Шомуродов тўпурарлар пойгасида: Рақиблар ким, ҳужумчимиз нечани ўринда бормоқда?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Туркия футболини ҳам забт эта бошлади. “Истанбул Башакшеҳир” ёзги трансферлар даврида ўзбек ҳужумчисини танлаб адашмагани намоён бўлмоқда.
Маълумки, истанбулликлар 30 ёшли ўзбек ҳужумчини “Рома”дан кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан бир мавсумга ижарага олган эди. Ижара пули 3 миллион еврони ташкил қилди. Ёзда “Башакшеҳир” яна 2,7 миллион евро тўлаб, Шомуродовнинг шартномасини тўлиқ сотиб олиши мумкин.
Элдор Шомуродов 2020 йили Россия чемпионатидан Италия А Сериясига кўчиб ўтганидан кейин, “Женоа”, “Специя”, “Кальяри” ва “Рома” клубларида ўйнаган даврда чемпионат тўпурарлари пойгасида иштирок эта олмади.
Туркияга келганидан кейин Элдорнинг иштаҳаси очилиб кетди. “Истанбул Башакшеҳир”нинг ўйини ва қайд этаётган натижаларига эътибор берсак, бу кўп гол ура оладиган жамоа эмас. Мавсум бошидаёқ бош мураббийни алмаштиришга тўғри келган “Истанбул Башакшеҳир” ўнинчи тургача атиги еттита тўп киритди. Шуларнинг ярмидан кўпи Элдорнинг ҳиссасига тўғри келади.
Шомуродов Суперлиганинг ўнинчи турида “Антальяспор” майдонидаги учрашувда ҳам ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Легионеримиз 22-дақиқада жамоадоши узатган тўпни бир уринишда “Антальяспор” дарвозасига жойлаб қўйди.
Ўйиннинг қолган дақиқаларида Нуну Да Коста бир жуфт гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга олиб келди.
Муҳим учрашувга нуқта қўйиш барибир Элдорга насиб қилди. Ҳамюртимиз 88-дақиқада жамоадоши Амин Арит узатган тўпни яна дарвозага жойлади. Элдордан дубль, ҳисоб – 4:0.
Ҳозиргача якунланган ўйинлар натижасидан кейин Элдор Шомуродов голлари сонини олтитага етказиб олди ва Туркия чемпионати тўпурарлари баҳсида иккинчи ўринга кўтарилди.
Тўпурарлар баҳсида “Трабзонспор” вакили Пол Онуачу еттита тўп билан пешқадамлик қилмоқда. Ўз даврда “Саутгемптон”да ўйнаб, Англия футболи тажрибасини ўзлаштирган нигериялик ҳужумчи чемпионат бошидан бери мунтазам тўп киритиб келяпти.
Онуачуни таъқиб қилаётган Элдор Шомуродов тўпурарлар пойгасида “Трабзонспор”нинг иккинчи вакили Фелипе Аугусто, “Бешиктош” ҳужумчиси Рафа Силва ва “Галатасарой” юлдузи Мауро Икардидан ўзиб кетди. Уларнинг бари бештадан голга муаллифлик қилган.
Бразилиялик легионер Аугусто кейинги тўртта учрашувда биттадан тўп киритиб, барқарорлик намойиш қиляпти. “Бенфика”дан олиб келинган Рафа Силва эса, “Бешиктош” таркибида октябрь ойидаги тўртта ўйинда ҳали бирорта тўп киритмади.
“Галатасарой” шарафини ҳимоя қилиб келаётган аргентиналик машҳур юлдуз Мауро Икарди ҳам бешта голининг барини август ва сентябрь ойидаги ўйинларда киритган.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовга Туркия Суперлигаси “Олтин бутса”си учун курашиш осон бўлмайди. Чунки унинг рақобатчилари мунтазам кўп гол урадиган ҳужумкор ўйин намойиш қилувчи жамоаларда тўп тепяпти. Хусусан, “Башакшеҳир”нинг жорий чемпионатда киритган тўплари сони энди ўнтадан ўтди.
Тўпурарлар курашида етакчилик қилаётган бошқа ҳужумлар ўйнаётган “Галатасарой”, “Трабзонспор” ва “Бешиктош” энг кўп гол ураётган жамоалар ҳисобланади.
Туркия чемпионатининг ўнинчи тур баҳлари ҳали давом этмоқда ва 27 октябрь оқшомида якунланади. Бу мақоладаги маълумотлар ҳали ўзгариши табиий. Бироқ Элдор Шомуродов мавсум давомида тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб, чемпионат охиригача тўпурарлар пойгасининг юқори қисмида бўлишига умид қиламиз.
Кутилмаган бурилиш: Ҳусанов жиддий синовдан ўтяпти
Ҳусанов ҳақидаги хушхабарга қандай реакция бўлди?
Ҳусанов ҳақида сўнгги маълумот!
Мбаппе Шомуродовнинг ўйинларини кузатяптими?
“Манчестер Сити”нинг Ҳусанов бўйича якуний қарори маълум бўлди



Комментарии