Сэр Алекснинг ўхшамаган ҳийласи
Бундан 24 йил аввал «Манчестер Юнайтед» ва «Саутгемптон» ўртасидаги ўша машҳур учрашув бўлиб ўтган эди. АПЛнинг одатий учрашувларидан бири нима учун «қизил иблислар» тарихидан муқим ўрин эгаллаган дейсизми? Унда мақолани охиригача ўқинг!
Премьер-лиганинг сўнгги турлари арафасида Алекс Фергюсон шогирдлари «Саутгемптон» меҳмони бўлганди. Учрашувнинг биринчи бўлими охирлаб бораётган бир пайтда, ҳисоб 3:0 мезбонлар фойдасига. Тайм якунлангач, Фергюсон кийиниш хонасида барча футболчиларга қарата «ечинг бу лаънати футболкани», деб ўшқирди. «Қизил иблислар»нинг олтин авлоди дарҳол мураббийнинг айтганини қилди ва захирадаги 3-комплект – кўк рангли футболкаларни кийиб иккинчи бўлимни бошлади.
Ўша учрашув ҳақида Гарри Нэвилл қуйидагича хотирлайди: «Биз сэр нима учун либосларимизни алмаштиришимизни талаб қилганини дарров англадик. Буни тушунтириб бериш жуда мушкул».
Дарҳақиқат, ўша кулранг либослар «Манчестер Юнайтед» тарихидаги энг омадсиз экипировка сифатида абадий қоладиган бўлди. Гап шундаки, Фергюсонни ғазаблантирган футболкаларда МЮ 5 та учрашувда майдонга тушган бўлса, 4 та ўйинда мағлуб бўлган ва атиги бир учрашувда ягона очкони қўлга киритган, холос.
Иккинчи бўлим бошланди. “Ферги бобо” шогирдлари ўйиннинг иккинчи ярмида бироз ўзини ўнглаб олди. Вазиятлар яратишни бошлади. Ҳатто Гиггз ҳисобни қисқартирди ҳам, бироқ ўша куни уларга футболкаларни алмаштириш ҳам мағлубиятдан қутилиб қолишга имкон яратмади. Ўйиндан сўнг, Фергюсон барчага нима учун кулранг либосларни биринчи бўлимда ахлат қутисига улоқтириб юборганини тушунтириб берди: «Кулранг либосда футболчилар бир-бирларини деярли кўрмай қолди. Тўғрироғи, рақибни ажрата олмай қолишди. Йигитлар бошларини кўтаришганида жамоадошларини майдонда кўрмаганини ҳам айтишди. Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ».
1996 йилда ўзининг «Манчестер Юнайтед»даги сўнгги мавсумини ўтказаётган Ли Шарп ўйиндан 10 йил ўтиб, “The Guardian” нашри учун берган интервьюсида вазиятга ойдинлик киритиб ўтади. «Очиғи, футболчилардан бирортаси футболкаларнинг рангидан жабр кўргани ҳақида айтган сўзлари эшитмаганман. Ўша пайтда ёнимизда қўшимча либослар бор эканлигига ҳалигача ҳайрон қоламан. Ёдимда бор, ўйин олдидан мураббийлардан бири кулранг либос «Саутгемптон»нинг уй формасидан ажралиб туришини айтган ва биз ўйинни айнан шу рангдаги футболкада бошлаганмиз. Тўғриси, «авлиёлар»нинг қизил ва оқ рангли либослари билан кулранг қандай қўшилиб кетиши мумкинлиги ҳақида ҳалигача бош қотираман».
Ушбу интервью омма юзини кўргач, орадан икки йил ўтиб, «Саутгемптон» афсонаси Ли Тиссе ҳам ўз автобиографиясида ўйинга қуйидагича тўхталиб ўтади: «Катта эҳтимол билан, бу «Манчестер Юнайтед» тарихидаги энг ёмон баҳона бўлган бўлса керак. Шунчаки, биз уларни биринчи бўлимдаёқ «дабдала» қилиб ташлаган эдик. Улар киритган гол ҳам ўйиннинг сўнгги дақиқаларида урилган ва ўйинга ҳеч қандай таъсир ўтказмаган эди».
Шотландиялик мураббий футболкаларни ахлат қутисига улоқтиргач, “Umbro” компанияси ушбу либоснинг савдосидан кескин зарар кўргани бор гап. Бечора ишлаб чиқарувчилар, вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида ўша даврда 40 еврога баҳоланган футболкаларни 10 евродан сотишга мажбур бўлади. “Umbro” шу йўсинда жамоанинг мухлислари томонидан билдирилган эътирозларни бироз камайтиргани эътиборга молик.
Муаллиф фикри:
Катта эҳтимол билан айёр Фергюсон шу йўсинда учрашувдан сўнг, футболчиларнинг катта босим остида қолиб кетмаслигини таъминлаган бўлса, ажаб эмас. Гап шундаки, ўша мавсум «қизил иблислар» чемпионлик учун кураш олиб бораётган ва сўнгги турларга қадар баҳс давом этиши аниқ эди. Шотландиялик мутахассис томонидан амалга оширилган футболкалар рокировкаси эса, якунда ўз самарасини беради. Шу ўринда Гарри Нэвиллнинг интервьюларидан бирига қисқача тўхталиб ўтсам: «Агар йигитлардан бири ўйинда қўпол хато қилса, сэр Алекс дарров барча қизиқувчан журналистларнинг эътиборини ўзига қаратишга ва журнал муқоваларида пайдо бўлувчи иқтибослар айтишга тиришар эди. Кейинчалик тушуниб етдим. У шу йўсинда бизни босимдан асраган экан».
«Саутгемптон»дан учралган аламли мағлубиятга қарамай, Фергюсон жамоаси чемпионлик пойгасида «Ньюкасл»ни сўнгги учта турда ғалаба қозонганча, қувиб ўтишга муваффақ бўлади. Ҳа айтганча, АПЛ шотландиялик даҳони биринчи бўлимда ўзбошимчалик билан либос алмаштиргани учун 10 минг евро миқдоридаги жаримага тортади. Мураббий эса, ўз автобиографиясида ушбу ўнг минг евро ҳақида қуйидаги сўзларни айтган эди: «Бу 10 минг евро, ҳаётим давомида ишлатган энг зўр пулларим сифатида хотирамда абадий қолади».
Мақола сўнгида қизиқ факт. “Manchester Evening News” нашри томонидан 2013 йилда ўтказилган сўровнома кўра, «қизил иблислар» тарихидаги энг ёмон экипировкаси қайси рангдаги футболкалар эгаллади, деб ўйлайсиз? Пайқаганингиздек, 1996 йилда «кўринмас» лақабини олган “Umbro”нинг кулранг футболкалари!
Яхёхўжа Улуғўжаев
Фикрлар