Россия ЖЧ саралашидан четлатилди. Карпин жамоаси энди нима қилади?
Хабарингиз бор, ФИФА расман Россияни Қатарда бўлиб ўтадиган мундиаль плей-офф баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқидан айирди. Бу қарордан сўнг Россия термасининг келажаги борасида турли саволлар пайдо бўлгани аниқ. Хўш, воқеалар ривожи энди қандай тус олади?
Польшанинг ғалаба қозонгани ҳаммага ёққани йўқ!
Ўтган ҳафта бошида Польша, Чехия ва Швеция руслар билан плей-оффда тўқнаш келишдан бош тортди. Эътиборлиси шундаки, польяклар Россия билан яшил майдонда куч синашмаслиги учун техник мағлубиятга ҳам тайёр эканлигини расман эълон қилди. Уларнинг ташаббуси кўп ўтмай, квартетдаги бошқа жамоалар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Орадан 1 кун ўтиб, Чехия ва Швеция ҳам польякларни қўллаб-қувватлашни бошлади. Шведлар ҳатто ФИФАдан Россияни плей-офф ўйинларидан четлатилишини талаб қила бошлади. Чехлар ҳам агар руслар билан тўқнаш келса, ўйиндан бош тортишини расман эълон қилди. Вазият кескинлашганини кўргач, Жанни Инфантино реакция билдиришга мажбур бўлди. Аввалига, ФИФА Украинадаги ҳолат юмшашини кутди. Аммо аҳвол кундан-кунга ёмонлаша бошлади. Натижада, Инфантино Россияни ЖЧ саралаши плей-оффидаги курашдан маҳрум этди.
Украинанинг Шотландияга қарши ўйини июнь ойига кўчирилди. Аслида, Россия-Польша қарама-қаршилиги ҳам ёзга қолдирилиши мумкин эди. Бироқ бутун жаҳон эътибори марказида турган Инфантино ФИФА шаънига танқидларни ёғилишини истамади. Аслида, низомга мурожаат этилса, ўйиндан бош тортган жамоаларга техник мағлубият ёзилиши керак. ФИФА Россия футболини барча расмий мусобақалардан четлатишга қарор қилгани сабабли кескинлик йўқолгани йўқ. Қарор расман эълон қилингач, биринчилардан бўлиб, Швеция терма жамоаси бош мураббийи Ян Андерссон муносабат билдирди:
"ФИФА, ваниҳоят, Россия борасида қарор қабул қилди. Тан олиш лозим, спорт нуқтаи назаридан олиб қарасак, буни оқлаб бўлмайди. Энди бор эътиборимизни Чехия билан ўйинга қаратамиз. Биз Қатардаги турнирда иштирок этишни жуда ҳам истаяпмиз. Бунинг учун керакли барча ишни амалга оширамиз."
Россия терма жамоасига қарши ФИФАга арз қилган учлик ўз мақсадига етди. Лекин бу билан иш ўнгланди, деб бўлмайди. Польяклар Чехия-Швеция тўқнашувининг ғолиби билан йўлланма учун жанг қилади. Атиги 1 та ўйин ҳаммасини ҳал қиладиган баҳсда Польша квартетдагилар орасида энг яхши имкониятга эга.
Россия терма жамоаси энди нима қилади?
ФИФАнинг қароридан сўнг жабрланувчи томон CASга ўз норозилигини билдирди. Россия футбол раҳбарлари ўз клублари ва терма жамоаларини УЕФА ва ФИФА таснифидаги мусобақаларда иштирок этишини талаб қилмоқчи. Агар талаби қондирилмаса, йўқотилган нарсалар учун компенсация ундириб олмоқчи.
Мамлакат футбол раҳбарлари ФИФА ва УЕФА томонидан берилган санкцияни ҳеч бўлмаса кейинроқ кучга киришини таъминлашга уринади. Сабаби, ҳозир Россия футболи жуда катта йўқотишларга учради. Бугун бирорта терма жамоа ёки клуб руслар билан майдонга чиқишни истамаяпти. Эътироз ёки апелляция деярли бефойда. Русларнинг жаҳон футболидаги репутацияси тушиб кетди.
Ҳолат қанчалар оғир бўлмасин, РФС умид қилишдан тўхтамаяпти. CAS 10 кун ичида ушбу вазият бўйича қарорини эълон қилади. Қоғозда бунинг имкони бор. Аммо реал ҳаётда уни амалга ошиши 1/99 га тенг!
Терма устози Валерий Карпин ФИФА эълон қилган қарорга шундай изоҳ берди:
"Янгиликни эшитгач, хотинимга: "Россия саралашда иштирок этмайди", - дедим. Умид? Ўз-ўзини алдашни истаганлар учун у мавжуд".
Россия термасининг келажак режалари қандай?
Валерий Карпинга бугунда РПЛнинг бир нечта жамоаларидан таклифлар бор. Лекин мутахассис оғир кунда постини ташлаб кетмоқчи эмас. Россия 21 март куни Москвада ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун йиғилиши ҳақида расмий маълумот берилди. Маълумотларга қараганда, 27 мартга қадар давом этадиган йиғин камида битта ўртоқлик учрашувини ўз ичига олади. Ҳозир рақиб излаш ишлари актив давом этмоқда.
Рус нашрлари берган маълумотларга суянадиган бўлсак, ҳозирги вазиятда спарринг рақиб топиш имконсиз. Шу боис, терма жамоа Россия ёшлари билан куч синашади. Шунингдек, Россия - Россия 2 ўртасида ўйин ташкил этилиши ҳам мумкин.
Фикрлар