Россиялик жангчи ўзбекистонлик рақибига қарши реваншдан бош тортди ёхуд Мавлуд Тифиев навбатдаги жангини ўтказади (Видео)

Ўзбекистонлик профессионал муайтай, кикбоксинг ва К-1 йўналишида жанг олиб борувчи Мавлуд Тифиевнинг навбатдаги жанг санаси маълум бўлди. Спортчимизнинг сайтимизга маълум қилишича, у 6 март куни россиялик Салимхон Ибрагимовга қарши профессионал кикбоксинг бўйича жанг қилади. Мазкур қарама-қаршилик Екатеринбургда RCC ва Сингапурнинг “One Championship” промоушени томонидан ташкил этилувчи “Fair Fight” турнири доирасидан ўрин олган. Ғолиб эса “One Championship” билан шартномага эга бўлади.

Аслида, ҳамюртимиз 2020 йил 28 ноябрда ташкил этилган худди шундай жанг кечасида Кирилл Хомутовга қарши жанг қилган ва адолатсизлик қурбонига айланган эди. Айнан ўша жангдаги ғалаба ҳам юқорида таъкидлаб ўтган имкониятни тақдим этарди. Жангдан кейин юртдошимизнинг эътирози инобатга олиниб, реванш жанги ўтказилишига келишилганди.

6 март куни ушбу реванш бўлиши кўзда тутилган, лекин рақиб жангдан бош тортди ва ғалаба ҳамюртимизга тақдим этилди. Бироқ, у ўша куни бошқа жангчига қарши рингга кўтарилиши лозим ва ундаги муваффақият тўла –тўкис Тифиевнинг Сингапур промоушени билан ҳамкорликни бошлашига сабаб бўлади.

Мавлуд Тифиев айни вақтда Дубайда ҳамюртларимиз Ҳасан ва Ҳусан Мажлимовлар қўл остида TKMMAFIT клубида жангга тайёргарлик олиб бормоқда.

Юртдошимизга ушбу жангда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!