“Реал”га 19 ёшли футболчи 230 миллион еврога тушди
Мадриднинг “Реал” клуби ивуарлик футболчи Ян Диоманде трансфери учун маош ва солиқларни ҳам ҳисобга олганда, умумий ҳисобда тахминан 230 миллион евро сарфлайди.
Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар берди.
Футболчининг бевосита трансфери 130 миллион еврога баҳоланмоқда: мадридликлар шундан 105 миллион еврони кафолатланган сумма сифатида, қолганини бонуслар кўринишида тўлайди.
Диоманденинг “Реал” билан шартномаси етти мавсумга – 2033 йил 30 июнигача мўлжалланган.
Футболчининг йиллик маоши солиқлардан кейин тахминан 7 миллион еврони ташкил этади. Умуман олганда, клуб унинг маошига 98 миллион евро йўналтиради. Бу маблағнинг 49 миллиони солиқ сифатида давлат хазинасига тўланади.
Шу тариқа, “Реал”нинг Диоманде трансфери бўйича умумий харажатлари тахминан 230 миллион еврога етади. Бу эса ушбу трансферни клуб тарихидаги энг қиммат битимлардан бирига айлантиради.

Фикрлар