Сергей Арслонов: "Жанговар ўйин кўрдик"
“Сурхон” – “Олимпик” (1:0) ўртасидаги учрашувдан кейин ғолиб жамоа бош мураббийи Сергей Арслонов матбуот анжуманида қатнашди.
- Барчага хайрли кеч. Жонкуяр мухлисларимизни ғалаба билан алоҳида табриклайман. “Олимпик”ни ташкилотчилиги ва яна бошқа омиллари жиҳатидан кучли шаклланган, шижоатли жамоа эканлигини билардик. Нафақат ёшлардан ташкил топган жамоани, балки унинг мураббийлар штабини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Биринчи таймда ҳам яхши ҳаракат қилдик, деб ўйлайман. Иккинчи бўлимда ҳам кичик имкониятлардан фойдаланишга интилдик. Танаффусдан кейин ўйин сурати бутунлай ўзгариб кетди. Анча жанговар ўйин кўрдик. Учрашув тенг курашлар остида ўтган бўлса-да, хавфли вазиятлар кўпроқ рақиб дарвозаси олдида юз берди. Биз кўзлаган мақсадга эришдик.
- Султонмуродов ва Шамсиев ҳақида фикрларингиз қандай?
- Ҳа у маҳоратли футболчи, афсуски ҳозирги пайтда у жароҳат олган. Шамсиевнинг жароҳати жиддий ва тикланиш жараёни узоқлашиб кетаётганидан хавотир оляпмиз. Султонмуродовда ҳам жароҳат бор, лекин у тез орада тахминан икки хафталарда сафга қайтади, деб ўйлайман
- “Сурхон” ёшларга кўп эътибор қаратди. Клубда олиб борилаётган ушбу сиёсат кейинги йилда ҳам давом этадими?
- Бу мавзусини олдин ҳам айтиб ўтганмиз, молиявий ҳолат қандай бўлишига эътибор бермаймиз. Бу борада жамоамизнинг ўзига яраша сиёсати бор. Яъни, имкон қадар тажрибали ўйинчилар билан ҳамоханг равишда ёшларни тарбиялаш, уларни таркибга қўшиш, клубимизнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Биз тарбиялаётган йигитлар келажакда гранд жамоаларимиз ва хориж жамоаларида ўйнаш учун трамплин вазифасини ўтаб беради. Юқорида таъкидлаганимдек, ёшларга кўпроқ эътибор қаратиш ва тажрибали ўйинчилар ёрдамида маҳоратини ошириш устивор вазифаларимиз қаторига киради.
- Яқинда ПФЛ тоза ўйин вақтини тақдим этди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Агар ритм ҳақида таъкидлайдиган бўлсак, буни турлича тушуниш мумкин. Масалан, тўп майдондан чиқиб кетганида бу ўйин ритмига ёмон таъсир қилади. Қолаверса, ўйин сифатига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Футболчиларимизга ўйинни чўзиш, ритмни тушириш каби тушунчаларни бермаймиз ва ўргатмаймиз. Тезкор ўйинни, тўп майдон ичида бўлишини кўпроқ ўргатамиз. Фалсафамиз майдонда кўпроқ ҳаракат қилиш ва “Сурхон”даги ёшларга ўйнаш учун имконият яратиб бериш ҳисобланади.
- Истиқболдаги режаларингиз қандай?
- Ҳа, режаларимиз бор. Ҳозир бу ҳақда айта олмайман. Сабаби бу клубнинг ички сири, аниқ вазифа ва мақсадлар қўйилган. Мавсум охирига яқин айтиб ўтамиз.
Фикрлар