Шаҳбоз Умаров: Мен Россияда эмас, Германияда ўйнашни истайман!
Беларусь чемпионатининг энг яхши футболчиси ва мусобақа тўпурари бўлиб турган Жасур Яхшибоев “Энергетик-БГУ”дан Солигорскнинг “Шахтёр” жамоасига ўтиб кетгач, “талабалар” ўртасида етакчиликни на бир ўзбек футболчиси – Шаҳбоз Умаров ўз қўлига ола бошлади.
Айни пайтда Умаров ҳам сентябрь ойида ёки келаси йилнинг илк кунларида Беларуснинг энг қудратли клубларидан БАТЭга ўтиб кетиши аниқ бўлиб улгурган.
“Энергетик-БГУ” миллий чемпионатнинг навбатдаги турида “Нёман” билан куч синашиб, “Шахтёр” ва “Динамо” каби етакчи клублар амалга ошира олмаган иш – мазкур жамоа дарвозасини ишғол қилди. Голда жамоасига аниқ тўп узатиб берган Шаҳбознинг ҳиссаси катта бўлди. Яна бир қизиқ жиҳати, икки ўзбек футболчиси етакчилигида “талабалар” чемпионатнинг энг кучли жамоаларидан бирортасига ютқазгани йўқ.
Беларуслик журналистлар Шаҳбоз Умаров билан уюштирган суҳбат чоғида ўзбек футболчиси ҳақида қатор қизиқарли маълумотларга эга бўлди.
- “Нёман” билан ўйин қандай бўлди?
- Ўзи ўйин оғир бўлди. Иссиқ бўлгани учун икки баробар қийин кечди. Биринчи бўлимни яхши ўтказдик. Кейин рақиб босимни кучайтирди. Лекин дуранг биз учун яхши натижа, демаган бўлардим. Ютишимиз керак эди.
- Ўйинда оёғинг ва юзингдан зарба единг. Сени алмаштирмоқчи ҳам бўлишди...
- Ҳаммаси жойида. Ўтиб кетди. Оёғимни музлатишди ва яна олдинга босдик. Кейин тишимни тўкиб қўйяй, дейишди. Ҳозирча тишим жойида турибди.
- Нега ғалаба қозона олмаяпсизлар?
- Айтиш мушкул. Балки етакчи футболчиларимиз кетганигадир. Уларсиз жамоа қийналяпти ва ҳали кўникмадик. Тез орада ҳаммаси жойига тушади.
- 1:8 га ютқазган футболчи нималарни ҳис қилади?
- Ҳеч нарса қилгиси келмай қолади. Ҳатто яшагиси келмайди. Уч-тўрт кун шунақа кайфият бўлади. Кейин навбатдаги баҳсга тайёргарлик бошланади. Мураббийлар ҳаммасини унутиб, меҳнат қилиш кераклигини айтишади. Ҳар бир ўтган учрашув бу энди тарих.
- Олмалиқнинг ўзиданмисан?
- Бўка деган мўъжаз шаҳарданман. Тошкент вилоятида жойлашган ва пойтахтга қараганда Олмалиққа яқин. Уч ёшимда оиламиз Олмалиққа кўчиб ўтган. Ота-онам ўша ерда яшаб, ишлашни маъқул кўрган.
- Спортчилар оиласидан экансан-а?
- Отам футболчи. Таянч ярим ҳимоячиси. Собиқ Иттифоқ даврида Бўка жамоасида республика миқёсида тўп сурган. 2004 йилда туғилган укам Олмалиқ футбол мактабида шуғулланади.
- Худди сендекми?
- У пайт бошқача эди. Етти ёшимда ўзимдан уч-тўрт ёш катта болалар билан бирга шуғуллана бошлаганман. “Пахтакор” ўсмирлари билан ўртоқлик учрашувидан кейин уларнинг мураббийи мени чақирди. Мен Тошкентга – Республика олимпия захиралари коллежига кўчиб ўтдим. Ўша ерда Жасур Яхшибоев билан ҳам таҳсил олдик, ҳам интернатда бирга яшадик. Ёшлар ўртасидаги шаҳар биинчилигида “Пахтакор” учун ўйнадик. Тахминан беш йил муқаддам олмалиқлик мураббийлардан бири мени АГМК ўринбосарлари таркибига чақирди. У ерда маълум вақтдан кейин асосий таркибга қўшишди.
- АГМКнинг маъноси нима?
- Олмалиқ кон-металлургия комбинати. Шаҳримиз металлургларники, демак жамоа ҳам. Лекин экология учун у яхши эмас. Ҳаво бироз ифлосланган. Конлар шаҳар чегарасида. У ерга бориб бўлмайди – ёпиқ ҳудуд.
- Сен ҳужумкор ярим ҳимоячимисан ёки ҳужумчи?
- Олмалиқ жамоаси 4-3-3 схемасида ўйнарди. Мен чап қанот ҳужумчиси вазифасини бажарардим. Яхшибоев ўнг қанотда ўйнарди. “Энергетик”да ҳужум марказида бироз қийналдим. Ҳозир кўникиб боряпман. Илгари қанотдан югуриб келиб, рақибларни алдаб ўтишни яхши кўрардим. Ҳозир ҳаммаси умуман бошқача.
- Нега АГМКда кам ўйнагансан?
- Ҳам жароҳатлар бўлган, ҳам мураббийлар билан муносабатда муаммолар бор эди. Баъзан атайин ўринбосарлар сафига жўнатишар эди. Ҳаммаси характерим сабабли.
- 2018 йилда жамоа мамлакат кубогини қўлга киритганда, сенга медаль беришдими?
- Ҳа. “Пахтакор”га қарши финалда захирада эдим. Тақдирлашга ҳамма билан бирга чиқдим. Шундай қилиб, медални ҳам олдим, кубокка ҳам қўлим тегди.
-“Бунёдкор”да Ривалдо ўйнаганини эслайсанми?
- Мен ўшанда 10 ёш эдим. Тошкентда шуғулланардим. Чемпионат ўйинларида машҳур бразилияликка тўп ҳам узатиб берганман. Илгари Ўзбекистонда юлдузлар кўп эди. “Бунёдкор”ни Зико ва Сколари каби юлдузлар бошқарган.
- Чемпионлар лигасида ким ғолиб чиқади?
- “Бавария”, деб ўйлайман. Аслида эса “Барселона” мухлисиман. Бу жамоага чорак финалда айнан немислар тўғри келиб қолди. “Барса” уларга бас келолмаса керак. Ёқтирган футболчим ПСЖда ўйнаётган Неймар.
- Жамоада сени қандай чақиришади?
- Исмимни қисқартириб Шоҳ дейишади. Тўлиқ исмим Шаҳбоз ва билишимча, рус тилига таржима қилинмайди.
- Яхшибоевсиз зерикяпсанми?
- Биз ҳамон бирга яшаяпмиз. Мен кундузи машғулотдан уйга қайтганимда, у Солигорскка кетган бўлади. Шунинг учун фақат кечқурун кўришяпмиз.
- Иккалангиз ҳар хилсиз. У оғир-босиқ, сен эса хушчақчақсан.
- Худди шундай. Жасур билан баъзан зерикиб кетаман. Агар Жасур билан ўзимиз қолсак муаммо бўлмайди. Одамларни олдида эса, кўзга кўринмай қолади. Мен эса ҳазил ва ўйин-кулгуни ёқтираман.
-Минскка келгунча, Беларусь бошқача экани ҳақида ўйлармидинг?
- Мен илгари бу ерга келганман ва мени нима кутаётганини аввалдан билардим. Бир неча йил олдин АГМК билан йиғинга келганмиз. “Минск” клубининг Веснянкадаги базасида бир ой шуғулланганмиз.
- Қайси чемпионат кучлироқ?
- Мендан олдин ҳам сўрашган эди. Айтиш қийин. Ўзбекистонда кўп йиллик грандлар бор. “Пахтакор” ва “Бунёдкор”. Беларусда БАТЭ бўлгани каби. Ўйинчиларимиз Россияга кўчиб ўтиши катта воқеадек қабул қилинади. Жалолиддинов яқинда “Локомотив”га, Ўрунов эса “Спартак” жамоасига ўтди. Шомуродов бир неча йилдан буён “Ростов”да ўйнаяпти. Ўрунов билан Тошкентда интернатда бирга ўқиганмиз. Биз учун Москва жамоаларида ўйнаш обрў ҳисобланади. Ҳамма Россияда ўйнашни истайди. Сизларнинг ўйинчиларингга қараганда, биз осиёликларнинг бунга эришиши қийинроқ. Чунки Беларусь чемпионатига эътибор қаратадиган скаутлар ва агентлар кўп.
- “Энергетик”да қандай пайдо бўлдинг?
- Агент бу ерда Анатолий Юревич деган мураббий борлиги ва унинг ёрдамида умуман бошқа футболчига айлана олишимни айтди. Мен доим тўпни олиб юриш ва рақибни алдашни яхши кўрардим. Анатолий Иванович эса пас бериш ва шериклар билан ҳамоҳанг ўйнашни ўргатяпти. Шунингдек, жисмоний томондан ҳам сезиларли даражада ўсяпман. Олмалиқда мен умуман ортга қайтмасдим. Ҳозир эса жамоага мудофаада ҳам ёрдам беряпман.
- БАТЭ сенга қизиқаётганини биринчи қачон билдинг?
- “Славия” устидан 5:0 га ғалаба қозонганимиздан кейин бўлса керак. Шунақа гап-сўзлар қулоғимга чалинган эди, лекин уларга эътибор бермагандим. Кейин сакин-аста аниқ бўла бошлади. Машғулотларнинг бирига БАТЭ вакиллари ҳам келганди.
- Шундан сўнг, “Борисов-Арена”да бўлажак жамоанг дарвозасига супер гол урдингми?
- Ҳа. Лекин ўшанда БАТЭ ўша гол туфайли мени олмоқчилиги ҳақида гаплар урчиганди. Шартномани ҳақиқатан Борисовдаги ўйиндан кейин имзоладик. Лекин такрор бўлса ҳам айтаман, бу клуб анча аввалдан менга қизиқа бошлаганди.
- Аввал ҳам жарима зарбаларидан гол урармидинг?
- АГМК ўринбосарлари сафида тез-тез урардим. Стандартларни ҳам ижро қилардим. Ҳозир Яхшибоев кетганидан кейин “Энергетик”да ҳам шундай қиляпман.
- БАТЭда захирада қолиб кетсангчи?
- Шундай бўлмаслиги учун меҳнат қиламан ва ўйинга лойиқ эканимни исботлайман. Борисовга кўчиб ўтишдан қўрқмайман. У ерда асосий таркибга кириш учун рақобат кучли. Бу ҳар томонлама яхши. Мен БАТЭ ҳам ҳудди “Энергетик” каби фаолиятимда навбатдаги трамплин бўлишига умид қиламан. Тўғрисини айтсам, ҳамюртларим каби Россия бориш ниятим йўқ. Германияга ўтсам зўр бўларди. Мен немис футболини ёқтираман. Испанияники ҳам ёқади.
- “Энергетик” нимаси билан хотирангда қолади?
- Биринчи навбатда Анатолий Иванович йиғинларда мени роса югуртиргани билан. Айниқса, жамоага мавсум оралиғида келганингда шундай қилса, ноодатий нарса бўларкан. Уйга келиб, эртага машғулотга бормайман, деган пайтларим ҳам бўлган. Тан олиш уятку-я, бир икки марта меҳнатдан қочиб, уйда ётиш учун мазам йўқлигини ҳам баҳона қилганман. Ҳозир эса, бу машғулотлар мен учун анча осон ва кучим етяпти. Шунингдек, жамоамиз ҳам ажойиб ва у хотирамда абадий қолади.
Фикрлар