Ретроспорт. Такрорланмас рекорд соҳиби

Шахмат оламининг катта ёшли ихлосмандлари учун бу ном янада жарангдор эшитилса ажаб эмас. Ёш авлод вакиллари, балки унинг номини мана энди эшитаётгандир. Таваллуди ва фаолиятидаги энг юлдузли йиллари XIX аср охири ва XX аср бошига тўғри келадиган ушбу даҳо ўрнатган рекордни бир асрки, ҳеч ким янгилай олмаяпти. Хўш, Эмануэль Ласкер ким?

Emanuel-Lasker-1

Ласкер 1868 йилнинг 24 декабрида Польшанинг Барлинёк шаҳрида туғилади. Ўша даврларда бу шаҳар Пруссияга (Германия) қарашли эди. 11 ёшида Эмануэль математикани ўрганиш учун Берлинга, акасининг олдига жўнаб кетади. Акаси Бертольд кучли шахматчи бўлган. Укасининг ўйинларини кузатгач, унда ўша даврнинг энг машҳур гроссмейстерларидан бири Дюфрен услубига ҳамоҳанглик борлигини пайқайди. Ласкер кафеда талабгорлар билан шахмат ўйнаб пул ишларди. 1888 йилда у Берлин университетининг математика факультетига ўқишга кирди.
1889 йилда Берлин 6-конгресс очиқ чемпионатида ғалаба қозонади. Амстердамда бўлиб ўтган халқаро турнирда 2-ўринни эгаллайди. Ёш шахматчининг айни мана шу чемпионат давомидаги Бауэрга қарши ўтказган ўйини унинг бутун дунёда довруғ қозонишига ва ўша партияси келгусида шахмат қўлланмаларидан муносиб жой олишига сабаб бўлди. У биратўла 2 та филдан воз кечиб, моддий устунликни бой бериб улгурган бўлса-да, амалда қоралар шоҳини бурчакка тақаб қўйишга, позицион устунликдан унумли фойдаланиб, баҳсни ўз хисобига ёздириб қўйишга муваффақ бўлади.

photo_2020-06-24_18-30-20

Шундан сўнг, у Европа ва океанорти мамлакатларидаги кўплаб мусобақаларда ғалаба қозонди. 1894 йилнинг 26 май куни Ласкер Стейницга қарши жаҳон чемпионлиги учун ўйин ўтказади. Баҳс Ласкернинг 19-партиядаги ҳал қилувчи очкосигача узоқ давом этди. Ўша давр учун ёш йигитчанинг тажрибали Стейницни мағлуб этиши сенсация эди. Кейинчалик, баъзи мутахассислар 58 ёшли Вильгельм Стейниц узоқ давом этган шахмат ўйинига жисмонан тайёр бўлмаганлиги ушбу мағлубиятда ҳал қилувчи роль ўйнаганлигини айтиб ўтишди. Крамник эса Ласкернинг ғалабасини табиий ҳол, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, немис шахматчиси ушбу спорт турига янги нафас олиб кирган.

lasker-steinitz
Дарҳақиқат, Ласкер такрорланмас иқтидор эгаси эди. У шахматда психологияни биринчи ўринга олиб чиққан. Ўйин аввалидаёқ у берадиган қурбонлар рақибларини шошириб қўярди. Келгусидаги бир нечта юришлардан иборат комбинациялар орқали устунликни ўз томонига оғдирган партияларни кўплаб учратишимиз мумкин. Тасаввур қилиб кўринг, рақибингиз ҳеч қандай фавқулотда ҳолатсиз қўлингизга фарзинни топшириб қўймоқда. Бу каби ўзига ишониб ўйнаётган рақибини кўргач, исталган шахматчи довдираб қолиши ҳеч гап эмас.

oblozhka_2

Балки, мана шу ўзига хос услуби эвазига ҳам Ласкер 1921 йилгача, 27 йил мобайнида жаҳон шахмат тожини ҳеч кимга бермай келгандир. Ваниҳоят, 1921 йилда Капабланка Ласкерни мағлуб этишга эришди. Улар ўртасидаги баҳс 15 мартдан 28 апрелгача давом этди. Узоқ чўзилган ўйинда ёш Капабланка устунлик қилди.
Шу тариқа, 26 йил 337 кун давом этган Ласкер гегемонияси барҳам топди. Аммо у ўрнатган натижа ҳанузгача шахмат тарихида ягоналигича қолмоқда. Бугун Эмануэль Ласкер ёзиб қолдирган ўнга яқин китоблар шахмат академияларидаги энг нодир қўлланмалар сирасига киради. Буюк шахматчи 1941 йилнинг 11 январида сурункали буйрак ҳасталиги туфайли вафот этди. Вафотидан сўнг Германияда унинг шарафига медаль жорий этилган.

photo_2020-06-20_12-29-55

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
kenjebaev
26/06/2020 04:14
Мақола учун рахмат