Сардор Азимов: "Ютиб бўлмайдиган жамоа қолмаган"

“Андижон” клуби Суперлигада 1-ўринни эгаллаб тургани кўпчиликнинг эътиборини ўзига қараётгани рост. Шунинг учун “Бургутлар”нинг Ўзбекистон Кубогидаги иштирокига ҳам қизиқиш катта бўлмоқда.

Биласиз, дастлабки турда андижонликлар “Динамо” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, Наманганда “Навбаҳор”га 2:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Ушбу ўйинда “Андижон”нинг етакчи ўйинчиларидан бири Сардор Азимов қизил карточка туфайли майдондан четлатилди.

“Андижон” матбуот хизмати Азимовдан интервью олди.

- Сардор, аввало, водий дербиси ҳақида сўрамоқчиман. Учрашув сиз кутгандек кечдими? Фикрингиз қандай?

- Дерби ўз номи билан дерби. Биз майдонга жанг қилиш учун чиқдик. Афсуски, биз ўйлаган режа амалга ошмади. Шиддатли, курашларга бой ва хиссиётларга бериладиган ўйин бўлди.

- Иккинчи бўлимда ҳакам сизга ВАР тизимини кўргач, сариқни қизилга айлантирди ва майдондан четлатди. Ўша вазиятда нима бўлганди? Қизилга тортармиди?

- Ҳакамлар ҳаммасини кўрди. Уларнинг ишига аралашмайман. Лекин ўша вазиятда жароҳат етказаман деб сакрамагандим. Шунчаки, улгурмай қолдим ва жазоимни олдим.

- “Андижон”нинг кейинги босқичга чиқиши учун энди “Насаф”ни ютиши керак ва "Навбаҳор"ни натижасига ҳам боғлиқ. Бу борада нима дея оласиз?

- Ҳаммаси ўз қўлимизда. Агар “Насаф”ни мағлуб этсак кейинги босқичга чиқиш имкониятимиз ошади. Шунинг учун барчаси ўзимизнинг қўлимизда. Ютиб бўлмайдиган жамоа қолмаган.

- Шунингдек, "Андижон" мавсум бошидан буён ўйин олди расмий суратга тушиш жараёнида турли кўринишларда намоён бўлмоқда. Бундай ғоя кимдан чиқяпти ва бунинг сабаби нимада?

- Биз шунчаки расмга тушишдан қочиб ноодатий расмга тушяпмиз. Менимча, ҳаммага манзур келмоқда. Ёши катта мухлислар эсласалар керак, биз ёшлигимизда ҳам кўрардик, Европа терма жамоалари шундай ноодатий расмларга тушишарди. Бу ҳам битта ҳавас.

- Шу саволнинг давоми. "Андижон" ўйин олди расмий суратга тушишда бир хилликдан қочяпти ва мавсум охирига қадар айнан яна янги кўринишларда суратга тушишда давом этадими?

- Мавсум охиригача ҳам бу нарса давом этадими-йўқми, буни билмайман. Ҳамма ўз фикрини билдиради, идеа қиляпти. Мана, аста-секин жамоатчиликни назарига тушди.

- Чемпионатда жамоанинг 1-ўриндалигини кўрганингизда нимани ҳис қиляпсиз?

- Ҳиссиётларим бир ҳафтача ажойиб бўлди. Кейин ҳаммаси одатий бўлиб кетди. Энди буни ҳар бир учрашувда кўрсатишимиз керак. Биздан мухлислар юқори ўринлар учун курашишни ундамоқда. Шу боис стадиондаги атмосфера шунчаки “бомба”. Барчаси топ даража, ултрас бургутларга респект.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
23/04/2024 14:17
Андижон га омад хамиша ёр булсин