«Рух» мураббийи билан келиша олмагани, Европада қолмоқчилиги ва Украинадаги қийинчиликлар ҳақида Абдухолиқов билан интервью

Украина чемпионатида дебют қилган ҳамюртимиз - Бобир Абдухолиқов ҳозир янги жамоа излашга тушиб кетганидан хабарингиз бор. Легионер сифатида илк мавсумини ўтказган ҳужумчи билан Европадаги футбол, янги режалари борасида суҳбат уюштирдик.

- «Рух» жамоасидаги дебют мавсумни омадли чиқди, деб бўлмайди. Мослашиш жараёни шу қадар қийин кечдими?

- Афсуски, шундай. Футболчилар билан тил топишиб кетишда муаммога дуч келмадим, лекин бош мураббий ҳақида ундай, деб бўлмайди. Барибир, биринчи маротаба легионер бўлганим, бу борада тажрибасиз эканлигим панд берди. Асосий жамоада дебют қилмаган бўлсамда, ўринбосарлар сафида голлар урдим. Вазият тақозо қилган паллада ҳам менга ишонч билдирилгани йўқ. Шу боис, жамоа билан ўртадаги шартномани бекор қилдим. Аслида, Украинанинг бошқа жамоаларидан ҳам таклифлар бор эди, лекин жамоага бўлган ҳурмат юзасидан бошқа мамлакатда тўп сурмоқчиман.

kgoergoekrohkerh

- Легионерлик масъулияти сиз ўйлаганингиздан ҳам оғирроқ эканми?

- Тўғриси шундай. Буни ўзимда ҳис қилдим. Уйдан узоқда, дўст биродарларсиз ҳаёт кечириш осон эмас. Боз устига, бирга улғайган жамоадошларимнинг йўқлиги ҳам сезилиб қолди. Шунга қарамай, сабр қилишда давом этдим. Афсуски, бош мураббий ишонч билдирмади. Бу вазифамни икки ҳисса мураккаблаштириб юборди.

- «Насаф» жамоасини ўйинларини кузатиб боряпсизми? Янги жамоа ҳақида фикрингиз қандай?

- «Аждарлар»нинг 90 фоиз ўйинларини томоша қиламан. Уларни халқаро майдондаги зафарли юришлари мени хурсанд қилди. Рўзиқул Бердиевнинг янги жамоасидаги йигитларнинг аксарияти билан танишман. Яхши футболчилар. Уларни келажакда ўзи истаган чўққиларни забт этишига тилакдошман. Йигитларга ва «Насаф»га олдиндаги ўйинларда омад тилайман.

kgoeroherkheh

- Фаолиятингизни қаерда давом эттирмоқчисиз? Режаларингиз қандай?

- Уйда оила даврасида ҳордиқ чиқардим. Ҳозир, бир нечта клублардан таклифлар бор. Уларни кўриб чиқяпмиз. Насиб қилса, Европада қоламан. Мақсадим аввал бошидан шу эди. Насиб қилса, тез орада янги жамоам номини эълон қиламан. Ҳозир, бир неча жамоада кўрикдан ўтишим керак. Менга ва иқтидоримга ишонч билдирадиган мураббий қўл остида тўп суришни истайман. Ҳали ҳаммаси олдинда. Ўз устимда 2 баробар кўпроқ ишлашим ва легионер бўлишга ҳақли эканлигимни исботламоқчиман. Бунинг учун барча нарсага тайёрман.

- Хорижда бўлдингиз. Айтингчи, Украина футболида нима биринчи ўринда?

- Сўзсиз жисмоний тайёргарлик. Нафақат «Рух», балки барча клублар ёпиқ футболга мослашган. Фақат грандларгина эркин ва замонавий футбол таклиф этиши мумкин. Қолганлар имкон бўлиши билан қарши ҳужумга ўтади. Асосан, ҳимояга урғу беради. Мен ҳам шундай жамоалардан бирида тўп сурганим учун жисмонан ўсишим кераклигини англадим.

- Нима учун «Рух» жамоаси таклифини қабул қилган эдингиз? Сизда вариантлар кўп эдику?!

- Гапингиз рост. Шунчаки, менга ушбу клубни ёш футболчиларга ишонч билдиргани, Украина чемпионатида дебют қилаётгани чиройли кўринди. Ёш ва янги коллективда ўрнимни тезроқ топаман, деб ўйлаган эдим. Тан олиш лозим, у ерда футболчилар учун яратиб берилган шароитлар ҳавас қилса арзигулик даражада. Футболчи учун ҳамма нарса муҳайё. Шунчаки, майдонга чиқиб тўп суриш лозим. Украинада ўтган фаолиятимдан кўп нарса ўргандим. Бу тажриба кейинчалик менга қўл келади, деган умиддаман. Ҳозир, ҳаётимдаги бу саҳифани ёпиб, янги мақсадлар сари интилмоқчиман. Ҳали ҳеч нарса бой берилмади. Ишлашда давом этиш керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!