Россиядаги фаолияти, уйга қайтиши ва мақсади ҳақида Вагиз Галиулин билан интервью
“Андижон” клубининг ёзги селекциядаги илк трансфери – Вагиз Галиулиннинг айни пайтда “Бургутлар” билан Тошкентдаги йиғинда иштирок этаётганидан яхши хабардорсиз. Тажрибали ўйинчи дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Вагиз "Андижон" клубига қайтганингиздан хурсандмиз. Қачондир шундай бўлиши керак эди. Бунинг асосий ташаббускори ким бўлди?
- Ҳа, “Андижон”га келганимдан жуда хурсандман. Ташаббускорига келсак, бу вақт бўлиши керак. Қачондир уйга қайтаман, “Андижон”да ўйнайман деб ўйлаб юрардим. Бу ерда дадам бор, ошна-оғайниларим бор. Ҳар доим кетаман деб ният қилардим. Энди шунақа вақт бўлдики, мен уйга келдим.
- Жамоа билан Тошкентдаги йиғинда иштирок этяпсиз. Мослашиш қандай? Дастлабки таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Тошкентдаги йиғинни бошлаб олдик. Мослашиш ҳаммаси яхши. Йигитлар билан танишиб олдим. Кимлар биландир бунгача ҳам таниш эдим. Машғулотлар орқали бир-биримизни тушуниб боряпмиз. Янада мослашиш учун мана шундай машғулотлар ва ўйинлар керак.
- Россиядаги узоқ йиллик фаолиятингиз якунига етди. У ерда чемпионлик, Кубок ва Суперкубок соҳиби бўлдингиз. Барча ўйлаганларим амалга ошди, деб айта оласизми?
- Россияда кўп йиллар давомида ўйнадим. Ҳаммаси ҳам амалга ошди, деб айта олмайман. Бундан ҳам зўр ўйнасам бўларди. Лекин кўп нарсалар халақит қилган. Айниқса, жароҳатлар тўсқинлик қилган. Суперкубокда, Кубок финалида ўйнаганман. Россия чемпиони бўлдим, “Рубин” билан. Аммо, барибир бундан ҳам яхшироқ натижалар бўлиши мумкин эди. Масалан, Европани бошқа чемпионатларида тўп суришим ҳам мумкин эди.
- Бу ерда ўзингиз учун қайси рақамни танладингиз?
- Ҳозирча ўзим учун рақам танламадим. Ҳали бу тўғрисида ўйламадим. Чунки ҳозир тезроқ спорт формасига қайтиш учун йиғинда машғулотлар билан бандман.
- Сиз мақсад ва вазифаларни бажарган футболчисиз. "Андижон"даги асосий мақсадингиз нима?
- Асосий мақсадим “Андижон” футбол клубига ёрдам бериш. Тўплаган тажрибам билан йигитларга майдонда ва майдон ташқарисида оғзаки бўлса ҳам ёрдам бериш. Бу ерга фақат ёрдамлашиш учун қайтдим. Вазифам максимал равишда “Андижон” билан ҳамма ўйинларда ғалаба қозониш. Худо хоҳласа, Кубокни қўлга киритиш ниятим бор.
- Ўзбекистон чемпионатини кузатиб бораётгандирсиз. Қандай ўзгаришларни кўряпсиз?
- Ўзбекистон чемпионатини кузатиб борардим, “Андижон”га ҳам эътибор қаратардим. Дўстларим тўп суришади. Ўзгаришлар бор, яхши томонга. Ўзбекистон Суперлигаси савияси Россия биринчи дивизионидан анча юқорилаб кетди. Терма жамоада ҳам бошқача ўйин кўрсатишяпти. Ўзбек футболчилари Европа чемпионатларида ва Осиёнинг кучли лигаларида тўп суришяпти. Асосийси, ўзбек чемпионати ривожланяпти.
Фикрлар