Шаҳбоз Эркинов Эрон-Ўзбекистон учрашуви ҳақида: "Шиддатлироқ ўйин кутгандим"

ЖЧ-2026 саралашининг иккинчи босқичи ҳам якунланди. Унинг охирги ўйинида миллий терма жамоамиз Теҳронда Эронга қарши ўйин ўтказди.

Кўрган бўлсангиз, “Озоди” стадионидаги баҳс голсиз дуранг билан якун топди. Шундай қилиб, миллий терма жамоамиз Эрон билан бир хил очко тўплади ва тўплар нисбатига кўра иккинчи ўрин билан 3-босқичга йўл олди.

Жамоамизнинг Теҳрондаги ўйини борасида ўзига яраша фикр ва муносабатларни уйғотгани табиий. Ўз вақтида Эрон чемпионатида тўп сурган тажрибали ҳужумчи, “Андижон” аъзоси Шаҳбоз Эркинов вакилларимизнинг эронликларга қарши учрашувидан кейин таассуротлари ҳақида гапирди.

- Дуранг ўйин мос бўлди, деб ўйлайсизми?

- Албатта, мос бўлди. Ўйин натижаси аҳамият касб этганда умуман бошқача ўйин кўрган бўлардик, менимча. Учрашув темпи ҳам у қадар тезкор бўлмади, иккала жамоада ҳам.

- Терма жамоамиздан қандай ўйин кутгандингиз ва сиз ўйлагандек ўйнадиларми?

- Шиддатлироқ ўйин кутгандим. Лекин ўйин аҳамиятидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, иккала жамоа ҳам у қадар катта шиддат ва хоҳиш билан ўйнашмади. Айтишим мумкинки, бу ҳолатда нормал вазият.

- Ўз вақтида Эрон чемпионатида тўп сургансиз. Уларни яхши биласиз.  Сизнингча, Эрон биз учун ноқулай рақибми ёки...

- Шахсан мен бундай деб ўйламайман. Охирги ўйинларда тенгма-тенг ўйнаяпмиз. Баъзи вазиятларда ҳатто устунроқмиз. Эрон билан бизни фарқимиз, улар бизга нисбатан ҳар бир имкониятдан максимал даражада сиқиб чиқаришга ҳаракат қилишади.

- Учрашувда сиз учун энг яхши футболчи ким?

- Ҳужумда Остон Ўрунови яхши спорт формасида эканлиги кўриниб турди. Ҳимояда Абдуқодир Хусанов тезлигини ҳисобига анча яхши тозалаб турди. Бутун жамоа яхши ўйин кўрсатди.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!