Рустам Турдимуродов "Ворскла" билан ўйиндан сўнг: "Тўғриси, тезкор гол уришимни кутмагандим"
“Андижон” клуби Украинанинг “Ворскла” жамоасига қарши учрашувда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонганидан хабардорсиз.
“Бургутлар” сафида ҳужумчи Рустам Турдимуродов 2-дақиқадаёқ тезкор гол урди. Бу орқали у жамоасининг Анталия йиғинидаги ўртоқлик учрашувлари доирасида илк голи муаллифига ҳам айланди.
Турдимуродов ушбу беллашув борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- “Андижон”нинг Анталия йиғини доирасидаги иккинчи ўртоқлик учрашувида “Ворскла”ни мағлуб этди ва сиз жамоанинг илк голи муаллифига айландингиз. Тезкор гол уришингизни ўйлаганмидингиз?
- Тўғрисини айтсам, тезкор гол уришимни ўйламагандим. Кутилмаганда бўлди, вазият юз берди ва бундан фойдаланиб қолдим.
- Ўйин сизда қандай таассурот қолдирди?
- Биринчи учрашувдан кўра яхшироқ ва қизиқарлироқ ўтди. Машғулотларда қўллаётган услубларимизни ўйинда кўпроқ қўллай олдик, деб ўйлайман. Айнан биз хоҳлаган нарсаларимиз кўпроқ ўхшади.
- Лекин, билишимча сиз ҳам ҳисобнинг 4:3 билан якунланишини кутмаган бўлсангиз керак-а?
- Йўқ, бунисини кутмагандим.
- Бунгача “Ворскла”ни қандай тасаввур қилгандингиз?
- Ҳар доимгидек украин клубларидаги футболчилар бўйдор, гавдали, тезкор ва кучлироқ бўлишади. Шуни кутгандим. Аммо ўзимиздан устун томонларини кўрмадим. Уларга қарши биринчи марта ўйнадим.
- Ўйин давомида сизга ёққан ва ёқмаган жиҳатлари нимада бўлди?
- Ёққан томони айтиб ўтганимдек, машғулотда бажараётган усулларимиз ўйин давомида кўринди. Ёқмагани эса ўзим учун ҳали жисмонан тўлиқ тайёр бўлмаганимни айтган бўлардим. Аммо аста-секин жисмоний тарафдан ҳам қўшиб боряпман.
- Бундай йиғинда энг муҳими ўйин амалиётини шакллантириш учун ўртоқлик учрашувлари ҳисобланади. Олдинда яна бир қанча беллашувлар кутмоқда. Яна нималарга эътибор қаратилмоқда?
- Айтишим мумкинки, жисмоний ҳолат барчада яхши. Кўпроқ ҳимоядан ҳужумга ўтишга урғу қаратяпмиз. Ўйинларимиз кўп. Машғулотдаги усулларимизни ўйинга олиб чиқишга ҳаракат қиляпмиз...
- ...Ва шу ҳолат “Ворскла” билан учрашувда кўринди.
- Ҳа, ўйин мобайнида анча кўзга ташланди. Ўзим ҳам мазза қилиб ўйнадим. Анча ўхшади.
Фикрлар