Санъат Шихов: "Сўғдиёна"нинг олдига катта мақсадлар қўйилаётгани мени қизиқтириб қўйди

«Мавсум-2019»ни Олмалиқнинг АГМК клубида ўтказган иқтидорли футболчи Санъат Шихов жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Аслида унинг АГМКдан кетишини анча аввал эшитгандик. Аммо ўша пайтда футболчи бу борада бироз сукут сақлаб туришимизни илтимос қилганди. Ниҳоят, куни кеча унинг  расман АГМКни тарк этгани маълум қилинди. Айтиш жоизки, Шихов АГМК таркибида Суперлигада 18 та учрашувда майдонга тушиб битта гол урди ва икки марта голли пас оширди. Шунингдек, у жароҳатлар туфайли бир қанча ўйинларни ҳам ўтказиб юборишга мажбур бўлганди. Айни пайтда эса Санъат яна ҳаммасини бошидан бошламоқчи. Ўзининг айтишига қараганда, янги мавсумни Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубида бошламоқчи.  

- Санъат, расман АГМК клубидан кетганингиз аниқ бўлди. Бундай ташаббус ўзингиздан чиқдими ёки бошқа сабаб бўлдими?

- Албатта, АГМКдан кетиш фикри ўзимдан чиқди. «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан олдин «Бухоро»да ҳам бирга ишлагандим. У эса мени «Сўғдиёна»га таклиф қилди. Шу муносабат билан яна бир бор Бақоев билан бирга ишлашни хоҳладим. АГМКнинг охирги йиғинидан кейин расман кетганимни эълон қилдим. Янги йил байрамидан кейин жиззахликлар таркибига қўшиламан.

- Демак, Улуғбек Бақоев сизнинг қарорингизга таъсир кўрсатган. Умуман, «Сўғдиёна» жамоаси ҳақида фикрингиз қандай?

- Яқинда йиғин бошланишидан олдин Улуғбек ака билан учрашиб ҳаммасини гаплашиб олдик. Барибир у менинг фойдали жиҳатларимни яхши билади. Бу йил АГМКнинг ҳам мақсадлари ёмон эмасди. Барибир «Сўғдиёна»га ўтишимда асосий ролни Бақоев бажарди деб ўйлайман. Янги мавсумда «Сўғдиёна»нинг олдига катта мақсадлар қўйилаётгани мени қизиқтирди. Шу боис АГМКдан кетишга аҳд қилдим ва бу мен учун тўғри қарор деб ҳисобладим. Шу ўринда Миржалол Қосимовга ҳам миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, мураббийлар штабига ҳамда мен билан бирга ўйнаган футболчиларга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Олмалиқда чиндан ҳам яхши жамоа бор эди. Гарчи жамоанинг олдига қўйилган мақсадларга эришиш ўзимиз кутганчалик бўлмаган бўлса-да, яхши футболчилар йиғилганди. Кейинги мавсумда АГМКга омад тилаб қоламан. Бир томондан қараганда, у ердан кетишим ҳам ноқулай, ҳам қийин бўлди. Лекин менинг ҳозирги вазиятимда жамоадан кетишим энг тўғри қарор бўлганди. Олмалиқликлардан миннатдорман. Агар АГМК клуби раҳбарлари каби инсонлар футболимизда кўпайса, ишонаманки, ўзбек футболи янада кучаяди. АГМК раҳбарлари ҳам менинг қароримни тўғри тушунишади. Клубдагилардан асло хафа эмасман. Ўз навбатида улар ҳам мендан ранжишмаган деган умиддаман. Чунки клубдагиларни хафа қиладиган иш қилганим йўқ. Футболчининг ҳаёти шундайки, бугун бу жамоада бўлса, эртага бошқасида бўлади. Шунингдек, АГМКнинг мухлисларига ҳам раҳмат айтаман. Гарчи клубнинг ишқибозлари кам бўлса-да, улар бизни чин дилдан қўллаб-қувватлашди.

шихов1 

- АГМКда ўтказган бир йиллик мавсумингиз ҳақида сўрамоқчиман. Жамоа бир текисда иштирок эта олмади. Чемпионатни 8-ўринда тугатди, аммо Ўзбекистон Кубоги билан Лига Кубоги финалигача етиб келди. Умуман, АГМК билан бирор нимага эриша олмаганингиз ҳам сизни у ердан кетишингизга сабаб бўлдими?

- Ҳа, бу гапингизда ҳам жон бор. Биринчи даврада ўйинимиз у қадар қовушмаганида йигитлар ҳали бир-бирлари билан тўлиқ тушуниб олишмаганди. Бу эса бизга қийинчилик туғдирди. Иккинчи даврага келиб эса анча ўзимизга келиб олдик. Энди Кубок финалларига келсак, албатта футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тан олиш керак, «Пахтакор» ҳаммадан бир бош эмас, балки икки бош кучли эди. Ростини айтсам, Ўзбекистон Кубоги финалидан сўнг жамоадан кетиш фикрига келгандим. Барибир ҳал қилувчи баҳсда ютқазганимиз аламли бўлганди. «Пахтакор» кучли бўлгани билан бундай ўйин кўрсатиб йирик ҳисобда ютқазмаслигимиз керак эди. Ўшанда «Пахтакор» бизнинг хатоларимиздан фойдаланганди. Мавсум охирларига келиб АГМК яна ўзига келиб, яхши ўйинлар кўрсатишни бошлаганди.

- Сизга «Сўғдиёна»дан ташқари яна бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлдими?

- Жиззахликлардан ташқари менга яна иккита клубдан таклиф бўлди. Улуғбек ака Бақоев билан бир-биримизни яхши билганимиз учун ҳам мен жиззахликларни танладим. Юқорида айтганимдек,» Сўғдиёна» ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда. Насиб қилса, ҳаммамиз биргалашиб олдимизга қўйиладиган мақсадларни бажаришга ҳаракат қиламиз.

- Умуман олганда, якунига етган мавсум сизга қанчалик даражада ёқди?

- Бу мавсумда савия бироз тушди. Чемпионат бошида «Динамо» билан «Сурхон»нинг қўшилиши ҳам ўзини оқламади деб ўйлайман. Тўғри, «Сурхон» ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди ва 6-ўринни олди. «Динамо» эса биринчи даврада яхши таассурот қолдирганди. Лекин охирида «Динамо»нинг Суперлигага тайёр эмаслиги билиниб қолди. Бундан ташқари, 1997 йилдан кичик бўлган бир футболчининг асосий таркибда майдонга тушиш мажбуриятини жамоаларга юклашди. Очиғи, шу нарсани тушунмадим. Мураббийлар барибир ёшларни кузатишади ва ўзини кўрсатаётган ёш футболчиларга шундоқ ҳам имконият беришади. Чунки мураббий ўзига-ўзи душман эмас. Бироқ доимий равишда ёш ўйинчининг майдонга тушиш мажбурияти кўп нарсани бузиб қўйди. Бу эса савияга ҳам таъсир кўрсатди. Ахир бир ёш футболчининг рақобатсиз доимий равишда майдонга тушишини қандай тушуниш мумкин? Бундан ёмони бўлмаса керак. Агар ёш ўйинчининг иқтидори чиндан ҳам катта бўлса, уни ҳеч ким захирада ушлаб ўтирмайди. Афсуски, 1997 йилдан кичик ёшда бўлган ўйинчилар ўртасида соғлом рақобат бўлгани йўқ. Доимий равишда майдонга тушишини билган ёш ўйинчида қандай ўсиш бўлиши мумкин? Лекин футболимиз раҳбарлари имкони қадар савияни кучайтириш ҳаракатида юрибдилар. Умид қиламанки, янги мавсумда ҳаммаси яхши бўлади.

шихов2

- Умуман олганда, «Сўғдиёна» «Мавсум-2019»нинг кашфиётига айланди. Бунда эса Бақоевнинг ҳиссаси катта бўлди. Сизнингча, улар янги мавсумда бундан-да юқорисига қодир бўла оладими?

- Ҳақиқатан Бақоев жуда талабчан мураббий. Футболчилардан эса доим кўп нарсаларни кутади. Шунинг учун янги мавсумда ҳам катта мақсадлар қўйиляпти.

- Сизга хориждан ҳам қизиқарли таклифлар бўлдими?

- Яхши таклиф бўлса кетаман, аммо ҳозирча унақаси бўлмади.

- «Сўғдиёна» билан қачон шартнома имзолайсиз?

- Худо хоҳласа, яқин кунлар ичида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Lochin79
30/12/2019 20:00
Qosimovni hurmat qilmagan,baqoevni hurmat qilarmidi.bu erda pul rol uynaydi.baqoevni hurmat qilgan holda shuni aytamanki,qosimov nomer 1 uzbekistonda murabbiylikda ham,uyinchilikda ham.mayli bar haga omad kelasi mavsum .qaniydi chempionlik uchun hech yuq 6 jamoa kurashsa.
&
Lochin79
30/12/2019 20:00
Qosimovni hurmat qilmagan,baqoevni hurmat qilarmidi.bu erda pul rol uynaydi.baqoevni hurmat qilgan holda shuni aytamanki,qosimov nomer 1 uzbekistonda murabbiylikda ham,uyinchilikda ham.mayli bar haga omad kelasi mavsum .qaniydi chempionlik uchun hech yuq 6 jamoa kurashsa.
&
Абвгд
30/12/2019 18:21
Кетаманни куп гапираркан
Davron Jenjayev
30/12/2019 17:59
pul deyaverin okasi