“Рубин” – “Андижон-2” баҳси Қибрайда, “Ифтихор” — “Нефтчи” ўйини эса Фарғонада бўлади
Жумладан, 24 апрель, чоршанба куни А Про-лига 4-тури доирасида “Ифтихор” жамоаси “Нефтчи”га қарши баҳс олиб боради. “Ифтихор” клуби ўз уй учрашувларини ўтказадиган Олтиариқдаги стадионда ҳамон қурилиш ишлари якунланиб улгурмагани боис мазкур учрашувда “Нефтчи” жамоаси мезбон мақомида ўйнайди ва учрашув “Нефтчи” майдонида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этиш жоиз, “Ифтихор” жамоасига жорий мавсум ҳисобидан охирги марта бундай имконият шартли равишда тақдим этилмоқда. Кейинги уй учрашувига қадар мазкур клуб ўз стадионини тўла таъмирдан чиқариб улгуриши шарт.
Шунингдек, 23 апрель, сешанба куни B Про-лигада ҳам 3-тур учрашувлари ўтказилади. Мазкур тур доирасида “Рубин” жамоаси “Андижон-2”ни қабул қилади. Ушбу клуб ўз уй ўйинларини ўтказадиган Оҳангарондаги стадион майдони ҳолатига 3 кун ёғган ёмғир ўз таъсирини кўрсатди. Шу сабабдан оҳангаронликлар мазкур ўйинни Қибрайда ўтказиш сўрови билан чиқишди ва ПФЛ вазиятни инобатга олган ҳолда “Рубин” клубига бу галги баҳсни Қибрайда ўтказишга рухсат берди.
Фикрлар