"Рома" - "Милан": Италияда Моуриньонинг даври ўтаётганини тушунтириб қўйишди(ми?)

Италия А Серияси 3-тури доирасида "Рома" клуби ўз майдонида "Милан"ни қабул қилди. Қизиқарли ва тактик курашларга бой кечган баҳсда миланликлар 2:1 ҳисобида майдон эгаларини таслим қилди. Қуйида ушбу баҳсни қисман таҳлил қилишга ва Моуриньонинг "Рома"си атрофидаги муаммоларни кўтариб чиқаришга қарор қилдик. 

IMG_20230902_023910_530

Биринчи тайм сценарийси. 

"Милан" илк 45 дақиқаликда рақибга "нон қолдирмади". Пиоли шогирдлари ҳар бир чизиқда устунликни ўз қўлига олди. Ўз навбатида, "Рома" футболчилари бундай услубдаги футболга қарши ожиз экани намоён бўлиб қолди. Римликлар дастлаб майдон марказини, сўнгра тўп назоратини меҳмонларга топшириб қўйди. Натижада, миланликлар майдонда янада эркин ҳаракат қила бошлади.

Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, биринчи бўлимда тўп назорати 68га 32 фоиз эди. Бу катта жамоалар ўртасидаги ўйин эканини инобатга олсак, бир томоннинг бу қадар кўп тўп билан муомала қилиши нариги томоннинг ўйини чиқмаётганидан далолат беради. Зарбалар бўйича ҳам "Милан" яққол устунликка эга бўлди - 6:3 (умумий зарбалар), 2:0 (аниқ зарбалар). Моуриньо шогирдлари илк таймда аниқ зарбаберишни эплай олмади.

Узатмалар сони бўйича 326га 157, яна меҳмонларда кўпроқ. "Россонерилар"нинг 326 тадан 293 та паси аниқ чиққан, бу 90 фоизлик аниқ натижа дегани. "Бўрилар"да эса бу кўрсаткич 157 тадан 123 та аниқ эканини кўрсатмоқда. 78 фоиз аниқлик, жуда ёмон эмасдир. Аммо бу яхши ҳам эмас.

IMG_20230902_024539_880

Иккинчи тайм сценарийси. 

Кейинги 45 дақиқаликда воқелик бироз бошқача кўриниш олди. Бунга Томорининг қизил олиб, майдонни эрта тарк этгани сабаб бўлди. Бир киши кам бўлиб қолгач, "Милан" орқароққа сурилди. Мезбонлар эса майдон марказини қўлга олиб, рақиб жарима майдони томон ҳужумлар ташкил қила бошлади. Шунга қарамасдан, Моурнинг шогирдлари ҳа деганда ичкарига ёриб киришнинг уддасидан чиқа олмади. Зарбалар асосан, жарима майдони ташқарисидан йўлланди. Гол ҳам шу тариқа урилди. Яъни ўхшаб қолар, деган мақсадда тепилган тўп "рикошет" орқали дарвоза тўридан жой олди. Спинаццола урган голнинг сал кенгайтирилган изоҳи шундай кўринишда бўлди, бизнингча. 

Ҳужумнинг яна бир усули сифатида захирадан тушган Лукакунинг "бошидан фойдаланиш"ни маъқул кўришди. Аммо иккинчи қават ҳам "Милан" вакиллари томонидан кучли назорат остида ушлаб турилди. Қисқаси, ўйин давомида "Милан" тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам баҳсни назорат қилиб турди ва ҳақли тарзда сафардан 3 очко билан қайтадиган бўлди.

IMG_20230902_023752_139

Моуриньонинг "Рома"сига нималар бўляпти ўзи? 

Рим клуби А Сериянинг дастлабки 3 турида атиги 1 очко тўплай олди, холос. У ҳам бўлса "Салернитана"дек аутсайдер жамоа билан қайд этилган дуранг натижа ҳисобига. Нимага Жозе мавсум стартида бу қадар омадсизликларга дуч келмоқда? Муаммонинг асл илдизи нимада? Келинг, шу саволларга жавоб топамиз. 

Биринчидан, "Рома" шифокорлари айни вақтда жароҳатланганларни сафга қайтара олмасдан қийналиб кетган. Абраҳам лазаретда (катта эҳтимол, янги йилдан майдонга тушади), Дибалада мушаклар нозиклашган (бугун ҳам мушаклар шикастлангани сабаб ўйинни ўтказиб юборди), Спинаццола эса энди жароҳатидан қутилди. Ҳатто, янги олиб келинган Азмун ва Санчеш каби футболчиларда ҳам турли жароҳатлар борлиги маълум қилинган. Кўриниб турибдики, Моур учун баҳона қилишга етарлича сабаблар мавжуд. 

IMG_20230902_023710_331

Иккинчидан, клуб мураббий истаган таркибни йиғиб бера олмаяпти. Дибала, Лукаку, Патрисиу сингари юлдузлар етмайдими, дейишингиз мумкин. Бироқ биллур футболчи бўлиб қолаётган Дибала, футбол оламида "қоронғу кунлар"ни бошдан кечираётган Лукаку ва қариб бораётган Патрисиудек футболчилар билан кўп нарса қилиш мумкинлигига ишониш қийин. Захира ўриндиғи ҳам тажрибасиз, юқори даражада бўлмаган йигитлар билан тўлдирилган. Моуриньонинг услуби "ўтмаслашиб" бораётган бир пайтда унга сифатли ўйинчиларнинг олиб берилмаётгани муаммо устига муаммони юзага чиқаряпти.

Учинчидан, рақиблар Жозенинг тактикаларини ўрганиб чиқиб бўлишган. Португал эса қайсарлик билан ўша бир хил услубдан фойдаланишни канда қилмаяпти. Авваллари "кўза кунига эмас, кунда синарди". Энди эса такрорий хатолар қилинавергач, кўза мўртлашиб кунига синиб кетмоқда. 

Бугун "Милан" пойтахтликларнинг ожиз нуқталарига яхшигина зарбалар бера олди, буни Италияда бошқалар ҳам кузатди ёки энди кузатади. Моуриньонинг вазифаси - қийин шароитда бўлишига қарамасдан тирқишларни оқилона йўл билан ямаб чиқиш. Италияда футбол мавсуми старт олди, муаммолар оламига хуш келибсиз, Дон Моуриньо!

 

Шоҳрух Зоиров. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Muratbay
02/09/2023 20:30
Шоманинг кадрига етмади моурино энди жазасини тартияткандир шома бир катар футболчилардан якширак эди