Шомуродов “ёндиряпти”: Бу гал Онананинг дарвозасини “тешиб” қўйди!

  • 25 ноябрь, 00:02
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Туркия чемпионатининг 13-тури якунларига кўра, “Истанбул Башакшеҳир” ҳужумчиси Элдор Шомуродов Суперлиганинг тўпурарлари пойгасида яна яккапешқадамга айланди.

Tecno

Истанбулликлар бу гал жиддий рақиб –  чемпионатда учинчи ўринда бораётган “Трабзонспор” футболчилари билан куч синашди. Истанбулликлар мезбонлик қилган учрашув кескин ва муросасиз курашлар остида ўтди.

Бу учрашув чемпионатда саккизтадан тўп киритиб, лига тўпурарлари баҳсида рақобатлашаётган Элдор Шомуродов ва Поль Онуачу учун юзма-юз дуэл сифатида ҳам аҳамият касб этди.

Ўйин “Башакшеҳир” учун омадсиз бошланди. Фести Эбоселе ўнинчи дақиқадаёқ тўғридан тўғри қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Аммо ҳисобни очиш “Башакшеҳир”га насиб қилди. Ҳакам томонидан белгиланган пенальтини германиялик легионер Дейви Зельке аниқ бажарди. Негадир бу ҳолатда тўпурарлар пойгасида иштирок этаётган Элдор Шомуродовга 11 метрлик белгидан зарба бериш имконини беришмади. Хуллас, тушунарсиз ҳолат.

“Трабзонспор” 37-дақиқада Фелипе Аугустонинг аниқ зарбаси эвазига ҳисобни тенглаштирди. Шундан сўнг катта саҳнага Элдор Шомуродов чиқди. Ҳужумни ўзи бошлаган легионеримиз 45-дақиқада жамоадошининг пасидан кейин боши билан аниқ зарба бериб, машҳур дарвозабон Андре Онанани доғда қолдирди.

Бир киши кам бўлиб ўйнаган истанбулликлар баҳснинг иккинчи ярмида толиқиб қолди. Ҳакам VAR такрорини кўрганидан кейин “Башакшеҳир” дарвозасига пенальти белгилади. Уни Пол Онуачу аниқ бажарди.

“Трабзонспор” дарров ғалаба тўпини ҳам киритди. Ҳисоб тенглашганидан бир дақиқа ўтиб, Эрнест Мучи мезбонлар дарвозасини ишғол қилди – 2:3.  

Охиригача курашган “Башакшеҳир” ўйин якунланиши арафасида Бертуг Йилдирим истанбулликларни мағлубиятдан қутқарган гол муаллифи бўлди.

Аммо Истанбул клубига дурангни ушлаб қолиш насиб қилмади. Тўхталишлар учун қўшиб берилган вақтнинг 10-дақиқасида Эрнест Мучи ғалаба тўпини  киритиб, барибир жамоасининг уч очкога эга чиқишини таъминлади - 3:4.  

“Башакшеҳир”да қаторасига тўртинчи учрашувда ўз ҳисобига гол ёздириб қўяётган Элдор Шомуродов 13-ўйинда тўққизинчи голини урди. Тўпурарлар рейтингида ҳамюртимиз билан биринчи ўринни бўлишиб турган Пол Онаучу ҳам киритган тўплари сонини тўққизтага етказди. Фарқ шундаки, Элдор голларидан биттасини пенальтидан киритган бўлса, Онаучу бу ишни уч марта амалга оширган.

Бу турда бир бирига қарши ўйнаган икки тўпурарнинг “Олтин бутса” йўлидаги таъқибчилари ўртасидаги кураш анча қизғин кечяпти. Бу турда аргентиналик юлдуз Мауро Икарди “Генчлербирлиги” жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, еттинчи голини нишонлади.

“Фенербаҳче” форварди Юссуф Эн-Несири ҳам ҳамюртимиз Ҳусниддин Алиқуловсиз ўйнаган “Ризеспор”га мавсумдаги  еттинчи тўпини киритди. Қолаверса, бу баҳсда дублга эришган “Реал”нинг собиқ футболчиси Марко Асенсио ва битта гол урган Талиска тўплари сонини олтитага етказиб, “Коньяспор” вакили Умут Найирга етиб олди.

“Башакшеҳир” дарвозасини ишғол қилган Фелипе Аугусто ҳам мавсумдаги олтинчи голига муаллифлик қилди.

Рейтингда кучли учликни бўлишиб турган бу ўйинчиларнинг бари Европанинг кучли лигаларида ўйнаб, тажриба тўплаган чарм тўп усталари ҳисобланади. Уларни таъқиб қилаётган Карло Холсе (“Самсунспор”), Жуан (“Гёзтепе”), Герман Онугха (“Кайсериспор”), Папе Гуйе (“Касимпаша”), Тэмми Абрахам (“Бешиктош”) ва Рафа Силва (“Бешиктош”) ҳисобида бештадан гол бор.

Эслатиб ўтамиз, мавсум бошида “Рома”дан “Истанбул Башакшеҳир”га ижара шартномаси асосида кўчиб ўтган Элдор Шомуродов Суперлига доирасида “Бешиктош”, “Аланьяспор”, “Коньяспор”, “Галатасарой”, “Кожаэлиспор”, “Генчлербирлиги”, “Трабзонспор” дарвозаларига биттадан гол урган бўлса, “Антальяспор” майдонида ўтказилган баҳсдан дубль билан қайтган.

“Истанбул Башакшеҳир” Туркия Суперлигасининг навбатдаги турида “Касимпаша” жамоаси меҳмони бўлади. 30 ноябрда бўладиган бу баҳсда ҳам Элдор Шомуродовдан гол кутиб қоламиз.

Ким кучли? Ҳусановни қозоқ футболчиси билан таққослашди

Шомуродов жамоани якка ўзи елкасида кўтариб келяпти...

Яна қанча гол керак? Шомуродов энди ҳақиқий тўпурарлигини исботлаяпти...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!