Шерзод Эсанов: "Бизга ким рақиб бўлишининг фарқи йўқ, фақат ижобий натижа учун курашамиз"

Аргентинада давом этаётган U-20 жаҳон чемпионатида терма жамоамиз ўз олдига қўйган дастлабки вазифани бажарди. Гарчи вакилларимиз мундиални Аргентига қарши учрашувда мағлубият билан бошлаган бўлса-да, Равшан Ҳайдаров шогирдлари ўзларидан ёмон таассурот қолдиришгани йўқ. Натижада кейинги иккита учрашувда бир дуранг ва бир ғалаба билан гуруҳда 2-ўринни эгаллаб кейинги босқич масаласини ҳал қилди.

Янги Зеландияга қарши учрашувда жамоамиз 1:2 ҳисобида ютқазаётган маҳалда Шерзод Эсановнинг қўшимча бўлимнинг охирларида ҳисобни тенглаштириши эвазига бир очко ишладик ва кейинги босқич масаласини сақлаб қолдик. 3-турга келиб Гватемалага жавобсиз иккита гол ура олдик ва ҳақли ғалабани қўлга киритдик.

Вакилларимиз энди 1\8 финалда Исроилга қарши майдонга тушади. Гватемалага қарши учрашувдан кейин терма жамоамиз аъзоси Шерзод Эсанов Sports.uz сайтига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Терма жамоамиз ўта муҳим беллашувда керакли ғалабани қўлга киритди. Учрашувдан аввал ҳаяжон ёки босим бормиди? Ўйинга тайёргарлик қандай эди?

- Олдиндан қийин ўйин бўлишини билардик. Чунки Гватемала терма жамоасида ҳам 3-ўринга имконият бор эди. Худога шукр, муҳими ютиб олдик. Учрашувга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўргандик ва бу ўзини оқлади, деб ўйлайман.

эсанов2

- Сизни терма жамоамиз таркибида 22-рақам остида кўраётгандик. Осиё чемпионатида ҳам шу рақамда ўйнадингиз. Мундиалда эса 11-рақамдасиз. Буни ўзгартириш ташаббуси ўзингиздан чиқдими ёки...

- Рақамни ўзгартириш ФИФА томонидан киритилган қонун бўйича бўлди. Негаки, Осиё чемпионатида заявка 23 та эди. Жаҳон чемпионатида эса заявка 21 та бўлгани сабабли мен 22 ўрнига 11-рақамни олишим керак бўлиб қолди.

- Терма жамоамиз 1\8 финалда ўйнайди. Бунгача қайси рақиб дуч келиши ҳақида кўп айтилди ва Исроил билан беллашадиган бўлдик...

- Кейинги босқичда бизга ким рақиб бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам рақибга қарши яхши тайёрланиб, ижобий натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

эсанов

- Гуруҳдаги учта учрашувдан сўнг термамизнинг салоҳияти янада кўзга ташланяпти. Ортда қолган ўйинлардан сўнг сизларда ҳам иштиёқ ва ишонч янада ортаётгани аниқ. Гуруҳ босқичидан кейин янада кўпроғини кутяпсизлар, шундай эмасми?

- Биз қўлдан келганича Ўзбекистон, она юртимиз учун ҳаракат қиламиз. Бор кучимизни ишга соламиз. Натижа Аллоҳдан, олдиндан ҳеч нима деб бўлмайди.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турабеков Набижон
28/05/2023 20:16
Maqsad sari faqat olgʼa yigitlar
&
Ботир
28/05/2023 19:51
Омад йигитлар