ўхшаб кетгани рост. Бунга пандемия сабабли, юзага келган катта танаффус, кейин ҳимояда етакчи футболчиларимиз йўқлиги сабаб бўлди. Менимча, Дарко Станоевич бўлганида йигитлар ўйинни хотиржам тарзда ўтказишарди.

Тўғри, ўйин охирида футболчиларда толиқиш бўлди. Захирамиз узун эмас, жароҳат олганлар бор. Ёш футболчиларни майдонга туширишга ҳайиқдим. Режа бўйича кетма-кет ўйинларга тайёр бўлишимиз керак. Жароҳат олган футболчилар сафга қайтишларини кутамиз. Афсуски, Александр Касьян тўртинчи сариқ карточкасини олди ва кейинги баҳсда бизга ёрдам бера олмайди.

“Сурхон”да тажрибали футболчилар кўпми? Биласиз, мен жамоага мавсум ярмида келдим, футболчилар менга қадар клубга келишган. Вазифам таркибдаги шу бор футболчилар билан натижа кўрсатиш, - деди Ҳайдаров.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!