Самвел Бабаян: "Андижон" бежизга чемпионатда етакчилик қилмаяпти"

Ўзбекистон Кубогининг 2-туридаги “Навбаҳор” – “Андижон” (2:1) беллашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян ҳам журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Биринчи навбатда “Навбаҳор” мухлисларини табриклайман. Жуда оғир учрашув бўлди. Лекин ғалаба қозондик. Ўйинга тўхталадиган бўлсак, биз жуда яхши рақибга қарши ўйнадик. Улар бежизга чемпионатда етакчилик қилишмаяпти. Ўйин ташкилотчилиги жиҳатдан юқори даражада. Биздан диққат-эътиборини беллашувга қаратиб, баҳсга креатив ёндашишимиз талаб этиларди. Бугун яхши ўйин кўрсатдик. Бундай ўйин учун йигитларга раҳмат айтаман. Деярли учрашувнинг барча жиҳатларида назорат қилиб бордик. Фақат охирида бироз эътиборсизлигимиз туфайли тўп ўтказиб юбордик. Аммо ғалабани сақлаб қолдик. 2:0 ҳисобида олдинда бораётганимизда ҳам имкон қадар рақибга ўйин бермасликка ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, ҳар қандай ҳолатда ҳам хотиржамликка йўл қўйиб бўлмайди. Жамоамиз яхши ўйнади ва ғалабага лойиқ эдик.

- “Навбаҳор” кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Энди кейинги учрашувда ёшларни майдонга тушириб таркибда ротация қиласизми?

- Албатта, буни табиий ва кун саволи деб айтишим мумкин. Ҳар бир учрашув масъулиятли. Тўғри, биз Кубок мусобақасининг кейинги учрашувида ёшларни майдонга туширсак бўлади. Лекин тажрибали ўйинчиларга ҳам амалиёт керак. Ҳа, бироз ротация қилишимиз мумкин. Аммо чемпионат бўладими, Кубокми, юқори натижалар учун курашамиз. Чемпионат ўйинларидан сўнг бизга Кубок доирасида “Динамо”, “Насаф” ва “Андижон” каби яхши рақиблар дуч келганидан хурсандман. Уларга қарши яхши ўйинлар кўрсатяпмиз. Ўйинлар борасида бир қатор салбий жиҳатларимиз бор эди. Бундай беллашувлар орқали ҳаммасини яхшилаб боряпмиз. “Динамо” билан ҳам яхши ўйин бўлади. Ўша баҳсда вазиятдан келиб чиқиб айрим ёшларга имконият берамиз.

- Ҳамма учинчи голни кутганди. Аммо бу бўлмади.Бунга нима сабаб бўлди? Чарчоқми ёки 2:1 ни сақлаб қолиш мақсадида учинчи голга ҳаракат қилинмадими?

- Рақиб ўйин бошидаги тактикасини давом эттирди. Яхши ҳимояланишди. Рақиб қарши ҳужумларда кўпроқ ўйнади. Ҳисоб 2:0 га етгач, улар олдинга интилишди. Бу футбол, унда баъзи нарсалар ўхшайди ёки аксинча. Кўрдинглар, йигитларимиз қўлдан келганича ҳаракат қилишди. Уролмаган голларимизни кейинги ўйинга сақлаб қўйдик.

- Ҳақназари нима сабабдан майдонга тушмаяпти?

- У шуғулланишни бошлади. “Сурхон”га қарши учрашувда жароҳат олганди. 15 кун давомида даволанди. Машғулотларга яқинда қўшилди ва доимий назоратимизда.

- Аброр Исмоилов ўйиннинг охирги дақиқаларида чарчаб қоляпти. Бу юклама билан боғлиқми?

- Яхши тайёргарлик бўлмаса бундай темпдаги ўйинларда зўр ўйин кўрсатиш қийин бўлади. Аброрга тўхталсам, унинг ҳаракатлари яхши. Жисмоний тайёргарлиги яхши бўлмаса майдонда яхши ўйнай олмайди. Учрашув тугашига 10 дақиқа қолганида у жароҳат олди. Агар толиққан бўлганида ўйнай олмаслигини айтарди. Менимча, яхши ҳаракат қилди. Аброр барча жиҳатлар бўйича яхши ўйин кўрсатмоқда.  

- Оддий вазиятда “Андижон” гол урди. Бу нима билан боғлиқ? Шунингдек, Никабадзе ҳақида фикрингиз?

- Мувозанатни йўқотишимиз ҳисобига гол ўтказдик. Буни кўриб чиқамиз. Бир-бирига ишониш натижасида рақиб футболчиси гол уриб кетди. Икки ҳимоячи ўша вазиятда бир-бирини тушуниб ўйнаши керак эди. Лекин бундай бўлмади. Никабадзени ўйини бизни тўлиқ қониқтирганида унга кўпроқ ўйин амалиётини берган бўлардик. У яхши ҳаракат қиляпти. Бироқ бугунги “Навбаҳор”нинг даражаси уни асосий таркибга тушишга йўл қўймаяпти. Рақобат бизда кучли. Машғулотларда уни яна кузатамиз. Бугун у майдонга тушиб ёмон таассурот қолдирмади. ОЧЛда қандай вазиятга тушганимизни яхши биласизлар. Бизга Табатадзега шерик керак эди. Ўтган мавсумда Ўзбекистон чемпионатида ёмон ўйнамаганди. Шу сабабли жамоамизга таклиф қилганмиз. Легионерлар орасида Тома Табатадзе яхши ҳаракат қиляпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!