Рўзимбой Аҳмедов: "Бухоро"нинг таркиби Суперлигага чиқишга қодир!"
SPORTS.uz сайтида "Етакчи" лойиҳаси давом этади! Бизнинг навбатдаги суҳбатдошимиз "Бухоро" клуби етакчиси Рўзимбой Аҳмедов.
Бу йил "Бухоро" деярли янгиланди, жамоамизнинг 70% футболчиси бошқа клублардан таркибга келиб қўшилган. Про-лигада эндигина 5 та ўйин ўйнадик, шу сабаб жамоадошларим билан бир-биримизни тўлиқ тушуниб кетдик дея олмайман. Қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз.
Кўрганингиздек, сўнгги баҳсда ҳам биринчи бўлимда кутилган футболни намойиш эта олмадик, аммо иккинчи таймда барчаси ижобий томонга ўзгарди. Барчаси босқичма босқич амалга оширилмоқда. Айни пайтда футболчилар ўртасидаги алоқа аввалгидан кўра яхшироқ. Ўйлайманки, услубни тўлиқ йўлга қўйиб олишимиз учун яна 2-3 ўйин кифоя қилади.
Бош мураббийнинг тактикаси ҳақида фикрингиз қандай?
Биз Ҳаким Фузайлов билан Самарқанднинг "Динамо" клубида бирга ишлаган эдик. Уни ўзига яраша қаттиққўл, талабчан ва ўз навбатида, қарорларни босиқлик билан қабул қилувчи мутахассис деб биламан. Ҳар бир беллашувдан сўнг натижани етарлича таҳлил қилиб чиқади. Унинг тажрибаси олдимиздаги ўйинларда қўл келади ҳамда олдимиздаги вазифани бажара оламиз деб ўйлайман.
Ўзи клуб олдига қандай вазифа қўйилган?
Биринчи навбатда Суперлигага йўлланма қўлга киритиш ва Ўзбекистон Кубогида плей-офф босқичида ўйнаш. Ҳозирча Про-лигада ёмон ҳаракат қилмаяпмиз, пешқадам билан 3 очколик фарқимиз бор. Ҳали олдимизда ўйинлар кўп ва уларда ғалаба қозонишга максимал ҳаракат қиламиз. Таркибимиз бунга қодир.
Фазлиддин Абдураҳмонов суҳбатлашди
Фикрлар