Рой Жонс Иқболжон Холдоровга: “Агар Америкага борсанг, менинг олдимга кел”
7-11 май кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган бокс бўйича “Губернатор кубоги” мусобақаси кўпчилик бокс ишқибозларининг нигоҳида бўлди. Боиси унда терма жаоамизнинг бир қатор истеъдодли вакиллари ҳам иштирок этишганида. Турнир давомида мусобақага мезбонлик қилган аренага юртдошларимизни қўллаб-қувватлаб туриш учун ҳар куни юзлаб ҳамюртларимиз келишди. Боксчиларимиз ҳам шунга муносиб тарзда ўзларининг иштироки билан барчани хушнуд этдилар.
Мусобақанинг яна бир аҳамиятли жиҳати финал беллашувларига таниқли боксчи америкалик Рой Жонснинг ташриф буюрганида бўлди. Фахрий боксчи тақдирлаш маросимида -69 кг вазн тоифасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга медалm таққанидан хабарингиз бор. Бу вазн тоифасида терма жамоамиз вакили Иқболжон Холдоров олтин медални қўлга киритди. Холдоров Рой Жонснинг ашаддий мухлиси. Унинг жангларида америкалик бокс юлдузининг ҳаракатларини кўп кўрамиз. Ўз кумиридан медаль қабул қилиб олиш ва мусобақа таассуротлари ҳақида Иқболжон билан уюштирилган интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Бу мусобақа сизга нимаси билан аҳамиятли эди?
– Мен учун турнир катта аҳамият касб этарди. Ўтган йили ҳам қатнашиб, бронза медалини қўлга киритган эдим. Бу йил шуни олтинга айлантириш асосий мақсадим бўлди. Қолаверса, мусобақанинг статуси кўплаб халқаро турнирлардан баланд турар эди.
– Мусобақани Осиё чемпионатида қатнашишга алмашармидингиз?
– Тўғрисини айтсам, алмашмас эдим. Фикримча, турнир Осиё чемпионатидан анча кучли бўлди. Негаки унга Осиё мамлакатларидан ташқари Европа ва Америка қитъасидан ҳам номдор боксчилар келди.
– Биламизки, сиз Рой Жонснинг мухлисисиз. Унинг жанглари нимаси билан ёқарди?
– Тўғри, Рой Жонснинг мухлисиман. Унинг жангини кўрган одам бокс бўляпти экан, деб шунчаки бепарво ўтиб кета олмайди. Чунки у жанг қилишдан ташқари чиройли ҳаракатлари билан кечани шоуга ҳам айлантириб юборар эди. Ёшлигимда унинг жангларини телефонимда тўплаб, такрор ва такрор кўраверар едим. Аллоҳ шунақанги кунга етказдики, у билан юзма-юз кўришдим ва энг қувонарлиси, жангим ёққанини унинг оғзидан эшиттим.
– Кумирингиз сизнинг жангингизни кузатса, тақдирласа қандай бўлар экан?
– Ўзимнинг яхши кўрган боксчим жангимни кузатиб, тақдирлаш маросимида менга медаль таққани чиқди. Буни энди спортчи бўлиб юрган инсон яхши ҳис қилади. Уни сўз билан таърифлаш қийин. Тасаввур қилинг, сизни кумирингиз тақдирлаяпти ахир. Мисол учун, Роналду ҳам қачондир кимгадир ҳавас қилиб футболга кириб келган, ёшлигида эсдаликка расмга тушган. Йиллар ўтиб, уларга билан бирга футбол ўйнади. Кўзим олдида мен ҳавас қилган боксчининг менга олтин медаль тақиши бу мен учун катта бахт.
– Тақдирлаш маросимини тўғридан тўғри кузатиб бордик. Жонс медаль таққанидан кейин орангизда қандайдир суҳбат бўлди. Сир бўлмаса, нима ҳақида гаплашдинглар?
– Рой Жонс менга медаль тақаётган пайт, аввал, табриклади-да: “Агар Америкага борсанг, менинг олдимга кел”, – дегандек гап айтди. Ундан кейин мураббийим билан бўлган қисқа суҳбатда ҳам: “Шогирдингнинг жанги менга жудаям ёқди. Агар хоҳласа, Америкага менинг олдимга келсин”, – деган экан.
Комментарии