Рўзиқул Бердиев: Чемпионатдан ҳам кўра кубок учун кураш қизғин бўлади

Хабарингиз бор, бугун Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Қуръа натижасига кўра, "Насаф" билан биргаликда «Сурхон», «Қизилқум» ҳамда «Машъал» жамоалари «Б» гуруҳидан ўрин олди.

Қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев клуб матбуот хизматига қуръа ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Ўзбекистон кубоги учун бўлиб ўтган қуръа ташлаш маросимини кузата олмадим. Чунки жамоамиз билан кечки машғулотларни олиб бораётгандик. Қуръа натижалари билан интернетда танишдим. Ўйлайманки, гуруҳдаги жамоалар бир-бирларига мос тушишди. Кубок учун курашлар муросасиз кечади. Кўп жамоалар кубокни қўлга киритишни ўз олдиларига мақсад қилишади. Бу йилги футбол мавсуми шуни кўрсатаяптики, кўп жамоаларнинг кучлари тенглашган. Шунинг учун кубок учун бўладиган кураш чемпионатимиздан-да, қизиқарлироқ бўлади, - деди Рўзиқул Бердиев.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)