"Реал" Ла Лига хўжайинини истеъфога чиқармоқчи
«Ла Лига» президенти Хавьер Тебас «Реал» клуби ўз ҳаракатлари орқали ҳакамларга босим ўтказаётгани ҳақида баёнот берди. Бу иддаолардан сўнг Мадрид клуби расмий равишда жавоб қайтарди.
«Биз клуб сифатида «Ла Лига» президенти ўз хизмат ваколатларидан фойдаланиб, ҳар бир чиқишида «Реал»ни камситиш ва ҳужум қилишни давом эттираётганини мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат, деб ҳисоблаймиз. Энг ташвишли жиҳати шундаки, барча «Ла Лига» клубларининг манфаатларини ифода этиши ва ҳимоя қилиши керак бўлган шахс доимий равишда айнан «Реал»га нисбатан ўта ошкора қизиқиш ва кескин танқид намоён этмоқда, клубимизни ўзининг оммавий ҳужумлари учун доимий нишонга айлантирмоқда», — дейилади клуб баёнотида.
Баёнотнинг давомида «Реал» Хавьер Тебаснинг ҳаракатларини лавозимига номуносиб деб баҳолади. Мадрид клуби фикрича, «Ла Лига»га бошқа президент керак.
«Биз Испания футболига зудлик билан уни бошқара оладиган, унинг салоҳиятини тўлиқ очиб берадиган ва энг оддий бетарафлик тамойилига амал қиладиган раҳбар зарур, деб ҳисоблаймиз», — дейилади «Реал» мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, «Атлетико»га қарши ўйинда (1:2) мағлубиятдан сўнг «Реал» ҳакамлик сифати ва қарорларидан норозилик билдирган эди.

Фикрлар