Шевченко ва Саутгейт ҳикояси: Бу сафар ким ғолиб бўлади?
Кеча Европа чемпионатининг сўнгги 1/8 финал учрашувида Украина 120 дақиқадан ортиқ давом этган баҳсда Швеция устидан 2:1 ҳисобида зафар қучди ва мусобақанинг чорак финалига йўлланмани қўлга киритди. Энди Андрей Шевченко бошчилигидаги украиналиклар 3 июль куни Гарут Саутгейт бошқарувидаги Англия терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Кечаги ўйиндан сўнг, Шевченко ва Саутгейтнинг майдондаги қарама-қаршилиги акс этган сурат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Биз эса ушбу сурат қачон ва қайси ўйинга тааллуқли экани ҳақида сўз юритмоқчимиз.
2000 йилнинг май ойида Украина терма жамоаси Англияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказиш учун Лондонга келади. Ушбу ўйиндан олдин терма жамоаларнинг мақсадлари турлича эди. Масалан, инглизлар “Евро-2000”га тайёргарликнинг сўнгги босқичини ўтказаётган бўлса, украиналиклар кузда бошланадиган “ЖЧ-2002” саралаши учун тайёрланаётган эди.
Англия терма жамоаси ушбу ўйинга тўлиқ асосий таркиб футболчилари билан иштирок этмади. Бош мураббий Кевин Киган ушбу ўйин орқали Европа чемпионатидан олдин таркибда айрим тажрибаларни амалга оширишни мақсад қилган эди. Айнан шу сабабга кўра, “Олтин тўп”нинг бўлажак соҳиби Майкл Оуэн ва асосий дарвозабон Дэвид Симэн ҳатто ўйин қайдномасига ҳам киритилмади.
Лобановский эса аксинча, супер жанговар таркибни майдонга туширди. Шевченко, Ребров, Лужний, Вашчук ва Тимошчук. Фақатгина ўша пайтда тиззасидан операция қилинган Шовковскийни ўша ўйинни ўтказиб юборган холос.
Украинларнинг дастлабки икки хавфли вазиятини Шевченко яратган: иккала сафар ҳам Саутгейт билан бирга-бир курашган. Биринчи вазиятда у жарима майдончасига хавфли тарзда узатма амалга оширди, иккинчисида дарвоза томон ўзи зарба берди. Аммо буларнинг ҳеч бири иш бермади. Аммо Шевченко ва Саутгейт қарама-қаршиликларидан бири фотосуратга муҳрланди.
Ўйиннинг 45-дақиқасида Дэвид Бэкхемнинг бурчакдан оширган тўпини Робби Фаулер Украина дарвозасига жойлаб қўйди ва ўйинда ҳисобни очди.
Украиналиклар иккинчи бўлимни янада тетикроқ бошлашди - барчаси Шевченко туфайли. Аввалига Андрей тўпни Тони Адамс ва Сол Кэмпбел ўртасидан ўтказган ҳолда ажойиб зарба берди, аммо бу натижа бермади. Шевченконинг шу кунги дарвоза томон йўллаган энг хавфли зарбаси жаримадан амалга оширилди. Афсуски, "Лидс" дарвозабони Найжел Мартин бу зарбани ҳам қайтаришга эришди.
Кўп ўтмай, инглизлар иккинчи бўлиб гол уришди. Бэкхемнинг яна бир супер пасидан сўнг, тўпни Адамс эгаллаб олди ва Кернозенко қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди.
Шундан сўнг ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади. Шевченко ва Саутгейт ўйиннинг бошидан то охиригача майдонда кураш олиб борди. Ушбу икки афсонанинг мураббий сифатидаги дуэлида кимнинг қўли баланд келишини 3 июль куни кўрамиз.
Фикрлар