Роналдуга охирги имкон! Португалия қандай қилиб чемпион бўлади?

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли футбол мусобақаси – жаҳон чемпионати яқинлашмоқда. Бўлажак мундиалда кўпчиликнинг эътибори яна энг кучли даъвогарлардан бири сифатида майдонга тушадиган Португалия миллий терма жамоасига қаратилади.

Тарихдан маълумки, Португалия ҳар сафар энг кучли фаворитлардан бири ҳисобланади, лекин чемпионлик унвонлари доим қўлдан бой берилади.

Балки бу гал ҳаммаси бошқача бўлар. Ҳозир жамоада чиндан ҳам ўзгача руҳ ва сифат борлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Кўпчилик эътироф этаётганидек, жаҳон чемпионати арафасида Порртугалияда таркиб, мураббий ва мотивация ўртасидаги мувофиқлик ўзгача,барчада кўтаринкилик сезиляпти.

Хўш, бу галги уринишда Роберто Мартинес ва Криштиану Роналду жамоани азалий орзу сари етаклай оладими?

Қуйида Криштиану Роналду етакчилигидаги Португалия миллий терма жамоасининг муваффақиятига таъсир қиладиган энг муҳим 4 та жиҳат таҳлил қилинди.

1. Диогу Жота хотираси – жамоа учун қўшимча мотивация

2025 йилнинг июль ойида Диогу Жота укаси билан бирга даҳшатли автоҳалокатда ҳаётдан кўз юмгани бутун Португалия футболи учун оғир зарба бўлди. У футболчи сифатида терма жамоанинг Миллатлар Лигасидаги муваффақиятига катта ҳисса қўшган эди.

Бу воқеа жамоа ичида чуқур из қолдирган. Рубен Невеш каби ўйинчилар унинг номини ҳар сафар тилга олиб, “сен ҳали ҳам биз билансан” деган ҳиссиётни яратмоқда. Бундай фожиа жамоанинг руҳиятига кучли таъсир қилади, уларни бирлаштиради ва мотивацияни оширади. Футбол тарихида кўп марта кўрганмизки, шундай оғир ҳолатларда ўйинчилар майдонда янада юқорироқ даражада ўйнай бошлайди. Бу турнир Жота учун ҳам бўлади — буни ҳисобга олмаслик мумкин эмас.Унинг воакеаси узоқ вакт жамоа учун куч бағишлайди. Хотира учун ҳаракат килинади.

2. Криштиану Роналду – юз, Бруну Фернандеш эса, жамоанинг ҳақиқий етакчиси.

41 ёшида ҳам Роналдунинг жаҳон чемпионатида иштирок этиши, бу ўзига яраша афсона. Криштиану миллий жамоа учун голлар (143) ва ўйинлар (226) бўйича рекордларни ошириб келмоқда. Лекин ҳақиқатни айтиш керак: бугунги Португалиянинг ўйинини Роналду эмас, Бруну Фернандеш бошқаряпти.

31 ёшли Бруну ўтган мавсумда Англия Премьер-лигасида голли имконият яратиш бўйича анча устунлик билан энг яхши ўйинчи бўлди. У ҳужумни ташкил этишда, тўпни сақлаб қолишда ва ҳал қилувчи пасларни беришда  тенги йўқ ўйинчига айланди.  Таҳлилларга  кўра, Португалиянинг муваффақиятининг камида 65-70 фоизи Брунунинг формаси ва қарорларига боғлиқ. Роналду жамоанинг юзи ва рамзи бўлиб қолаверсин, лекин ўйиннинг калити энди Фернандешнинг қўлида.

3. Майдон маркази – ҳал қилувчи куч

Бруну Фернандеш, Витинья ва Жоао Невеш ҳозир жаҳон футболида майдон марказида энг кучли учликдир. Витинья Витиньянинг темпни бошқариши ва Невешнинг прессинги – бу жуда кам учрайдиган комбинация. Агар бу учлик ўз даражасида ўйнаса, Португалияни тўхтатиш жуда қийин бўлади. 21 ёшдаги Жоао Невеш аллақачон ўн йиллик тажрибага эга ўйинчидек кўринади. Ҳаракатлари ҳам шунга хос. У  тўпни қайтариш ва майдонни эгаллашга уста. Витиньяни эса темпни назорат қилишда дунёда камдан-кам учрайдиган даражадаги устасифаранг десак, муболаға бўлмайди.

Ҳозирги ҳолатда Португалия ярим ҳимояси бошқа рақиблардан устунроқ кўринмоқда. Агар бу учлик ўз даражасида ўйнаса, Португалиянинг ҳужуми янада самарали бўлади, мудофааси эса ишончлироқ. Бу – жамоанинг асосий устунлиги ва турнирда узоққа боришининг энг катта сабаби.

4. Ҳужум чзиғи ёрқин, лекин стратегик муаммо бор

Португалия ҳужумидаги вариантлар ҳайратланарли: Рафаэл Леау, Педру Нету, Жоао Фелиш, Бернарду Силва, Гонсалу Рамуш, Франсишку Консейсау ва, албатта, Криштиану Роналду. Лекин шу ерда энг катта савол туғилади — 41 ёшли Роналдуни доимий равишда бошланғич таркибда ўйнатиш тўғрими?

Аксарият экспертлар фикрига кўра, жавоб – йўқ! Беш ҳафталик турнирда ёш ва кураўга чанқоқ ҳужумчиларга кўпроқ ишонч билдириш керак. Роналдуни захирадан чиқариб, ўйиннинг иккинчи бўлимида, айниқса, чарчаган мудофаага қарши ишлатиш — анча самаралироқ бўлиши мумкин. Бу Роналдуга ҳурматсизлик эмас, балки замонавий футболнинг реаллиги. Агар Мартинес бу муаммони тўғри ҳал қилмаса, энг кучли ярим ҳимояга эга эканига қарамасдан, ҳужум самараси паст бўлиб қолади.

Хулоса килиб айтганда, Португалия бу гал жуда пухта тайёрликка эга. Агар жамоа руҳияти (Жота хотираси), ярим ҳимоя устунлиги ва тўғри стратегия бирлаштирилса, улар чемпионликка жиддий даъвогар. Кўпчилик Португалия камида ярим финалга чиқишига тўлиқ ишонади. Улар орасида Роналду бошчилигидаги жамоа финалгача боришини ва ҳатто орзусидаги чемпионликка эришишини кутаётганлар ҳам кўп.

Зеро, футбол – нафақат истеъдод, балки тўғри қарорлар ва руҳият масаласи. Бу сафар Португалияда буларнинг ҳаммаси жамланган.

                                                                                                               Мафтуна Жўраева, ЎзЖОКУ талабаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!