Шомуродов буни 834 кун кутди!
Элдор Шомуродов А Сериянинг иккинчи туридан ўрин олган “Рома” ва “Эмполи” учрашувининг 77-дақиқасида захирадан майдонга тушиб, уч дақиқа ичида Рим қаҳрамонига айланди.
29 ёшли ҳужумчи ҳаводан узатилган тўпга баланд сакраб, боши билан меҳмонлар дарвозасини ишғол қилди. Киритилган тўп “Рома”нинг янги мавсумдаги биринчи ва ҳозирча ягона голи бўлиб турибди.
- “Рома” ва “Эмполи” баҳсининг охирида Элдор Шомуродов кутилмаганда майдонда пайдо бўлди ва гол уриб, мезбонларни яна курашга қайтарди. Унинг голи римликларда мағлубиятдан қутилиб қолиш умидини уйғотди.
Ўзбек ҳужумчиси “Рома” сафида А Серияда 834 кунлик танаффусдан кейин тўп киритмоқда. У охириги голини 2022 йилнинг 14 майида “Венеция”дарвозасига урган эди, - деб ёзмоқда нуфузли нашрлардан бири Corriere dello Sport.
Sports.uz портали Элдор Шомуродовнинг навбатдаги муваффақиятини инобатга олган 29 ёшли форварднинг А сериядаги голларини қайси жамоаларга ургани ҳақидаги маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
Маълумки, Элдор Шомуродов Италиядаги фаолиятини 2020 йилнинг октябрида ушбу мамлакатнинг энг қадимий жамоаси “Женоа”да бошлаган. Легионеримиз дебют мавсумида Генуя шаҳри клуби сафида саккизта гол урган.
Элдор биринчи голини 2020 йилнинг 30 ноябрида “Парма” дарвозасига киритди. Кейинчалик “Сассуоло”, “Верона”, “Специя”, “Лацио”, “Кальяри”га биттадан, “Аталанта” билан бўлган баҳсда иккита гол урди.
Бу голлар уни “Рома”га етаклади. “Бўрилар” сафида Жозе Моуриньо ҳужумчининг ўйин вақтини қисқартирди. Учрашувларда бир неча дақиқадан ўйнаган Элдорнинг самарадорлиги пасайди. Ҳамюртимиз Рим клуби футболчиси сифатида “Венеция” дарвозасини иккита учрашувда бир маротабадан ишғол қилган, яна бир зарбаси “Сампдория” тўридан жой олган.
“Эмполи”га киритилган тўп Шомуродов учун “Рома” сафида Италия чемпионатидаги тўртинчи гол сифатида қайд этилган.
Тажрибали легионеримиз “Специя”да ўтказган ярим мавсум давомида фақат бир маротаба ўйин қаҳрамони бўлди. Элдор “Салернитана”га қарши баҳсда машғур дарвозабон Гильермо Очоага супергол урди.
Ўтган мавсумда “Кальяри”да ижарада ўйнаган ҳамюртимиз яна “Салернитана”ни қақшатди. Элдор бу гал мексикалик голкипер Очоани ўз ортидан иккита тўп олиб чиқишга мажбур қилди. Мавсумдаги учинчи голини амалдаги ва бўлажак чемпион “Интер” дарвозасига жойлади.
Шу тариқа, Элдор А Серияда 103 та учрашувдаги голлари сонини 16 тага етказиб олди. Унинг ҳисобида 9 та ассист ҳам бор.
Бундан ташқари, легионеримиз “Рома” сафида Италия кубогида “Лечче”га, УЕФА Конференциялар лигаси саралаш турнирида Туркиянинг “Трабзонспор” жамоасига ва Европа лигасида Болгариянинг “Лудогорец” клубига биттадан гол уришига муваффақ бўлган.
Элдор Шомуродов Италиядаги фаолияти давомида битта соврин – Конференциялар лигаси кубогини қўлга киритган.
Гол Шомуродовнинг келажагига қандай таъсир қилади? Элдор фаолиятини қайси жамоада давом эттиради?
Супергол уриб, сенсация кўтарган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Абдуқодир Ҳусанов энди Грецияда ўйнайди!
Фикрлар