Рўзимбой Аҳмедов яна катта саҳнада

Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мавсум якунланишига икки тур қолганида бронза медалининг расман эгасига айланди. Бунга албатта “Бунёдкор”дан жарима сифатида олти очконинг олиб ташлангани сабаб бўлди. Бунгача эса наманганликлар ўз майдонида айнан ушбу жамоани 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқишганди. Ўша беллашувда эса охирги пайтларда катта босим остида қолган ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов ниҳоят ўзини кўрсатишга муваффақ бўлганди ва яна катта саҳнага чиқди. Боиси у пенальтидан гол уриб жамоаси учун ўта муҳим бўлган ғалабани тақдим этганди. Куни кеча футболчи SPORTS.uz учун бир қатор масалаларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Бронза медали қўлга киритилгани ҳақида

- “Навбаҳор”нинг бронза медалини қўлга киритганидан футболчилар, мураббийлар, раҳбарлар, мухлислар, жамоанинг ишчи-ходимлари, умуман ҳамма хурсанд. Лекин бундай бўлиши биз учун кутилмаган янгилик бўлди. Машғулотдан олдин шундай хабар тарқалди. Мураббийимиз ҳам бу ҳақида айтди. Биз “Бунёдкор”дан тўрт очко олдинда эдик. Охирги иккита ўйин эса биз учун муҳим эди. Қайсидир учрашувда очко йўқотишимиз ҳам биз учун қимматга тушиши мумкин эди. Барибир биз йил давомида ўз мақсадимизга эришиш учун охиригача курашиб келаётгандик. Айниқса, охирги турлар биз учун жуда мураккаб ўтаётганди. Сабаби жамоамизда жароҳат олган футболчилар кўпайиб қолганди. Шу боис асосан 11-12 нафар ўйинчи билан учрашувларни ўтказиб келяпмиз. Захира ўриндиғимизда эса футболчилар кескин даражада камайиб кетди. Шундай шароитда ҳам учинчи ўринни эгаллаганимиздан хурсандмиз. Вилоят ҳокимига ҳам раҳмат, бизга барча шароитларни яратиб беряпти. Чемпионатнинг охирига келиб, қийин вазиятда бўлишимизга қарамасдан, мақсадимизга эришганимиздан хурсандмиз.

Охирги иккита ўйин аҳамиятсизми?

- Қолган иккита ўйин энди биз учун аҳамиятсиздек туюлиши мумкин. Аммо мураббийимиз шу ҳақида гапирди. Учинчи ўринни нақд қилганимиз қолган иккита учрашувда масъулият йўқолди дегани эмас, аксинча бронза медалларига лойиқ эканлигимизни кўрсатишимиз керак, деган фикрларни айтиб ўтди. Яна бир бор мухлисларнинг олдида юзимизни ёруғ қилишни истаймиз. Сафарда “Бухоро”га қарши ўйин кутиб турибди. Биз у ерга юқори кайфият билан ғалаба учун борамиз. Бронзани қўлга киритганимиз боис ҳозирда жамоамизнинг руҳияти янада кўтарилган. Шунингдек, мавсумнинг охирги турида ўз майдонимизда ўйнаймиз ва “Локомотив” билан баҳсга ҳам жиддий тайёргарлик кўриб ғалабали анаъанамизни давом эттиришга ҳаракат қиламиз.

Пенальтидан урилган гол ва муҳим ғалаба

- Сафарда “Локомотив”, “Пахтакор” ва “Металлург” қарши ўта оғир ўйинлардан кейин ўз майдонимизда илк бор ўйнагандик ва бу “Бунёдкор” билан баҳсга тўғри келди. Қолаверса, “Бунёдкор” билан ўртадаги очколар фарқимиз қисқариб бир очколик тафовут қолганди холос. Улар “Бухоро”ни ютиб, “Локомотив” билан дуранг ўйнаб бизга яқинлашиб қолишганди. Чемпионлик қўлдан бой берилгач, учинчи ўринни сақлаб қолиш биз учун ўта муҳим эди. “Бунёдкор” билан баҳс биз учун йилнинг энг муҳим ўйини эканлигини мураббийларимиз тинмай таъкидлаб, бизни руҳлантиришди. Учинчи ўрин учун курашда ушбу ўйин кўп нарсани ҳал қилиб беришини тушунтирди. Шу боис биз бу учрашувнинг масъулиятини тушунгандик. Хоҳ сафарда, хоҳ ўз майдонимизда бўлсин, “Бунёдкор” билан доим қизиқарли ўйинлар бўлиб келган. Бундай шиддатли учрашувларни фақат биргина гол ҳал қилиши мумкин. Ўйиндан олдин ҳам ким гол уришининг фарқи йўқ эди, муҳими ғалаба қозонишимиз лозим эди. Пенальтига тўхталадиган бўлсам, ўша вазиятда барча масъулиятни ўз зиммамга олдим. Учрашувдан олдин ҳам мураббийимиз 11 метрлик жарима зарбасини мен ёки Азиз Турғунбоев ўзаро келишиб тепишимизни айтганди. Пенальти белгилангач, Азиз тажрибамга ишониб зарбани ўзим бажаришимни айтди. Тўғриси, кўп марта пенальтилардан гол урганман ва бундай масъулиятли вазиятларда нима қилиш кераклигини яхши биламан. Ўша куни омадим келди. Мухлисларимизга қийин ва ширин ғалабани тақдим эта олдик.

Андрей Канчельскис хусусида

- Аввало Канчельскиснинг инсонийлик фазилатларини алоҳида кўрсатган бўлардим. У одамнинг ичидаги ўйлаётганларини ўқий олади. Қайсидир футболчида муаммолар бўлса, чақириб нима бўляпти деб сўрайди. У кўп мулоқот қилади. Камчиликларимиз бўлса ўзимизга айтиб, тушунтиради. Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бўлади. У Европа футболининг ҳавосини олгани учун машғулотларимизда ҳам бунинг нафаси сезилиб турибди. Канчельскис жисмоний тайёргарликка кўпроқ эътибор қаратишни яхши кўрар экан. У ҳамма билан яхши тил топишди. Қисқаси, Канчельскис яхши мутахассис. Ҳозирги қийин шароитда жамоани руҳлантириш мураббий учун осон эмас. Аммо у бизни руҳлантира олди.

Клубдаги кейинги тақидири тўғрисида

- Мураббий иш бошлаб, бир-иккита ўйин ўтгач, ўзига керакли футболчиларни чақириб, бирма-бир гаплашди. Бу борада мен билан ҳам суҳбатлашди. Насиб қилса, жамоамизнинг ўзаги сақланиб қолади. Барибир таркибга 5-6 нафар янги кучлар қўшилади. Охирги иккита ўйинни ўтказиб олганимиздан кейин бу мавзуда янада батафсил гаплашиб оламиз.

“Бунёдкор”дан олти очко олиб ташланиши ҳақида

- “Бунёдкор”дан олти очконинг олиб ташланиши барибир ачинарли бўлди. Улар қийин ва пулсиз шароитда ўйнаб, охиригача курашишаётганди. Ҳеч бўлмаганда шу йил учун уларга тегмай туриш керак эди. Ҳар ҳолда “Бунёдкор” интриганинг ошишига сабаб бўлаётганди. Йил давомида катта меҳнат қилишганди, шу боис уларга ачиндим. Қандай жамоа эканлигини ҳаммага исботлаб беришганди. Интригани қиздириб беришганди. Энди эса клубдан олти очконинг олиб ташланиши интригани йўқотди деб ўйлайман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!