Рўзим Аҳмедов 35 ёшида қандай қилиб 23 та гол урди? Шавкат Саломов билан ўртасида нима бўлганди? "Бухоро"дан кетадими? Энг яхши тўпурар суҳбатда кўп масалага аниқлик киритди

“Бухоро” клубининг Суперлигага қайтишида шубҳасиз ҳужумчи Рўзим Аҳмедовнинг ҳиссаси жуда катта бўлди. У 25 та учрашувда ўз ҳисобига 23 та гол ёзиб қўйди. 35 ёшли футболчининг бундай натижа қайд этишини ҳеч ким кутмаганди. Ўтган мавсумда “Динамо”да 19 та ўйинда 12 та гол урган.

Шубҳасиз, Рўзим иккинчи ёшлигини эслатиб қўйди. Қолаверса, Аҳмедов “Про лига-2022”нинг энг яхши футболчиси деб топилди ва махсус совринни ҳам қабул қилиб олди. Шундан кейин “Бухоро” ҳужумчиси Sports.uz журналистига интервью берди.

- “Бухоро” билан Суперлигага қайтишга эришдингиз ва про лиганинг ҳам энг яхши ўйинчисига айлана олдингиз. Айни чоғдаги ҳиссиётларингиз қандай?

- Бу йил про лигада энг қийини бўлди, деб ўйлайман. Ўтган йилгидан ҳам оғир ўтди. Масалан, 2021 йилда вазифа 4 та тур қолганида ҳал қилинган бўлса, бу йил охирги тургача кураш давом этди. Интрига ҳам юқори бўлди. Ўтган чемпионатда ўйинлар камроқ эди. Бу сафар кўпроқ ўтказилди. Про лигада кучли бешталикка ажралгач, биз учун 4 тадан яна 8 та финал бўлди, десак бўлади. Биринчи даврада “Турон”дан 10 очкога, “Андижон”дан 7 очкога орқада эдик. Рақибларга етиб олиш учун икки-уч ҳисса кўпроқ куч сарфлаб ўйнашимизга тўғри келди. Чемпионатнинг охирги турида Суперлига йўлланмасини қўлга киритганимиз ҳам бизга бошқача завқ бағишлади. Лекин мақсадга эришишимиз жуда қийин бўлди, осон кечгани йўқ. Жамоалар бизга қарши охирги тургача бор кучлари билан ўйнадилар. Масалан, “Хоразм” ҳам охиригача курашди. Худога шукр, жамоамиз билан мақсадимизга эришдик. Бизда аҳил коллектив борлигини исботладик. Натижа ўз-ўзидан бўлмади. Суперлигага ҳаққоний равишда чиқдик.

- 25 та ўйинда 23 та гол урдингиз. Адашмасам, фаолиятингизда бир мавсумда энг кўп гол урдингиз-а?

- Ҳа, шундай. 2008 йили биринчи лигада янглишмаётган бўлсам, 21 ёки 22 та гол урганман. Лекин бу йил фаолиятимдаги энг кўп голни урдим. Яна 2-3 та учрашувни ўтказиб юборишимга ҳам тўғри келди. Охирларида бундан ҳам кўпроқ голлар уришимни ҳис қилдим. Имкониятлар кўп бўлди. Голларим жамоамга асқотганидан хурсанд бўлдим.

рузим3

- 23 та гол уришингизни ҳеч ким ўйламаганди. Бундай сермаҳсуллик кўрсатишингиз нима билан боғлиқ бўлди? Айтайлик, спорт формангиз бу йил ҳар қачонгидан кўра зўр ҳолатдими ёки омад асосий роль ўйнадими?

- Сизлардан беркитмайман, тўғрисини айтавераман. Кўпчилик мени футболни тугатиб, яна футболга қайтди, деб ёзишяпти. Аслида бундай бўлмаган. Футболни тугатмаганман. Охирги марта Суперлигада 2019 йили “Андижон”да ўйнадим. Шундан кейин операция столига ётишимга тўғри келиб қолди. Менга нафақат футбол ўйнаш балки, 6 ойгача жисмоний ҳаракат қилиш таъқиқланганди. Фақат юришим керак эди. Шу билан 7-8 ой ўтиб кетди. Иккинчи даврада бирор-бир жамоага қўшиламан деб юрганимда шифокорлар менга яна ҳали мумкин эмас, деб рухсат беришмади. 2020 йил шундай ҳолатда ўтиб кетди. Бунинг устига карантин туфайли менга янада қийин бўлди. Қишда ўз устимда ишладим, осон бўлмади, ўзига яраша қийин кечди. Ўзимдан ўтганини Худо билади ва ўзим биламан. Кейин “Хоразм”да 4-5 ой тўп суриб, ўзимга келдим. Сўнг “Динамо”га ўтдим ва қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. 2-3 йил давомида қилган меҳнатларим, олдинги спорт формамга қайтиш учун қандай ҳаракат қилганимни Худо билади. Жуда кўп қийналдим. Худога шукр, бу йил оптимал формамга яқинлашдим. Жамоадошларим ҳам кўмаклашди. Шунингдек, Москвада менинг яқинларим бор. Опажоним ва дўстларимнинг мени қўллаб-қувватлаб туришгани ҳамда дуода бўлиб турганликлари учун уларга миннатдорчилигимни билдираман. Мураббийларимиз мен билан юз берган ҳолатдан хабардор эдилар. Улар ҳам менга ёрдам беришди. Суперлигада 15 йил ўйнаб, тўплаган тажрибаларим асқотди. Айниқса, иккинчи даврада жамоамизга юқори савиядаги ўйинчилар келди ва уларнинг ҳам ёрдам бўлди. Кўп гол уришимда барчанинг ҳиссаси бор. Саволингизга қисқа қилиб, барчаси меҳнат орқали дея оламан. Шу сафар меҳнатнинг тагида роҳат борлигини аниқ билдим. Худога шукр, йил бошида жамоам билан Суперлигага чиқиш ва тўпурар бўлишни мақсад қилгандим, бунга эришдим. Тўғриси, ўтган йилги ўйинлардан хулоса чиқариб, бу сафар кўп гол ураман, деб кутмагандим. 2021 йилда 19 та учрашувда майдонга тушгандим. Бу йил менда имкониятлар кўп бўлди. Бир ўйинда 2-3 та гол урган пайтларимда ҳам менда яна бир қатор вазиятлар юзага келаверди. Бу йил кўп нарса ўхшайверди. Голни сезиш, қулай имкониятларга эга бўлиш ҳамда вазиятлардан фойдаланишда ҳаммаси мен кутгандек кечди ва максимал фойдаланишга ҳаракат қилдим. Шунча йил орттирган тажрибам шу йили ўз сўзини айтди. Керакли пайтларда жуда асқотди. Жамоадошларим билан бир-биримизни яхши тушуниб ўйнадик. Ўтган йили “Динамо”да ўйнаган футболчилар ҳам “Бухоро”га қўшилишганди.

рузим1

- Ўтган йили Ҳаким Фузайлов бошчилигида “Динамо”ни Суперлигага олиб чиққандинглар. Бу йил эса “Бухоро” билан худди шу ишни такрорладинглар. Лекин ўтган сафаргидек охирида Самарқанддаги вазият Бухорода ҳам такрорланиб қолмасмикин? Клубда фаолиятингизни давом эттирасизми?

- Шу саволингизни кутгандим. Ўтган йили “Динамо” раҳбарлари хорижлик мураббий ишлашини хоҳлашди. Бунинг устига ўша пайтдаги бош мураббийимиз Ҳаким Фузайловнинг ўзига хорижлик мутахассис қидиришни ишониб топширишди. Ҳали ишлаб турган мураббийимизга хориждан мураббий топасиз, деб айтишди. Бунақасини биринчи марта кўришим. Ҳали чемпионат тугамасдан туриб, Ҳаким Қаюмовичга шундай вазифани юклашгани мени жуда хафа қилган. Ҳурматсизлик бўлди, деб ўйлайман. Ўз ишини тугатмаган, вазифасини бажараётган мутахассисга беҳурматлик қилишгани жуда ачинарли эди. Улар мураббийдан келаси йили ҳам қоласизми ёки ёрдам берасизми, деб сўрашмади ҳам. Бундай муносабатдан барча футболчиларни ҳам кўнгли оғриди. Бу йил яна кўп меҳнат қилинди. Жамоани Суперлигага олиб чиқдик. Эшитишимизча, вилоят раҳбарлари бош мураббийдан ва клуб раҳбари Ўткир акадан миннатдорлар. Вазифа бажарилганидан ҳамма хурсанд. 2-3 кун ичида ҳаммасини гаплашиб олишади. Мураббийимизни клубда қолдиришмоқчи. Бундан ташқари, “Бухоро” мухлислари ҳам шу таркибни ва мураббийлар қолишини хоҳлашяпти. Тез орада ҳаммаси ойдинлашади. Янги мавсумга тайёргарлик ҳам бошланиши керак. Биз ҳам шуни кутиб турибмиз. Яна ишонч билдирилса, балки “Бухоро”даги фаолиятимизни давом эттирармиз.

- Шартномангиз тугадими?

- 30 ноябрь куни тугади. Ҳали жамоа билан ҳеч ким хайрлашгани йўқ. Барча билан алоқада бўлиб турибмиз. Яқин орада кўп масала ҳал қилингач, шунга қараб режалар тузилади.

рузим_1

- Сир бўлмаса, қайси клублардан таклифлар оляпсиз?

- Иккинчи ёшлигимни ўтказаётганим учун шу ёшимда ҳам менга хориждан таклифлар бўлиб турибди. Буни беркитмайман. Ўзим ҳам четдан қизиқиш бўлишини кутмагандим. Балки бизни чемпионатдан кучли бўлмаслиги мумкин, лекин молиявий томондан яхшигина қулай таклифлар тушяпти. Аммо “Бухоро” билан гаплашмасдан туриб, бу таклифларни қабул қила олмайман. Клубдагиларнинг ҳаммаси менга ишонишяпти. Шу боис жамоадагилар билан тўлиқ гаплашиб олганимдан сўнг кейин қарор қабул қиламан. Тўғри, Ўзбекистондан ҳам бир бир-иккита таклифлар бўляпти.

- Қайси мамлакатлардан таклифлар олдингиз?

- Таиланд ва шунга яқин мамлакатлардан. “Бухоро”дагилар билан гаплашмагунча уларга ҳеч нима дея олмайман.

рузим4

- Биринчи даврада жамоадаги ички муҳитда муаммолар борлиги ҳақида эшитдик. Масалан, сиз билан Шавкат Саломов ўртасида келишмовчилик ҳам бўлгани хусусидаги гап-сўзлар тарқалган...

- Йил бошида ҳам таркибимизда савияли ўйинчилар йиғилган. Ҳар бир мураббийни футболга қараши бўлади. Бошида чақирилган футболчилардан айримлари мураббийнинг услубига мос тушмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун ўзгариш қилишди. Ўша ҳолатлар ўша ернинг ўзида қолиб кетган. Бу мавзуга умуман тўхталгим келмаяпти. Бу ҳамма клубда бўлиб туради. Ҳаммасини батафсил айтиб ўтириш шарт эмас. Чунки тушунмовчилик бўлган. Барчаси майдонда бўлган, мен эътиборимни ўйинга қаратгандим. Майдондан ташқаридаги нарсаларга чалғимасликка ҳаракат қилганман. Аммо жамоада тезда ўзгаришлар бўлишини ҳеч ким кутмаган. Бошида натижалар яхши бўлмагани учун ҳам таркибда ўзгаришларга қўл урилди, деб ўйлайман. Мақсадимиз Суперлигага чиқиш ва хоҳлайсизми-йўқми, натижа ўхшамаса таркибда ўзгаришлар қилинади. Тушунмовчилик бўлган ҳолатлар ортда қолиб кетди, буни ҳеч ким эсламаяпти. Ҳаммаси яхшиликка бўлганлиги кўриниб турибди.

- Биринчи даврада “Бухоро”нинг кўп очко йўқотишидан кейин Суперлигага тўғридан-тўғри чиқишингларни сезганмисиз ёки плей-офф учун курашишга киришганмидинглар?

- Тўғрисини айтадиган бўлсам, ўзимиз ҳам буни 100 фоиз кутмагандик. Ҳа, йил бошида бизда мақсад Суперлигага чиқиш эди. Биринчи даврадан кейин ҳам шу мақсад қолган. Ҳар бир учрашувда вазифамизни бажариш учун майдонга тушганмиз. Фақат биринчи даврадан сўнг “Турон”дан 10 ва “Андижон”дан 7 очколик фарқ бўла туриб, бизни элитага тўғридан-тўғри чиқишимизни ҳеч ким кутмаганди. Турнир жадвалига қарагимиз ҳам келмасди. Барибир Худо бизга куч-қувват ва омадимизни беради, деб яхши ниятда ҳаракат қилавердик. Аслида биз “Андижон”ни қувиб ўтишимиз керак, деган мақсадда курашаётгандик. Лекин охири шундай бўлдики, “Андижон” ҳаммадан илгарилаб кетди. Биз эса “Турон”ни ортда қолдирдик. Кетма-кет учрашувлардаги ғалабаларимиз бизга мотивация берди. Ўйинимиз сифати ҳам анча ўсди. Ютқазган учрашувларимизда ҳам бизда голли имкониятлар кўп бўлди.

рузим5_1

- Про лигадан “Андижон”, “Бухоро” ва “Турон” Суперлигага йўл олди. Бу сиз учун нимани англатади?

- Бу про лига даражаси ошганини билдиради. Йилдан-йилга Суперлига билан про лига ўртасидаги фарқ қисқараётганидан ҳам дарак беряпти. Олдинлари икки лигадаги клублар майдонда тўқнаш келганида орадаги фарқ яққол билиниб қоларди.

- Янги мавсумда яна тўпурарлик салоҳиятингизни кўрсата оласизми? Яна қандай ҳолатда бу ишни такрорлашингиз мумкин?

- Ҳар бир ҳужумчининг вазифаси гол уриш. Ҳужумчи учун голнинг кўпи ёки ози бўлмайди. Қанча кўпроқ гол уриб, жамоага фойда келтирса шунча яхши. Кейинги йилга ҳам мотивация олиб, Бухоро халқини хурсанд қилиш учун курашамиз. Ҳар бир ҳужумчининг мақсади бўлади. Биз ҳам яна кўпроқ гол уришга ва интрига қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Нима учун йўқ? Иштаҳа овқат пайтида келади, дейишади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!