“Реал” футболчиси бор айбни ўз бўйнига олди

Испания чемпионатининг 25-туридан ўрин олган учрашувда Ла Лига пешқадамига айланган “Реал” футболчилари Памплонада “Осасуна” жамоасига 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Энди чемпионлик курашида мадридликларни таъқиб қилиб келаётган “Барселона” бўлажак учрашувда ғалаба қозонса, мусобақа жадвалида “Реал”дан яна ўзиб кетиш имкониятига эга.

Таъкидлаш жоизки, “Осасуна” ғалаба тўпини 90-дақиқада киритди. Голли ҳужум “Реал” ярим ҳимоячиси Даниэль Себальосни тўп узатишдаги хатосидан кейин ташкил этилди.

Баҳсдан кейин Себальос хатоси учун мухлисларга мурожаат қилиб, мағлубият учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

- Мен мағлубият учун жавобгарликни ўз зиммамга оламан, - деб ёзди Себальос ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Жорий мавсумда испаниялик ярим ҳимоячи барча мусобақаларда 22 та ўйинда иштирок этди ва ҳеч қандай самарали ҳаракат қайд этмади. Футболчининг клуб билан меҳнат шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади.

Transfermarkt портали маълумотига кўра, Себальоснинг бугунги кундаги трансфер бозоридаги қиймати 8 миллион еврони ташкил этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!