Шомуродов олдида янги синов, балки энди иши юришар?
“Рома” 20 январь куни жорий мавсумдаги учинчи турнир – Италия кубогидаги юришини бошлайди. Аслида Жозе Моуриньо жамоаси олдига ушбу мусобақа бош совринини қўлга киритиш ҳам қўйилган.
А Серияда римликларнинг ишлари кутилганидек кетмаяпти. Жамоа кучли тўртликдан сезиларли даражада орқада қолган ва катта эътимол билан бу гал Чемпионлар лигасига чиқа олмайди. Улар мавсум охирига қадар Европа Лигасига йўлланма берадиган бешинчи ва олтинчи ўринлар учун курашадиган кўринади.
Конференциялар лигасидаги эҳтимолий ғалаба ҳам УЕФАнинг учинчи даражали турниридаги соврин ва Европа лигасига йўлланма беради холос.
Италияликлар учун мамлакат кубогининг қадри баланд. “Рома” бу мусобақада катта тарихга эга. Айтганча, бу йил ушбу ажойиб турнир бошланганига роппа-роса 100 йил бўлди. Анъанага кўра, 1922 йилдан бери ўтказилаётган ушбу мусобақа бош совринини 10 маротаба қўлга киритган клуб ўз формасига кумуш юлдуз эмблемасини тиктириб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳозирча, буни фақат бир жамоа – “Ювентус” уддалаган. Амалдаги ғолиб - туринликлар ҳисобида 14 та кубок бор.
Энг аҳамиятли жиҳати, “Рома” ўз тарихи давомида тўққиз марта бош совринни ўзини қилди. Бу йилги юбилей турнирда ғолиб чиқса, худди “Ювентус” сингари ўз формасига битта кумуш юлдуз ёпиштириб олади.
“Рома” 1964, 1969, 1980, 1981, 1984, 1986, 1991, 2007, 2008 йилларда бош совринни қўлга киритган ва яна саккиз марта финал учрашувини бой берган. Янги асрда пойтахт клуби етти маротаба финалда ўйнагани Римнинг ашаддий мухлислари қалбида бу гал ҳам жамоа муваффақиятга эришишга қодир, деган ишончни мустаҳкамланишига сабаб бўлмоқда.
“Рома” Италия кубогини нимчорак финалдан бошлайди. Жозе Моуриньо шогирдлари “Олимпико”да В Серия вакили “Лечче” билан тўқнаш келади.
“Лечче” жорий мавсумда А Серияга қайтишга ҳаракат қилмоқда ва ҳозирча, ўз мақсадига етишга яқин турибди. Бу жамоа барча турнирлардаги охирги 19 та учрашувда атиги бир марта мағлуб бўлди. Шунда ҳам улар В Серия пешқадами “Пиза”га кичик ҳисобда ютқазди.
Италия кубогини саралаш раундидан бошлаган “Лечче” дастлабки уринишда “Парма” устидан сафарда 3:1 ҳисобида зафар қучди. Нимчорак финал йўлланмаси учун бўлган кейинги босқичда “Лечча” А Серия вакили “Специя” майдонидан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди.
“Рома”да эса айни пайтда бурилиш нуқтасида турибди. Жамоа А Серияда кетма-кет очко йўқотишлар – битта дуранг ва иккита мағлубиятдан сўнг, аутсайдерлардан ҳисобланган “Кальяри”ни базўр ютди. Гол ҳам пенальтидан киритилди.
Жозе Моуриньо шогирдлари А Сериядаги муваффақиятсизликларни Италия кубогидаги ғалабалар билан компенсация қилишга тайёр.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Одатда, кубок ўйинчиларида мураббийлар асосий таркибга кира олмаётган ўйинчиларни синаб кўради. Шу маънода, биз Элдор Шомуродов ҳеч бўлмаганда ушбу турнирда ўз имкониятига эга бўлишини кутамиз. А Серияда Жозе Моуриньо ҳар қандай вазиятда қимматбаҳо юлдуз Тэмми Абрахамга беради. Иккинчи ҳужумчи вазифасини Африка Миллатлари кубоги мусобақасида терма жамоаси шарафини ҳимоя қилишдан кўра, Римда қолгани билан Моуриньо эътиборини тортган Феликс Афена-Гьян бажармоқда. Шомуродов эса, аввалгидек бир неча дақиқа ўйнаяпти холос.
Бундан ташқари, Италия кубоги легионеримиз учун омадли турнир ҳисобланади. Элдор бу мусобақа доирасида фақат битта ўйин ўтказган. Италиядаги дастлабки самарали ҳаракатини 2020 йилиннг кузида “Женоа” сафида “Сампдория”га қарши кубог ўйинида амалга оширганди. Эсингизда бўлса, ҳисобда ортда бораётган “Женоа” Элдорнинг голли пасидан фойдаланиб, мағлубиятни ғалабага айлантирган эди.
Ана шу омилларни инобатга олиб, Жозе Моуриньо “Лечче”га қарши учрашувда Шомуродовга имкон беришига ва Элдор самарадор ҳаракатлари билан ишончни оқлашига умид қилиб қоламиз.
Фикрлар