Равшан Ҳайдаров: "Ўйин қийин бўлишини билардик. Лекин назорат бизда эди..."

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги гуруҳ босқич 1-туридан ўрин олган Ўзбекистон - Сурия учрашувида вакилларимиз 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Авваломбор, ассалому алайкум! Футбол байрамига чиройли ғалаба бўлди. Табриклайман! Мухлислар стадионни тўлдириб, муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришди.

Ўйин қийин бўлишини билардик. Лекин назорат бизда эди. Ғалаба адолатли натижа бўлди, дея оламан.

Ўйин бошида босим ва ҳаяжонни ҳис қилди йигитлар. Бу табиий ҳолат эди. 

Ҳужумни якунлашда қийинчиликка дуч келдик. Уларда совуққонлик етишмади, шунингдек, озроқ шошилинч қарорлар ҳам бизга салбий таъсир қилди. 

Ўйлайманки, футболчиларимиз ўйиндан ўйинга кучайиб боради. Биз бундан умидвормиз ва ҳаммаси яхши давом этишига ишонамиз. 

Умаралида ҳаяжон сезилди. У жамоа сардори сифатида маъсулиятни кўпроқ бўйнига олмоқчи бўлди ва бир қанча хатоларга йўл қўйди. Аммо фақат унда эмас, барча футболчилар озроқ босим остида ҳаракат қилди. Яккакурашларда рақиб кучли экани кўриниб турибди.  

Аббос жисмонан тайёр. У 2-3 кун ўзини ноқулай ҳис қилаётганди. Учрашув охирида уни алмаштириш режамда бор эди. Бу жароҳат сабаб қилинди, дея олмайман. 

Файзуллаевнинг ўрнини боса оладиган йигитлар захирада топилади. Шунчаки, уни ўзгартириш вақти келганди ва мен шундай қарор қабул қилдим.

Иккала сариқ карточка олинган вазият ҳам иштиёқнинг кучлилиги эвазига ишлаб олинди. Бу карточкалар керак эмас эди, тўғри. Биз учун ушбу ҳолат яхши эмас. Қанча кам карточка олинса, жамоа учун шунча фойда бўлади. 

Кейинги баҳсга тайёргарлик кўришни ҳозирдан бошлаймиз. Ўтган ўйинимизни таҳлил қилиб чиқамиз ва жисмонан иложи борича тезроқ тикланишга ҳаракат қиламиз. Бугун энг муҳими - 3 очко қўлга киритганимиз бўлди", - деди мутахассис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!