Шомуродов, гол урмасанг шунақа бўлади! Элдорга кутилмаган рақобатчи чиқиб қолди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Туркия Суперлигаси дебютанти "Амедспор" ва "Истанбул Башакшеҳир" жамоалари Туркия чемпионати 2026/27 йилги мавсуми 5-тур доирасида ўзаро тўқнаш келди. 

Учрашув мезбонлар йирик ғалабаси билан якунланди — 5:0. Биринчи бўлим охирида, 45+1-дақиқада Эмин Байрам ўз дарвозасига гол уриб қўйди ва "Амедспор" ҳисобда олдинга чиқди.

Аслида "Башакшеҳир" мухлислари ўйиннинг иккинчи ярмида чемпионат бошланганидан бери қаторасига тўртта учрашувда гол урган Элдор Шомуродовни катта саҳнага чиқишини кутганди. 

Бироқ танаффусдан сўнг майдон эгалари устунлиги янада ошди. 51-дақиқада Гифт Орбан ҳисобни 2:0 қилди, орадан тўрт дақиқа ўтиб эса нигериялик ҳужумчи иккинчи голини урди. 74-дақиқада Орбан яна бир бор аниқ зарба йўллаб, учинчи голини урди ва хет-трикка эришди. 83-дақиқада Мбайе Дианье меҳмонлар дарвозасини ишғол қилиб, учрашувдаги якуний ҳисобни ўрнатди.

"Истанбул Башакшеҳир" таркибида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев асосий таркибда майдонга тушишди. Файзуллаев 63-дақиқада, Шомуродов эса 82-дақиқада захирага олинди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсумда Элдор Шомуродов чемпионат тўпурарлар пойгасида "Трабзонспор"нинг нигериялик легионери Поль Онуачу билан мавсум охиригача кураш олиб бориб, якунда ҳар икки форвард 22 тадан гол билан "Олтин бутса" сохибига айланган эди.

Қизиқ томони шундаки, янги чемпионатда 31 ёшли ўзбек ҳужумчиси бу гал икки нафар нигериялик тўпурар билан рақобатлашишига тўғри келмоқда. Туркия чемпионатида анча тажриба тўплаган "Галатасарой" юлдузи Виктор Осимхеннинг олтита тўп билан тўпурарлар пойгасида биринчи ўринга кўтарилиб олгани одатий ҳол сифатида қабул қилинган эди.

Машҳур юлдузни чемпионат бошидан бери тўрттадан тўп киритган Элдор Шомуродов, Муҳаммад Салоҳ, Душан Влахович сингари топ-лигаларида маҳорат оширган тажрибали чарм тўп усталари таъқиб қилаётган эди. Бу турда таъқибчиларнинг ҳолати ўзгаргани йўқ. Узлуксиз серия қайд этган Шомуродовнинг самарали ҳаракатлари ҳам бешинчи турга келиб тўхтади.

Аммо бу турда "Башакшеҳир"ни тиз чўктирган Гифт Орбан мухдису мутахассислар эътиборини қозонди. Илгари Франция, Германия ва Италия клубларида ўзини синаб кўрган нигериялик форвард бу йилдан "Амедспор"нинг ҳақиқий юлдузига айланди. Шомуродов ва Файзуллаев жамоаси дарвозасини уч марта ишғол қилган футболчи чемпионатдаги голлари сонини олтитага етказиб, ҳамюрти Виктор Осимхенга тенглашиб олди. 

Бу ёғига Элдор Шомуродов лига тўпурари мақомини сақлаб қолмоқчи бўлса, мунтазам ва кўпроқ гол уришига тўғри келади. Чунки рақобатчилар бу борада анча самарали ҳаракат қила бошлади.

"Истанбул Башакшеҳир" футболчилари кетма-кет тўртта турда очко йўқотганидан кейин, навбатдаги учрашувни ўз майдонида "Генчлербирлиги" жамоасига қарши ўтказади. Бу баҳс 20 сентябрь куни бўлиб ўтади.  

Легионеримизни танқид қилишди! Мағлубият жуда аламли бўлди

Чемпионлар лигаси учун “Нефтчи” анча шов-шув кўтарган бразилиялик футболчини олиб келди

Беҳруз Каримов ўйнаган учрашувда жамоаси шов-шувли натижа қайд этди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!