Руслан Аҳмедов: "Ўзбекистонда зўр плеймейкерлар саноқли"
“Хоразм” жамоаси ўз уйида “Шўртан”ни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратганидан кейин мезбонлар бош мураббийи Руслан Аҳмедов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- “Хоразм” мухлисларини ғалаба билан табрикламоқчиман. Улар охиригача мухлислик қилади. Ўйин ҳақида гапирсам, ташаббус бошида биз томонда эди. 15 дақиқа ичида 2:0 ҳисобида ютаётгандик. Аммо кейин ташаббусни бирдан бериб қўйдик. Натижада гол ўтказдик. Иккинчи бўлимда 10 киши қолдик ва ҳимояландик. Захирадан ўйинчи алмаштиришни тўғри қилганимиз учун гол урдик.
- Ярим ҳимоячиларнинг ўйинидан қанчалик қониқиш ҳосил қиляпсиз?
- Футболчиларга шикоятим йўқ. Барчаси меҳнат қилди. Барибир озроқ тажриба етмаяпти. Ўйин шаклланиши учун бироз вақт керак. Жамоамиз аста-секин тикланяпти.
- Майдон марказида ўйинни ўз қўлига оладиган футболчи, плеймейкер етишмаяпти...
- Бир томондан тўғри. Ўзбекистонда ўйинни олиб борадиган зўр плеймейкерлар саноқли. Ўйинни кўпинча стратегия билан яратамиз. Статистика бўйича тўпни 40-45 фоизга назорат қиламиз. Лекин бу кам. Бунинг фоизини ошириш учун ҳам тажрибали футболчилар керак.
- Роккини қачон майдонга туширасиз?
- Ҳужжат ишлари ҳал бўляпти. Кубок учрашувларида уни кўрамиз, деган умиддамиз.
Фикрлар