Рўзиқул Бердиев: "Бу фақат Марконинг айби эмас, ҳакам ВАРдагилар билан нима ҳақда сўзлашгани менга қоронғу"
Ўзбекистон Суперлигаси 23-туридан ўрин олган "Насаф" - "Бунёдкор" учрашуви ниҳоясига етди. Унда жамоалар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Беллашувдан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиевнинг фикрлари билан танишиб чиқинг:
"Ғалабага жуда яқин эдик. Афсуски, вазиятларни голга айлантира олмадик. Пенальтидан ҳам унумли фойдалана олмадик. Бу жуда аламли бўлди. Сабаби, бугунги йўқотилган 2 очко бизга жуда муҳим эди.
Охирги 3 ўйинимизнинг биринчи бўлимида жуда суст ҳаракат қиляпмиз. АГМК, "Қизилқум" ва бугунги ўйинда ҳам қийинчиликка дуч келдик. Аммо иккинчи таймда вазиятни ўнглашга муваффақ бўлдик.
Рақиб бугун кўпроқ ҳимояланди, қарши ҳужумларда ҳаракат қилди. Бизда ғалаба учун имкон кўп эди. Вазиятлар ярата олдик. Бироқ улардан муносиб фойдалана олмадик. Рақибларни тушунамиз. Улар бизнинг очко йўқотишимиз учун майдонга чиқишмоқда.
Мавсум охирлаб бормоқда, ҳар бир клуб ўйинларга муносиб тайёргарлик кўрмоқда. Ҳали ҳаммаси ўз қўлимизда. Биз охиригача курашамиз ва мақсадимизга эришамиз.
- Иккинчи таймдаги футболни илк бўлимдан шундай намойиш этса бўлмасмиди?
- Футбол - ўзи шунақа! Чемпионликни сизга шунчаки топшириб қўйишмайди. Шундай экан, қаердадир юрак касал бўлади, қаердадир асабийлашасиз. Лекин биз охиригача курашишимиз керак. Имкониятимиз яхши ва буни қўлдан чиқармаслигимиз керак.
- Бугун икки легионер хизматидан фойдаланмадингиз. Улар сизнинг тактикангизга мос тушмадими ёки бошқа режалар бормиди?
- Икки футболчимиз ҳам қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилади. Лекин бизга қарши жамоалар бундай ўйнашга имкон бермайди. Шуни ҳисобга олиб, биз қанотдан узун паслар билан ўйнашга мажбур бўлмоқдамиз. Сабаби, бошқа клублар биз билан асосан, ҳимоявий футбол намойиш этмоқда.
- Норчаевнинг алмаштирилиши мажбуриймиди ёки ...?
- Ҳа, мажбурий эди. У елкасидан жароҳат олди. Шифокорларнинг айтишича, ҳаммаси жойида. Фақат у қаттиқроқ лат еганини айтишди. Ўйлайманки, у кейинги ўйингача тайёр бўлади.
- 30 октябрь куни Бухорода кубок финали кутиб турибди. "Навбаҳор" билан бўладиган ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- Биз бугундан ўша баҳсга тайёргарликни бошладик. Финалга бекорга чиққанимиз йўқ. Мақсадимиз - ғолиб бўлиш, албатта. Йигитлар ўз вақтида учрашувга тикланиши лозим.
- Пенальтини Станоевичдан бошқа футболчи тепиши мумкинмиди?
- Бизда пенальтиларни Норчаев кўпроқ амалга оширади. Марко оғир ўйин бўлганлиги боис тажрибасидан келиб чиқиб, масъулиятни ўз бўйнига олган эди. Афсус, амалда у вазифани бажара олмади.
Албатта, бу фақат Марконинг айби эмас. Ҳимояда хатоларга йўл қўйганимиз, ҳужумда вазиятларни голга айлантира олмаганимиз натижага кўпроқ таъсир ўтказди.
- Ҳисоб тенглашганда, ҳакам голни инобатга олишда иккиланиб қолгандек кўринди...
- Билмадим, баъзи вазиятда улар ВАРдагилар билан ўзаро гаплашади. Аммо уларнинг нима ҳақда сўзлашгани менга қоронғу.
- "Насаф"нинг кубок финалидаги рақиби ҳам қарши ҳужумда ўйнайдиган жамоами?
- "Навбаҳор"да катта тажрибага эга футболчилар кўп. Бу йилги ўйини ҳар йилгига нисбатан анча ўзгарган. Энг тартибли ўйнайдиган ва албатта, қарши ва позицион ҳужумларда ҳам яхши ҳаракат қилади. Ўйлашимча, икки муносиб клуб финалда майдонга тушади.
Очиқ футбол бўлиши? Аниқ билмадим, тўғриси. Менимча, финалларда кўпроқ натижа ёдда қолади.
Фикрлар