
Шомуродов Довбикни “синдирди”!
“Рома” клуби хўжайинларининг энг катта орзуси ўз жамоасини Европа Чемпионлар лигасида кўриш. Клубга эгалик қилувчи Фридкинлар оиласи 2021 йили ана шу мақсадга эришиш учун бош мураббийликка Жозе Моуриньони олиб келганди.
Машҳур мутахассис уч йил давом этган уринишларга қарамай, бу вазифани уддалай олмади ва жамоани қитъанинг энг нуфузли мусобақага олиб чиқолмаганини “Мен сеҳргар Гарри Поттер эмасман”, деган гап билан изоҳлади.
Жорий мавсум бошида инқирозга юз тутган “Рома”ни қутқариш учун мураббийлик фаолиятини қайта тиклашга кўнган Клаудио Раньери Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашадиган жамоани катта трансферларсиз, Гарри Поттернинг сеҳрли таёқчасиз ҳам уддалаш мумкинлигини намойиш қилмоқда.
73 ёшли мураббий клуб раҳбарлари ва аввалги мураббийлар штабига керак бўлмай қолган икки футболчи – Матиас Суле ва Элдор Шомуродовни мавсумнинг ҳал қилувчи палласида жамоанинг асосий қаҳрамонларига айлантира олгани ҳаммани ҳайратга солмоқда.
“Рома”нинг асосий юлдузи – жаҳон чемпиони Пауло Дибала жароҳат туфайли узоқ муддатга сафдан чиққани ҳамда асосий тўпурар Артём Довбик формасини йўқотганини рўкач қилган аксарият мутахассислар “бўрилар”нинг мағлубиятсиз серияси барҳам топишини кутган эди. Аксинча, мана шундай мураккаб паллада айнан Элдор Шомуродов ва Матиас Суленинг катта саҳнага чиқиши римликларнинг муваффақиятли юришлари давомийлигини таъминламоқда.
Ёзда ўша даврдаги бош мураббий Даниэле де Росси таклифи билан Римга келган Матиас Суле асосий таркибдан жой олгунича анча қийналди. Клаудио Раньери унга жамоа келажаги эканини сингдира олгани вазиятни тубдан ўзгартирди.
Аргентиналик истеъдод эгаси кейинги пайтда ҳамюрти Дибаланинг йўқлигини билинтирмаяпти. Охирги тўққизта ўйинни илк дақиқалардан бошлаган Суле ўзи учта гол урди ва Элдор Шомуродовга иккита голли пас узатди.
Эътибор беринг, Клаудио Раньери Суле ва Шомуродов тандемини ташкил қилди ва айнан мана шу дуэт самара келтирмоқда.
Шомуродов шу мавсумнинг ўзида икки бор нарсаларини йиғиштириб, кетишга чоғланган эди. Клаудио Раньери ўзбек футболчиси Италияга келган 2020 йилдаёқ, унинг “Женоа”даги ўйинларига эътибор қаратганди. Ўтган йили “Кальяри”ни юқори дивизионда олиб қолишда Шомуродов Раньерига ёрдамлашиб юборди.
Айнан Раньери Элдорнинг салоҳиятига умуман шубҳа билдиргани йўқ. Италиялик мураббий “Шомуродовни яхши кўраман, чунки у доим борини бериб ўйнайди”, деб мақтаган эди. Шомуродов “Рома”даги энг ёрқин ўйинларини Раньери қўл остида кўрсатмоқда. Жорий мавсумнинг ўзида еттита гол ва учта ассист муаллифи бўлди.
Матиас Суле Пауло Дибаланинг сафдан чиқиши эвазига асосий таркибдан жой олган бўлса, Элдор Шомуродов ўз меҳнати билан “Римда Артём Довбик асосий ҳужумчи”, деган тушунчани синдирди. Бош мураббий Раньери украиналик ҳужумчи кўпроқ гол урганига қарамай, ундан худди Шомуродов каби жамоа учун ўйнашини талаб қила бошлади.
Экспертлар Шомуродов ва Суле тандеми охирги олтита турда биргаликда тўртта гол ва битта ассист қайд этди. Тўрттала гол римликлар учун муҳим очколарни келтирди. Хусусан, аргентиналик ҳужумкор футболчининг икки голи “Эмполи” ва “Лацио” устидан ғалабани таъминлади. Ўзбек форварди “Ювентус” билан ўйинда жамоасини мағлубиятдан қутқарди, “Верона” дарвозасини ишғол қилиб, “бўрилар”га уч очко келтирди.
Энди олдинда “Рома”ни чемпионлик учун курашаётган “Интер” майдонидаги ўйин кутиб турибди. Элдор Шомуродов ўтган мавсумда “Кальяри” сафида миланлик мухлислар кўз ўнгида “Интер” дарвозасини ишғол қилиб, мезбонларнинг ғолиб чиқишига йўл қўймаган эди. Клаудио Раньери бу галги баҳсда ҳам олдинги чизиқда Шомуродов ва Суле хизматидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
А Сериянинг 34-туридан ўрин олган “Интер” ва “Рома” жамоалари ўртасидаги беллашув 27 апрель куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади.
Файзуллаев “йўқолиб” қолди!
Шомуродов бир гол билан “Рома”нинг мавсум рекордини ўрнатди. Навбат тарихий рекордга!
Фикрлар