Рустам Акрамов: "КХДР ва Сурияга қарши ўйинлар бизга нима берди?"
Футболимиз профессори Рустам Акрамов айни пайтда ҳам ўзбек футболидаги воқелик ва юз бераётган ўзгаришларни кузатиб келмоқда. Катта тажрибага эга бўлган мутахассис ўзининг кескин, очиқ-ойдин ва холис фикрлари билан ўз муносабатини билдириб туради. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда ўзбек футболидаги ўзгаришлар ҳамманинг эътиборини ўзига тортмоқда. Табиийки, бундан Акрамов ҳам мустасно эмас. Шу боис бир қатор масалаларда Рустам Акрамовичнинг қарашлари билан қизиқиб кўрдик.
«Энди Эрматов жаҳон чемпионатига қандай боради?
Аввало ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ўрнига вақтинчалик Равшан Эрматов тайинлангани борасида ўз муносабатини билдиришини сўрадик. Профессиор эса бу масалада ҳали аниқ бир фикр билдира олмаслигини айтди ва шундай деди:
- ЎФАдаги ўзгаришга ҳеч қандай изоҳ бера олмайман. Равшан Эрматов расман вице-президент бўладиган бўлса, бу ёқда ҳакамлик фаолияти нима бўлади? 2022 йили бўладиган жаҳон чемпионатига қандай қилиб боради? Энди у қандай ҳакамлик қилади? Тўғриси, бир нима дейишим қийин. Бу тўғри бўлдими ёки нотўғрими, билмадим. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
«Ҳозирча терма жамоамизнинг реал кучини кўрмадим»
Ўзбекистон миллий терма жамоаси яқинда бир қатор ўртоқлик учрашувларини ўтказди. Сентябрь ойида эса ЖЧ-2022 саралаш баҳслари бошланади. Акрамов эса миллий терма жамоамизнинг бугунги ҳолати ҳақида фикр билдирди.
- Бизнинг йўл қўйган хатоларимиздан бири шуки, кучли рақибларга қарши етарлича ўйнамаяпмиз. Тошкентда КХДР ва Сурия билан ўйнадик. Аммо Шимолий Кореяда футбол даражаси пастга тушиб кетган. Сурияга келсак, улар Тошкентга деярли иккинчи таркиб билан келишди ёки бўлмаса улар ҳали бу учрашувга тайёр эмасдилар. Шуни айтмоқчиманки, ҳозирги пайтда миллий терма жамоамиз тўғри йўлдан кетяптими? Реал олиб қарасак, қандай кучга эга? Буларни била олмаяпмиз. Шахсан мен бу вазиятда терма жамоамизни тушунмаяпман. Икки-учта кучли жамоаларга қарши ўйнаганидан сўнг бу саволга аниқ жавоб берса бўлади.
«Купер нима дерди? Жамоамиз ёмон деб айтмайди-ку!»
Шуни ҳам айтиш керакки, терма жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер охирги матбуот анжуманида саралаш баҳсларига жамоаси тайёр эканлигини, йиғинлардан кўнгли тўлганлигини айтганди. Бунга эса Рустам Акрамов ўз муносабатини қуйидагича билдирди.
- Бундан бир неча ой олдин сизга Эктор Купер ишни тўғри бошлади деб айтгандим. Орадан уч ой ўтганидан кейин Купер нима ҳам дерди? Ахир жамоамиз ёмон, ишимиз яхши эмас, деб гапирмайди-ку. Табиийки, у бундай йиғинлардан кейин биз тайёрмиз ва яхши йиғин ўтказдик, саралаш баҳсларида яхши қатнашамиз дейди-да. Кузатамиз, ҳаммасини вақт кўрсатади, - деди Акрамов.
«Уругвайга ўхшаган жамоалар билан кўпроқ ўйнашимиз керак»
Рустам Акрамовичнинг терма жамоамиз ҳақида билдираётган фикрларидан шуни билса бўладики, унда хавотирлар йўқ эмас. Биз эса шуни инобатга олган ҳолда ундан айнан нимадан хавотирланаётгани ҳақида билишга қизиқдик.
- Яширмайман, менда хавотир бор. Барибир халқаро даражадаги савия бошқа. Бизда жаҳон чемпионатида ўйнаш бўйича маҳорат етишмаяпти. Бизда етакчимиз Одил Аҳмедов бор. Аммо ҳозирга келиб у ҳам унчалик яхши ўйнай олмаяпти. Шунинг учун кучли рақибларга қарши ўйинлар ўтказсак яхши бўларди. Айниқса, Уругвай терма жамоаси савиясидаги рақиблар билан ўйинлар ўтказиш биз учун фойдали бўларди. КХДР ва Сурия билан ўйнадик, лекин бу учрашувлар бизга нима берди? Ҳеч нима бермади. Шу боис юқорида айтганимдек, ҳозирги пайтда жамоамиз қандай ҳолатда? Яхшими ёки ёмонми, тушунмай қоляпман.
«Турклар билан ўйинда терма жамоамиз савияси кўриниб қолган»
Тўғри, кучли рақибларга қарши ўйинлар доим терма жамоамиз учун фақат фойда келтиради. Аммо доим ҳам бунинг имкони бўлармикин? Яқинда вакилларимиз сафарда Туркия терма жамоаси билан ўйин ўтказиб қайтганди. Мутахассис эса бу борада шундай деди:
- Терма жамоамизнинг Туркияга қарши ўйинини кўрганим йўқ. Лекин шогирдларим бу учрашув ҳақида менга маълумотларни айтишди. Эшитишимча, турклар билан фарқимиз анча катта. Терма жамоамизнинг савияси бу ўйинда кўриниб қолган.
«Ҳозирча олимпия жамоамизда ҳам ўйин чизгисини кўрмаяпман»
Шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳақида ҳам фикрлари қандайлигини билишга ҳаракат қилдик. Бош мураббий Любинко Друлович ҳам жамоамизни Олимпиадага олиб чиқишга ишонаётгани ҳақида алоҳида таъкидлаганди. Умуман олганда, бу борадаги имкониятлари ҳақида Рустам Акрамов қуйидагича фикр билдирди.
- Друлович яна нима десин? Мен жамоамизга ишонмайман, Олимпиадага олиб чиқа олмайман демайди-ку. У ҳам Купер каби жамоа яхши, кўнглим тўқ, ижобий натижаларни кутамиз дейди-да. Албатта, олимпия терма жамоамизнинг ўйинларини ҳам кузатдим. Лекин ҳали олимпия терма жамоамизда ҳам ўйин чизгисини кўрмаяпман. Футболда бир қатор атамалар борки, уларни ҳозирча олимпия жамоамизда сезмаяпман. Худди шундай тарзда миллий термамизда ҳам кўрмаяпман. Афсуски, ҳали ҳам жамоаларимизда ўйин сурати бор деб айтиб бўлмайди. Лекин ҳали ҳал қилувчи мусобақага ярим йил вақт бор. Балки унгача жамоамиз ўйини янада яхшиланиб қолар.
Фикрлар