“Реал” ФИФАнинг энг яхши мураббийи билан музокара ўтказди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Мадриднинг “Реал” клуби келаси мавсум учун янги мураббий излашни бошлади ва Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалони билан алоқага чиқди.

Амалдаги бош мураббий Альваро Арбелоанинг “Қироллик клуби”даги келажаги жиддий сўроқ остида қолмоқда. Шу фонда Испания гранди раҳбарияти янги бош мураббий вариантларини фаол кўриб чиқмоқда.

Журналист Маноло Лама El Partidazo de COPE дастурида шундай деди:

“Мен ишонч билан айта оламанки, “Реал” Скалони билан боғланган. “Реал” кўплаб мураббийларни ўрганмоқда, аммо битта нарса аниқ – “Қироллик клуби” Скалони билан алоқа қилди”.

Скалони Аргентина миллий жамоасини 2018 йил августидан бери бошқариб келмоқда. Айнан унинг қўл остида саккиз карра “Олтин тўп” соҳиби Лионель Месси ва Аргентина термаси сўнгги йиллардаги асосий муваффақиятларга эришди.

Аргентиналиклар 2022 йил Қатарда жаҳон чемпиони бўлишди, шунингдек 2021 ва 2024 йилларда икки бор Америка кубогини қўлга киритишди.

Қайд этилишича, Скалони 2022 йил якунларига кўра, ФИФА томонидан дунёнинг энг яхши мураббийи, деб топилган.

“Реал” жорий мавсумни баск мутахассиси Хаби Алонсо бошчилигида бошлаган, аммо у январь ойида ишдан бўшатилган. Ўша ойнинг 12-санасида унинг ўрнини Мадрид клуби ёшлар жамоаси собиқ мураббийи Альваро Арбелоа эгаллаганди. ОАВ хабарларига кўра, у раҳбарият ишончини қозона олмаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!