“Реал” футболчиси фаолиятини А серия гранди сафида давом эттириши мумкин
"Милан" ярим ҳимоячи Марко Асенсио бўйича "Реал"га таклиф билан чиқди.
“Defensa Central” нашри хабарига кўра, мадридликлар футболчини 30 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёрлигини билдирган, "Милан" эса испаниялик учун 25 миллион евро тўламоқчи эканлигини маълум қилган. “Қироллик клуби” Марко учун муносиб таклиф тушган тақдирдагина музокараларга киришишини маълум қилган.
Аввалроқ, 26 ёшли футболчига "Арсенал", "Челси" ва "Ливерпуль" клублари ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилганди. Футболчи ўзи ҳам жамоасини ўзгартиришга қарши эмас.
2021/22 йилги мавсумда Асенсио “Реал”нинг барча мусобақалар доирасидаги 42 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол ва 2 та голли узатма муаллифига айланган. “Transfermarkt” портали футболчини 40 миллион еврога баҳоламоқда, унинг клуб билан шартномаси 2023 йилнинг июнь ойи охиригача амал қилади.
Фикрлар