“Ювентус” “Рома” ҳужумидан футболчи олади. У ким экан?
“Рома” ҳужумкор футболиси Николо Дзаньоло “Ювентус” нишонига тушди. Туринликлар аргентиналик ҳужумчи Пауло Дибала ўрнига италиялик юлдузни олиб келмоқчи.
Гап шундаки, клуб ва Дибала ўртасида янги шартнома бўйича келишув анчадан бери давом этади. Яқинда улар ўзаро келишиб олгандек бўлганди. Бироқ, “Ювентус” хўжайинлари маош масаласини қайта кўриб чиқишга қарор қилганидан кейин Дибала шартномани қабул қилмайдиган бўлди.
Аввалга Криштиану Роналду соясида қолиб кетгани таъкидланган Паулу португалиялик тўпурар кетганидан кейин ҳам у қайд этган кўрсаткичларни такрорлай олмади. Ҳозир Турин клуби ҳужум чизиғини кучайтирадиган ўйинчиларга эҳтиёж сезмоқда.
22 ёшли Николо Дзаньоло анчадан бери А Серия грандларини қизиқтириб келади. Унинг “бўрилар” билан шартномаси 2024 йилнинг ёзигача тузилган. Рим клуби ҳам истеъдодли тарбияланувчисига янги битим беришни мақсад қилган.
Дзаньолонинг ўзи юқори ўринлар учун курашадиган жамоаларда ўйнашни истаяпти. “Рома” бундай клубга айланиши учун ҳали анча вақт керак экани кўриниб қолди. Николо жорий мавсумда А Серия ва Конференциялар лигасида жами 24 та учрашувда қатнашиб, учтадан гол ва голли узатма муаллифи бўлди.
Унинг трансфер суммаси 33 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Ювентус” ўтган йили январда ва ёзги трансферлар мавсумида Элдор Шомуродовга ҳам қизиқиш билдирган эди.
Моуриньога “Бавария” ўйинчиси керак
Foot Mercato нашрининг хабар беришича, “Бавария” ҳимоячиси Буна Саррнинг харидорлари сафи кенгайиб бормоқда.
Сенегаллик тажрибали футболчига “Рома” скаутлари ҳам эътибор қаратган. Жозе Моуриньо Рим клубига катта жамоалар “нонини еган” футболчиларни олиб келишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Бавария” Буна Саррни 2020 йили “Марсель”дан трансфер қилиб, 2024 йилнинг ярмигача битим тузган эди. 29 ёшли футболчи жорий мавсумда жами ўн маротаба майдонга тушиб, битта гол уришга ҳам эришди.
Буна Саррга “Рома”дан ташқари “Бордо”, “Лилль” ва “Женоа” каби жамоалар таклиф билан чиққани айтилмоқда. Унинг трансфер суммаси кескин пасайиб кетган ва ҳозир 3 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Сардор текширувдан ўтказилди
“Рома” сардори Лоренцо Пеллегрини жароҳатидан тикланиб, “Кальяри”га қарши учрашувда иштирок этиши кутилганди. Бироқ ўйинолди машғулотида у яна шифокорлар ёрдамига муҳтож бўлиб қолди.
25 ёшли футболчи жароҳат олган оёғида оғриқ сезган ва машғулотларни тўхтатган. Табиийки, ўйинда ҳам қатнашмади.
Лоренцо чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Мутахассислар у машқ қилишни вақтида тўхтатганини таъкидламоқда. Унда янги жароҳат аниқланмаган. Уни аввалги жароҳатидан қолган чандиқда шамоллаш жараёни кетаётгани боис, оғриқ безовта қилган.
Энди Пеллегрини яна бир неча кун тиббий муолажа олиши талаб этилади.
Моуриньо “Рома”да қоладиган бўлди
Бош мураббий Рафаэль Бенитесга жавоб бериб юборган “Эвертон” бу лавозимга номзодлар орасига Жозе Моуриньони ҳам қўшгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.
Corriere dello Sport нашрининг ёзишича, Жозе Моуриньо вазият чигаллашиб кетмасидан ливерпулликларга рад жавобини берган.
Португалиялик мутахассис айни пайтда бор эътиборини “Рома”нинг уч йиллик лойиҳасини амалга оширишга қаратган. Унинг олдига жамоани гранд клублар қаторига қўшиб, Европа Чемпионлар лигасида мунтазам иштирок этиши ва совринли ўринлар учун курашишини таъминлаш вазифаси қўйилган.
Аввалроқ, Жозе Моуриньога “Ньюкасл” ҳам таклиф билан чиқиб, уни Англияга қайтишга кўндира олмаган эди.
Фикрлар