Серхио Маринангели sports.uz мухбирига:

Куни кеча “Машъал” клуби испаниялик бош мураббий Серхио Маринангелининг истеъфога чиқарилгани хусусида хабар тарқатди. Бу, албатта, барча учун кутилмаган янгилик бўлди.

Жамоада иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган мутахассиснинг қисқа фурсат ичида “Машъал”ни тарк этгани чиндан ҳам ажабланарли бўлди. Серхио Мадридга етиб борганидан кейин sports.uz мухбири у билан алоқага чиқди.

- “Машъал”га катта режа ва лойиҳалар билан келгандингиз. Бироқ, орадан кўп ўтмасдан, у ердан кетишингизни ўйламагандик. Клуб эса, бу борада оилавий шароит туфайли кетганингиз ҳақида хабар берди. Бу ҳақиқатми?

- Асосий сабаб оилавий муаммо бўлди ва бу масалани кечиктира олмасдим. Вазиятдан келиб чиқиб, шундай қарор қабул қилишга мажбур бўлдим. Бу жуда шахсий масалалар юзасидан қабул қилинган қарор ва муаммони ҳал қилиш учун Мадридда бўлишим шарт эди.

- Лекин менинг эшитишимча, жамоанинг ўртоқлик учрашувлардаги мағлубиятлари туфайли раҳбариятнинг сизга ишончи йўқолган экан. Шу тахмин тўғрими?

- Жамоамизда иш жуда ажойиб тарзда кетаётганди, мавсумолди ўйинлари очиқ лабораторияга ўхшайди: у ерда сен барча нарсаларни текшириб олишинг мумкин. Футболчиларни синовдан ўтказиш учун ўртоқлик ўйинлари жуда муҳим. Натижа иккинчи планда. Кимдир менинг кетишимга ўртоқлик ўйинларидаги натижалар сабаб, деб ўйласа, шундай фикр юритишда давом этаверсин. Менда шартнома бор эди ва чемпионат бошланишини интиқлик билан кутаётгандим. Ҳаёт доим сен хоҳлагандек давом этмайди.

серхио5_1

- Кетар чоғингизда клуб раҳбарларига нима дедингиз?

- Мен у билан жуда яқин эдим. Аммо шахсий ҳаёт менинг учун доим профессионал фаолиятимдан устун бўлиб келган. Улар мени тўғри тушунди ва қароримни қўллаб-қувватлади.

- “Машъал” билан шартнома тузилаётганида ўртоқлик ўйинларидаги натижаларга ҳам жиддий эътибор берилиши кўзда тутилганми?

- Биз режалаштирган кўп ишларимизни бажариб улгургандик. Ўртоқлик ўйинларида барчасини текшириб олдик. Агар мавсумолди назорат ўйинларидаги натижалар мураббийларнинг фаолиятига таъсир қилса, у ҳолда бош мураббийларнинг ярми мавсум бошланмай, клубдан кетган бўларди.

серхио4_2

- Шартнома бекор қилингани учун клуб компенсация тўловини қандай ҳал қилдинглар?

- Клуб ва менинг ўртамда молиявий жиҳатлар бўйича келишувга эришилди ва бу борада ҳеч қандай муаммо чиқмайди.

- Айтинг-чи, “Машъал”даги фаолиятингиз давомида қилаётган ишингиздан мамнун эдингизми?

- Менда ушбу вақт мобайнида мен билан бирга меҳнат қилган дўстларимдан иборат жамоа бор эди. Бу лойиҳани биргаликда оёққа турғазаётгандик. Уларнинг амалга оширган ишларидан жуда хурсандман.

серхио3_2

- Бундай ҳолат мураббийлик фаолиятингизда биринчи марта юз бердими ёки олдин ҳам бўлганми?

- Бу ҳаётимда илк маротаба тўқнаш келаётган ҳолатим. Бундай қарорга келиш осон бўлгани йўқ, аммо менимча айнан шу йўл тўғри.

- Энди нима қилмоқчисиз? Режаларингиз қандай?

- Асосий эътиборим оилавий муаммони ҳал этишга қаратилади ва шундан кейин футбол соҳасида ўзимга бирорта иш излаб кўраман. Ўзбекистонда ҳаммаси мени қониқтираётганди. Мамлакатингизни ёқтириб қолгандим. Ўз имкониятларимни ишга солиб, ўзбек футболини ривожлантиришга ёрдам бермоқчи эдим.

серхио2

- “Машъал” жамоасининг бу йилги мавсумдаги имкониятини қандай баҳолаяпсиз? Клуб нимага қодир?

- Жамоа тайёрланишда давом этяпти, яхши футболчилар бор ва уларнинг салоҳияти ўтган мавсумдагидан яхшироқ натижалар қайд этишга етади.

- Зидан билан бир маҳаллада тураман дегандингиз. Агар уни кўрсангиз, салом айтинг!

- Зиданни учратганимда унга сиз ҳақингизда албатта айтаман, аммо интервью беришига амин эмасман. Барчангизга соғлик-омонлик тилайман, исталган пайтда менга ёзишингиз мумкин ва саволларингизга жавоб беришдан мамнун бўламан.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар