Равшан Ирматов: "Умид қиламан, яхши тайёргарлик кўриб, гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаймиз"
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов қуръа ташлаш маросимидан сўнг ўз фикрларини билдирди.
"Жуда ҳаяжонли қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Бизга Португалия, Колумбия ва Конго/ Ямайка / Янги Каледония билан бир гуруҳдан жой олдик. Албатта, Жаҳон чемпионати бу биз учун биринчи тажриба ҳисобланади. Ишонамизки, жамоамиз яхши тайёргарлик қилиб, халқимизни хурсанд қилган ҳолда, чиройли ўйин кўрсатишади ва кейинги босқичга чиқиш вазифасини уддалаймиз. Шунингдек, мундиалдаги кўплаб баҳслар бир-биридан қизиқ бўлади, осон ўйинлар ҳеч қачон бўлмайди. Шу боис, бўлажак турнирга пухта тайёргарлик кўришимиз керак. Энг муҳими мухлисларимиз мана шу Жаҳон чемпионатидан завқланиб, бутун умрга эсда қоладиган биринчи иштирок бўлади", - дея айтиб ўтди Равшан Ирматов.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июнь куни старт олиб, 19 июль куни ўз ниҳоясига етади.



Фикрлар