Руслан Ахмедов: "Хоразм"да тажрибали ўйинчилар етарли бўлганда, биз учрашувга бошқача ёндашган бўлардик"
“Машъал” – “Хоразм” (1:0) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар мураббийи Руслан Ахмедов журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Авваламбор, рақибни ғалаба билан табриклайман. "Машъал" - шаклланган ва тартибли жамоа.
Йигитларга раҳмат айтаман. Улар қўлдан келганча ҳаракат қилди. Қолган жамоаларга қараганда бизнинг таркибимизда ёш футболчилар кўп. Улар билан олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз.
"Машъал"да ишлаган пайтим жамоадаги 5-6 йигитларга мураббийлик қилганман. Ўйин олдидан муборакликларни тактик томондан ўрганиб чиққандик. Бироқ улар барибир кучли ўйин намойиш этди. Умуман олганда, менинг собиқ шогирдларим яхши ҳаракат қилди. Қаерда бўлмасин, улар намунали ўйин кўрсатса, мен фақат хурсанд бўламан.
Таркибимиздаги футболчиларнинг кўпи катта тажрибага эга эмас. Шу сабабдан, биз ўйин давомида эҳтиёткор ўйин кўрсатдик. Агар бизда тажрибали ўйинчилар етарли бўлганда, биз учрашувга бошқача ёндашган бўлардик.
Ўтказиб юборган голда ҳимоячиларнинг эмас, балки дарвозабоннинг кўпроқ айби бор, десак ҳам бўлади. Бироқ мен жамоадан, футболчилардан шикоят қилмоқчи эмасман. Улар берилган топшириқ асосида ҳаракат қилди. Бу футбол. Унда кимдир ютади, яна кимдир ютқизади.
Кубокдаги рақибларимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, Суперлиганинг икки жамоасига қарши ўйнаш осон бўлмайди. "Локомотив" ва АГМК Суперлиганинг энг олди клубларидан бири ҳисобланади. Аммо биз курашишдан қайтмаймиз. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
"Хоразм" жамоаси ўз олдига вилоят футболини ривожлантириш, Про-лигада юқори ўринлар учун курашиш вазифасини қўйган. Суперлигага чиқиш учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Бироқ бу биз учун осон бўлмайди.
Манба: "Хоразм" клуб матбуот хизмати.
Фикрлар