Ринат Тришев: "Терма жамоамиз ўзбек боксчиларига жиддий рақобат қила олмайди"

Сайтимиз орқали Ўзбекистонда таваллуд топиб, кейинчалик хорижга кўчиб кетган боксчиларимиз билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилаётган эдик. Мазкур анъанани давом эттирган ҳолда, бу сафар Собиқ Иттифоқ вақтида ўз номига эга бўлган, -81 кг вазн тоифасида бир қатор ютуқларни қўлга киритган, асли тошкентлик Ринат Тришев билан уюштирган интервьюни тақдим этамиз.

- Ассалому алайкум. Ринат ака сизни Ўзбекистондаги спортга ихтисослашган сайт Sports.uz дан безовта қиляпмиз. Йўқ демасангиз, бир нечта саволлар билан мурожаат қилар эдик?

- Аввало, эътибор учун раҳмат. Саволларга эса, бажонидил жавоб беришга тайёрман.

- Гарчи, Ўзбекистонда камол топган бўлсангиз-да, Россияда истиқомат қилмоқдасиз... Бунинг ўзига хос сабаблари борлиги аниқ?

- Албатта, Россияга кўчиб кетишимнинг сабаблари бор. Фарзандларимни олий ўқув даргоҳларида таълим олиши баробарида спортда юқори натижалар қайд этишларини таъминлаш эди. Ўша вақт шароит йўқ бўлган. Яъни, у даврларда Ўзбекистонда ишсиз қолиб, қийин аҳволда қолгандим. Кўчиб кетишимнинг асосий омили шу бўлган.

аа

- Маълумотларга қараганда, рус заминида мураббийлик билан машғул экансиз, бу борада ҳам ютуқларга эришган бўлсангиз керак? Яъни, шогирдларингиз орасида Россия терма жамоасидан ўрин олиб, яхши натижалар қайд этганлари бордир?

Ҳар ҳолда нолимайман. Шогирдларимдан, Никита Белов ва Михаил Сафин Россия ўсмирлар терма жамоаси аъзолари ҳисобланади. Халқаро турнирлар ғолиби бўлди. Баҳорда ўтказилиши режалаштирилган Россия чемпионатида ҳам иштирок этиши керак эди. Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли ушбу чемпионат номаълум муддатга кечиктирилмоқда.

- Нима деб ўйлайсиз, Игорь Бунин, Роман Панарин, Гамлет Ильясов, Ринат Тришев, Ян Кульков, умуман олганда, Ўзбекистондан Россияга кўчиб бориб, мураббийлик қилаётган эски авлод боксчилари рус бокси ривожига оз бўлса-да ҳисса қўша олдиларми?

- Ҳа, Ўзбекистондан кўчиб келган боксчиларимиздан Филипп Яковлев Россия Федерациясида хизмат кўрсатган мураббий бўлди. Икки Олимпиада цикли мобайнида Россия терма жамоаси катта мураббийи сифатида фаолият юритди. Шогирди Раҳим Чахкиев ёшлар ўртасида Европа чемпиони (2001 й.), катталар ўртасида жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби (2007 йил), Олимпия ўйинлари чемпиони (2008 йил), профессионал боксчилар орасида Европа чемпиони (EBU йўналиши, 2014 йил), жаҳон чемпиони (IBO йўналиши, 2015 йил) даражасига эришди.
Собиқ Иттифоқ чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси Игорь Бунин эса, Москва шаҳрида ЦСКАда (Марказий ҳарбийлар спорт клуби) мураббийлик қилмоқда. Кўплаб шогирдлари турли мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари қаторидан ўрин олиб келмоқда. Жумладан, Овик Аветисян Россия чемпиони бўлди. Шунингдек, Россия терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Ян Кульков бўлса, мураббийлик фаолияти билан жиддий шуғуллангани йўқ. Асосан, фитнес-клубда машғулотлар олиб боради. Эшитишимга қараганда, яқинда профессионал боксчилар билан ҳам ишлашни бошлаган.
Камина эса, Санкт-Петербург шаҳри ўсмирлар терма жамоаси катта мураббийи сифатида фаолият юритаяпман.

ака ринат_1
- Ўзбекистон ва Россия ҳаваскор бокси орасида қандай тафовут мавжуд? Ўзбек боксини айни кундаги пешқадамлигини Россияда қай тарзда эътироф этишади?

- Албатта, катта фарқ бор. Ўзбек боксчилари ҳозирги кунда жаҳонда етакчи ҳисобланади. Ўзбекистонлик чармқўлқоп усталари меҳнатга чанқоқ ва жисмоний жиҳатдан бақувват. Рингга фақат ғалаба қозониш учун чиқади. Икки йил олдин Ўзбекистонга борганимда, Тошкент шаҳридаги бокс клубига кириб, машғулот жараёнини кузатиб, мураббийлар билан суҳбатлашганимда, боксга ҳеч қандай янгилик киритмаганлигини, ўша Собиқ Иттифоқ бокс мактаби системасида ишлаётганлигини айтишди. Россия терма жамоаси боксчилари ва Санкт-Петербургдаги шогирдларимга Янгиободда, Дукентда қандай шуғулланганимиз ҳақида гапириб бераман. Ўзбекистон терма жамоасига энди жалб қилинган давримда Владимир Николаевич Шин боксчининг асосий вазифаси функционал жиҳатдан яхши тайёргарлик кўриш, деб айтарди.

- Келинг энди мозийга эътибор қаратамиз. Умуман боксда эришган натижаларингиздан кўнглингиз тўлганми ёки армонингиз борми?

- Шубҳасиз, Олимпия ўйинлари медалини қўлга киритиш ушалмаган орзу... Омад мендан қайсидир жиҳатдан юз ўгирганди. Ўша пайтда Олимпия ўйинларига Нурмагамед Шанавазов борган, бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор эди. Агар, ўша даврлар қайтиб келса, янада кўпроқ меҳнат қилиб, ушалмай қолган армонларимга етишишга қатъий ҳаракат қилган бўлардим. Ваҳоланки, у пайтларда ҳам ялқовлик қилмай, бор кучим билан олға интилганман. Меҳнатларимга яраша қандайдир натижаларга ҳам эриша олгандим.
-81 кг вазн сиз учун жуда қадрли. Чунки, асосан ушбу вазн тоифасида фаолият олиб боргансиз. Ўша вақтда ўзбек боксида бу вазн тоифасида Владимир Шин ва Ҳоким Матчонов ҳам бор эди. Улар билан тўқнашувлар жуда шиддатли бўлган бўлса керак?

- Ҳа, асосан -81 кг вазн тоифасида ҳаракат қилганман.Тўғри, бу вазнда Собиқ Иттифоқда хизмат кўрсатган спорт устаси, номдор Владимир Николаевич Шин ҳам бор эди. Лекин орамизда ҳеч қандай рақобат бўлмаган. Чунки, мен Иттифоқ терма жамоасига жалб қилинган вақтимдан кўп ўтмасдан Владимир Николаевич катта спорт билан хайрлашган, Хоким Матчонов эса у пайтларда -75 кг вазнда тушарди.

рина
- Профессионал боксда ҳам ўзингизни синаб кўрганмисиз?

- Собиқ Иттифоқ боксчилари орасида биринчилар қаторида профессионал боксга ўтиб, 1989 йил Канадага кетганман. У ерда бир йил шуғулланиб, шароитлари менга тўғри келмаганлиги учун Тошкентга қайтиб келганман. Бир ойдан сўнг яна Москвага таклиф қилишди. Ўшанда украиналик рақибим билан олти раундлик жанг ўтказиб, ғалаба қозонганман. 1990 йил 12 декабрь санасида эса, катта спорт билан хайрлашгандим.

- Эшитишимизга қараганда, ўз вақтида ўзбекистонлик тадбиркорга тансоқчи ҳам бўлган экансиз?

- Қанақа тансоқчи? Ундай эмас. Ҳеч қачон тансоқчи бўлмаганман. У инсон мени ўзининг қадрдон укаси сифатида билар эди. Дўстона муносабатга эга эдик. 90-йиллар иш йўқ, шароит оғир даврлар бўлган. У инсон биринчи бўлиб, менга ёрдам қўлини чўзган. Ўша вақтда қўллаб-қувватлагани учун ундан бир умр миннатдорман.

- Айни кунда Умар Кремлёв нафақат Россия боксининг раҳбари балки AIBA да ҳам масъул лавозимда фаолият юритади. Ушбу шахс боксни юқори даражага олиб чиқишга қодирми?

- Умар Кремлёв билан ҳеч қандай яқинлигимиз йўқ. Тўғриси, уни яхши танимайман ҳам.

- Нима деб ўйласиз, россиялик боксчилар Токио Олимпиадасида Ўзбекистон, Куба , Украина ва Қозоғистон вакилларига жиддий қаршилик кўрсата оладими?

- Ҳозир, Россия боксида ёрқин юлдузлар йўқ. Ҳақиқатни тан олишимиз керак! Терма жамоамиз боксчилари Токио Олимпиадасида ўзбекистонлик, кубалик, украиналик ҳамда қозоғистонлик боксчиларга рақобат қила олмайди. Албатта, бу менинг шахсий фикрим.

- Ўғлингиз ҳам оғир вазн тоифасида ҳаракат қилар экан. Имкони бўлса, бу борада ҳам батафсил маълумот берсангиз?

- Ўғлим ҳақида гапирадиган бўлсам, вазни 115 кг, бўйи 197 см, Санкт-Петербург шаҳридаги П.Ф. Лесгафт номидаги Жисмоний тарбия, спорт ва соғломлаштириш миллий давлат университетини тугатди. Ҳарбий хизматни ҳам ўтаб келди. Бокс бўйича “Спорт устаси” меъёрини бажарди. Лекин спортчилик карьерасини давом эттириш нияти йўқ. Ҳозирги ёшлар бошқача, 23 ёшга тўлган инсонни қандай мажбурлаш мумкин, хоҳиши йўқ. Қорни тўқ инсон боксчи бўлмайди. Фақат оч инсонгина оғир меҳнат (бокс назарда тутилмоқда) орқали бўлса ҳам шароитини яхшилаб олишга интилиши мумкин.

р
- Ўзбекистонга келиш ниятингиз борми?

- Албатта, Ўзбекистон менинг ватаним! Халқаро ареналарда Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилганман. У ерда менинг кўплаб дўстларим бор. Аъло Икромов, Феликс Пак, Владимир Шиндан кўп нарсаларни ўрганганман. Уларга қараб спортчи сифатида шаклланганман, деб айта оламан. Ўзбекистонни ҳар куни эслайман. Ахир шу юртда таваллуд топганманку... Россияда ҳам мени яхши қарши олишди. Шундай бўлса-да, ҳамиша ватанга бўлган соғинч ҳисси билан яшайман. У ерда менинг ота-онам дафн қилинган.

- Самимий суҳбат учун ташаккур!

- Мени эслаганнгиз ва унутмаганингиз учун, сизларга катта раҳмат!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!