“Рома” қалбимда қолади...
Жорий мавсумда Италия чемпиони – “Интер” шарафини ҳимоя қилаётган Эдин Жеко Corriere della Sera нашрига берган интервьюсида “Рома”да ўйнаган даврларини ҳам эсга олди.
- Мен “Манчестер Сити”да қолишим мумкин эди. Ҳали яна уч йиллик шартномам бор эди. Лекин бош мураббий Мануэль Пеллегрини билан келиша олмадим. Мен ўшанда ҳали 30 га ҳам кирмаган эдим ва юқори савияда ўйнаш истаги кучли бўлган. Захирада ўриндиғида ўтириб, вақт ўтказишни хоҳламаганман.
Айнан мана шу сабаб туфайли “Рома”ни танлаганман. Бундан ҳеч ҳам афсус қилмадим, аксинча хурсандман.
Римда менга етишмаган ягона нарса – соврин бўлди. Қолган ҳамма олти йиллик ажойиб муддат ичида жамланган. Шахсий фаолиятимда ҳам худди “Рома”никидай кўтарилиш ва пасайиш кузатилган дамлар ҳам бўлди. “Рома” ҳар доим қалбимда қолади.
Ҳозир мен “Интер” учун ўйнаяпман ва скудеттони қўлга киритишни истайман.
Менга буюк сардор Франческо Тотти билан бирга ўйнаш жуда ёққан. Биз у билан бошдан кечирган саёҳатлар билан фахрланаман. У фаолиятини шундай тугатгани ачинарли. Мен Тоттини аввалроқ учратмаганимдан ҳам афсусланаман, чунки ундан кўп нарса олишим мумкин эди, - деди Эдин Жеко.
35 ёшли босниялик тўпурар фаолияти давомида кучли бешлик чемпионатларида “Вольфсбург”, “Манчестер Сити”, “Рома” ва “Интер” жамоаларида тўп тепган. Бир карра Германия, икки карра Англия чемпиони, Италия Суперкубоги соҳиби ҳисобланади.
Эдин Жеко Босния ва Герцеговина терма жамоаси сафида 118 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 60 маротаба ишғол қилган.
Тажрибали ҳужумчи жорий мавсумда "Интер" таркибида жами 29 та ўйинда қатнашиб, ўз ҳисобига 12 та гол ва еттита ассист ёздириб қўйди.
Дзаньолонинг маоши ошади
“Рома” олдида турган энг муҳим ишлардан бири жамоа етакчиларидан ҳисобланган Николо Дзаньоло билан амалдаги шартномани узайтиришдир.
La Gazzetta dello Sport нашрининг маълум қилишича, спорт директори Тьягу Пинто келаси ҳафта 22 ёшли футболчининг агентлари билан учрашиб, янги шартномани муҳокама қилади.
Маълумотларга қараганда, римликлар келишувни 2027 йилнинг ярмигача чўзиб, плеймейкернинг маошини 2,5 миллиондан 3,5 миллион еврога кўтармоқчи. Агар Дзаньоло бу таклифни қабул қилса, энг кўп маош оладиган учинчи “бўри”га айланади.
Ҳозирча, клубда энг кўп маошни Тэмми Абрахам ва Лоренцо Пеллегрини олмоқда.
Моуриньо “Арсенал”даги вазиятдан фойдаланмоқчи
“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо ўз жамоасига “Арсенал” ярим ҳимоячиси Гранит Жаканинг келишига ишонч билдирмоқда.
La Gazzetta dello Sport нашрининг маълум қилишича, Жаканинг “Арсенал” бош мураббийи Микель Артета билан муносабати бузилганидан кейин римликлар спорт директори Тьягу Пинто “канонирлар” билан Жака трансфери бўйича музокараларни қайта тиклаган.
Микель Артета жамоасига “Ювентус” ярим ҳимоячиси Артурни олиб келишга ҳаракат қилмоқда. бразилиялик футболчи вакиллари музокара учун Лондонга келгани ҳақида хабарлар ҳам тарқатилди. Бу испаниялик мутахассис 29 ёшли швейцариялик футболчидан воз кечишга тайёр экани ва бу “Рома” ўз мақсадига етишиши мумкинлигидан далолат беради.
“Арсенал” томонидан 20 миллион еврога баҳоланаётган Гранит Жака жорий мавсумда 13 та учрашувда қатнашиб, битта голли пас узатди.
Фикрлар